• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда навбатдаги солиқ ислоҳоти қандай бўлиши мумкин? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Сўнгги йилларда Ўзбекистон солиқ юкини босқичма-босқич камайтириб, солиқ маъмурчилигини соддалаштириб борди. ҚҚС ва дивиденд солиғи ставкалари сезиларли даражада пасайтирилди, давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди, ҚҚСни қайтариш механизми такомиллаштирилди. Бу қадамлар иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланди.

Бироқ бунга параллел равишда тизимнинг бошқа бир қисми — солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам сақланиб қолди ва кенгайтирилди. Мутахассис Бехзодхон Алихонов Gazeta учун ёзган мақоласида нима учун асосий масала бюджет қанча маблағ йўқотаётганида эмас, балки бу имтиёзлар қайси соҳаларга ажратилаётгани, қай даражада самарадорлиги, компанияларнинг хулқ-атворига қандай таъсир кўрсатиши ва нима сабабдан бундай истиснолар тизими умумий қоидалар асосида ишлаётганлар учун «яширин солиқ»қа айланиб қолаётгани ҳақида сўз юритади.

Имтиёзларнинг кўлами

Ўзбекистонда де-факто иккита солиқ тизими шаклланиб қолган. Биринчиси — стандарт солиқ ставкаларига асосланган тизим. Иккинчиси — имтиёзли тизим бўлиб, у солиқлардан озод этиш, пасайтирилган ставкалар, махсус режимлар, божхона тўловлари бўйича истиснолар, шунингдек, алоҳида тармоқлар ва ҳудудлар учун қабул қилинган қарорларни ўз ичига олади. Махсус режимлар ва истисноларнинг кўлами шу қадар кенгайиб кетдики, улар эндиликда рақобат муҳитига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Солиқ қўмитаси реестри маълумотларига кўра, 2025 йилда 155 854 та компания 119,1 трлн сўмлик солиқ имтиёзларини олган. Божхона имтиёзлари билан бирга преференцияларнинг умумий ҳажми 178,2 трлн сўмга етади — ЯИМнинг 9,6 фоизи ёки солиқ ва божхона тушумларининг 49 фоизи ва бу юқори кўрсаткич ҳисобланади. Реестрда имтиёзлар бўйича 732 та низом рўйхатга олинган (2025 йил якунига кўра уларнинг сони 691 та бўлган).

Ўйин қоидалари юзлаб истиснолардан иборат бўлса, бизнесда нафақат маҳсулдорликни, маҳсулот сифатини, экспорт ва технологикликни ошириш, балки фаолият турини оптималлаштириш ҳамда махсус режимлардан фойдаланишга интилиш учун рағбат пайдо бўлади.Шу тариқа айримларни қўллаб-қувватлаш чоралари бошқалар учун рақобатга қўйилган яширин солиққа айланади.

Имтиёзларнинг камчиликлари анча вақтдан бери кўпчилик томонидан гапириб келинади. Бироқ муаммо кўламини англаш учун Солиқ қўмитаси реестри маълумотларини ўрганиш муҳим: преференцияларнинг энг йирик компаниялар қўлида юқори даражада концентрациялашгани, нормаларнинг деярли ярми Солиқ кодексидан ташқарида экани, шунингдек, йил давомида божхона имтиёзлари 1,4 баробар ошгани шулар жумласидандир.

Бу нафақат бюджет, балки «тенг ўйин қоидалари» масаласи

Солиқ имтиёзлари тўғрисидаги баҳслар кўпинча бюджетга қанча камроқ тушум бўлгани ва яна қанча йиғиши мумкинлиги нуқтаи назаридан юритилади. Ваҳоланки, бу ўринда имтиёзлар қийматининг иқтисодиёт иштирокчилари ва бюджет ўртасида қандай тақсимланиши ҳам муҳим масала.

Агар бир компания стандарт ставка бўйича ишласа-ю, унинг рақобатчиси солиқдан озод этилса, бозордаги муваффақиятни самарадорлик ва нарх билан бир қаторда солиқ мақоми ҳам белгилай бошлайди. Масалан, эркин иқтисодий зона резиденти 0 фоиз фойда солиғи тўласа, унинг ЭИЗдан ташқаридаги рақобатчиси 15 фоиз тўлайди. Бундай фарқ иккинчиси учун нарх борасида рақобатлашишни қийинлаштиради.

