11 июнь куни Шавкат Мирзиёев балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда дунёда аквакультура ривожланиб, илк бор сунъий равишда етиштирилган балиқ ҳажми табиий сув ҳавзаларида овланган миқдордан ошиб кетган.
Расмийлар маълумотига кўра, Ўзбекистон сув ресурслари чекланганига қарамай, Марказий Осиёда балиқ етиштириш бўйича етакчи ўринда туради — 2025 йилда мамлакатда 206 минг тонна балиқ етиштирилган. Бироқ аҳоли сони ўсиши билан оқсилли маҳсулотларга бўлган талаб ҳам ортмоқда.
Интенсив технологиялар ва янги ижара тизими
Бугунги кунда республикада интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизидан ошмаяпти. Ваҳолонки, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинса, маҳсулот ҳажмини 5 бараваргача ошириш мумкин.
Шу боис, давлат раҳбари анъанавий кўл балиқчилигидан сувни тежайдиган ва қайта айлантирадиган интенсив технологияларга ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Тақдимотга кўра, 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонларини ижарага беришнинг янги, шаффоф тизими жорий этилади. Интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларига ҳар йили зарур миқдорда сув етказиб берилиши кафолатланади.
Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш
Соҳага янги технологияларни жалб қилиш учун давлат томонидан бир қатор имтиёз ва субсидиялар ажратилиши режалаштирилмоқда:
- ёпиқ сув айланиш тизимини ўрнатиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
- наслли она балиқларни импорт қилиш ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш учун субсидиялар ажратилади;
- айланма маблағ учун олинадиган имтиёзли кредитларнинг фоиз харажатлари қисман компенсация қилинади.
Ушбу чора-тадбирлар эвазига келаси йилда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш вазифаси қўйилди.
Илм-фан, кадрлар ва тоғолди балиқчилиги
Шавкат Мирзиёев тақдимотда карп, лаққа, форель ва осётр каби балиқ турларининг наслини яхшилаш, уларни маҳаллий иқлимга мослаштириш зарурлигини айтди. Келгуси йилдан бошлаб тоғолди ҳудудларида форель ва осётр етиштириш қувватлари яратилади.
Хусусан, Оҳангарон дарёси бўйида Балиқчилик илмий-тадқиқот институти учун тажриба-синов майдони ташкил этилади. Миллий карп зотини яратиш учун хорижий грантлар жалб қилинади. Тошкент давлат аграр университетида Астрахан давлат техника университети (Россия) ва Далян океан университети (Хитой) билан ҳамкорликда қўшма факультет очиш таклифи кўриб чиқилди.
Сунъий интеллект ёрдамида рақамлаштирилади
Тармоқда шаффофликни таъминлаш мақсадида сувдан фойдаланиш, ер майдонлари, ноқонуний ов, солиқлар ва овланган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона электрон платформа яратилади. Соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали харажатларни қисқартириш ва маҳсулдорликни ошириш кўзда тутилган.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга аҳоли дастурхонига арзон ва сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан аниқ топшириқлар берди.