Имтиёзларнинг энг йирик олувчилар қўлида концентрациялашуви

Реестр маълумотлари имтиёзларнинг асосий қисми бир неча компания доирасида тўпланганини кўрсатади. Бор-йўғи 156 та компания (барча олувчиларнинг 0,1 фоизи) барча имтиёзлар ҳажмининг 67 фоизига эгалик қилади. Кенгроқ қарайдиган бўлсак, барча имтиёзларнинг 86 фоизи энг йирик 1 фоиз олувчилар ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда 80 фоиз компаниялар умумий преференциялар ҳажмининг атиги 1,1 фоизини олади.

Аксарият олувчилар учун эса имтиёзлар миқдори камлигича қолмоқда: имтиёзнинг медиан ҳажми йилига 8 млн сўмни ташкил этади (яъни олувчиларнинг ярми 8 млн сўмдан кам, қолган ярми 8 млн сўмдан кўп миқдорда имтиёз олади). Бундай сумма кичик ва ўрта бизнеснинг ўсиши учун жиддий рағбат бўлиши даргумон, бироқ давлат учун минглаб бундай преференцияларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш реал институционал юкламани келтириб чиқаради.

Имтиёзлар тақсимоти бўйича Жини коэффициенти ҳам юқори даражадаги концентрациялашувдан далолат беради — 0,98. Бу кўрсаткич тақсимотнинг нотекислик даражасини ўлчайди: 0 — тўлиқ тенгликни, 1 эса — максимал даражадаги концентрациялашувни билдиради. 0,98 қиймати имтиёзлар ўта нотекис тақсимланганини кўрсатади.

1-расм. Имтиёзлар тақсимоти учун Лоренс эгри чизиғи ва Жини индекси, 2025 йил. Катталаштириш учун босинг.

бехзодхон алихонов, бюджет, имтиёзлар, колонка, солиқ қўмитаси, солиқлар

2-расм. Солиқ имтиёзларини олувчи топ-10 компания, 2025 йил.

Тармоқлар бўйича тузилма ҳам имтиёзлар бир нечта йирик секторда жамланиб қолганини кўрсатади. Металлургия соҳасига 7 та компания ва 24 трлн сўмлик имтиёз тўғри келади — бу ТОП-200 рўйхатидаги имтиёзлар умумий ҳажмининг 29 фоизидир. Банк сектори билан биргаликда ушбу икки тармоқ ҳиссасига 200 та энг йирик олувчилар орасидаги жами имтиёзларнинг 57 фоизи тўғри келади.

Жами имтиёзларнинг яна қарийб 18 фоизи нефть-газ, транспорт, суғурта, автомобиль саноати ва бошқа йирик тармоқлар ҳиссасига тўғри келади. Қолган 25 фоиз қисми нисбатан кичик имтиёз олувчилар — турли соҳаларда фаолият юритувчи 141 та компания ўртасида тақсимланган.

Банк сектори алоҳида эътиборга молик. Солиқ имтиёзларини олувчи ТОП-30 компания рўйхатидаги 13 та ўринни банклар эгаллайди. Улар оладиган преференцияларнинг, божхона имтиёзларини қўшиб ҳисоблаганда, умумий ҳажми 27,5 трлн сўмни ташкил этади. Бу қисман молиявий операцияларни ҚҚСдан озод қилиш бўйича халқаро амалиёт билан изоҳланиши мумкин. Бироқ ушбу алоҳида жиҳат ҳисобга олинганда ҳам, қўллаб-қувватлаш ҳажми салмоқли бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, солиқ имтиёзлари — банкларни қўллаб-қувватлашнинг ягона воситаси эмас. Бунга давлатнинг капиталдаги иштироки ва преференциал кредитлаш ҳам қўшилади. Бундай механизмларни қайта кўриб чиқиш ХВЖ томонидан FSAP 2025 доирасида банк ислоҳотининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Кодексдан ташқари имтиёзлар ва божхона канали

Муаммонинг алоҳида бир қисми божхона имтиёзлари билан боғлиқ — 2025 йилда уларнинг умумий ҳажми 59,1 трлн сўмни ташкил этган. Давлат аҳамиятига молик лойиҳаларни амалга ошираётган корхоналар имтиёз олувчиларнинг энг йирик тоифаси бўлди.

Президент фармони (ПФ-140) билан бюджет даромадларининг камайишига олиб келадиган ёки солиқ ва божхона имтиёзларини беришни назарда тутувчи нормалар фақат кейинги молия йилидан кучга кириши тўғрисидаги қоида жорий этилди. Бу чора божхона имтиёзларининг мавжуд концентрациясига бевосита таъсир қилмайди, лекин уларнинг қайта пайдо бўлишини чеклайди.

ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, самарасиз божхона имтиёзларини бекор қилиш ЯИМнинг 3,2 фоизигача қўшимча даромад келтириши мумкин. Шу боис солиқ имтиёзлари ҳамда Солиқ кодексидан ташқарида амал қилувчи нормаларни қайта кўриб чиқиш билан бир қаторда, божхона йўналиши имтиёзлар ислоҳотининг кейинги босқичидаги асосий йўналишлардан бирига айланиши керак.

бехзодхон алихонов, бюджет, имтиёзлар, колонка, солиқ қўмитаси, солиқлар

3-расм. Божхона имтиёзлари тузилмаси ва уларни олувчи топ-10 субъект, 2025 йил. Катталаштириш учун босинг.

Реестрдаги имтиёзни назарда тутувчи нормаларнинг 411 таси Солиқ кодексида, яна 321 таси кодексдан ташқарида келтирилган. Бу имтиёзларнинг деярли ярми қонуности ҳужжатлари асосида амал қилишини англатади, уларнинг барчаси ҳам оммага очиқ бўлмаслиги мумкин.

Бу бизнес учун тизимнинг етарли даражада шаффоф ишламаслигига олиб келади. Рақобатчининг шароитини баҳолаш учун Солиқ кодексини очишнинг ўзи кифоя қилмайди. Юзлаб фармонлар, қарорлар, истиснолар ва махсус режимларни ҳам ҳисобга олиш лозим: ким, қанча муддатга, нима асосида, қайси соҳа ёки ҳудудда солиқлардан озод қилинган.

Натижада солиқ арбитражи учун имконият юзага келади. Компаниялар нафақат нарх, маҳсулот сифати ва самарадорликни, балки махсус режимлардан фойдаланиш имкониятини ҳам солиштира бошлайди. Агар имтиёз сезиларли устунлик берса, бизнесда иш моделини ўзгартиришдан кўра, кўпроқ имтиёзли режим мезонларига мослашиш рағбати пайдо бўлади.

бехзодхон алихонов, бюджет, имтиёзлар, колонка, солиқ қўмитаси, солиқлар

4-расм. Солиқ имтиёзларининг ҳуқуқий асоси ва солиқ турлари бўйича тақсимланиши. Катталаштириш учун босинг

Бизнес номутаносибликларга қандай мослашади?

Танлаб олиб тақдим этиладиган имтиёзлар кўпинча қонун чиқарувчи дастлаб кўзда тутмаган хатти-ҳаракатларни келтириб чиқаради.

Регулятив арбитраж. Муддатли имтиёзлар фаолиятнинг моҳиятини эмас, балки унинг ҳуқуқий шаклини ўзгартиришга рағбатлантиради. Масалан, чекланган муддатга солиқ таътилини олган ЭИЗ резидентида имтиёзнинг амал қилиш муддатини амалда узайтириш учун юридик шахсни ёки фаолият майдонини ўзгартириб, янги ЭИЗда қайта рўйхатдан ўтиш истаги пайдо бўлади.

Шунга ўхшаш мантиқ «айланма» инвестицияларда ҳам юзага келиши мумкин. Чет эл инвесторларини 7 йилгача бўлган муддатга айрим солиқларни тўлашдан озод қилиш ўз капиталини хорижий юрисдикциядаги компания орқали «хорижий инвестиция» сифатида расмийлаштириб, қайтариб олишга рағбат яратади. Бундай ҳолда, гарчи ушбу меъёр даставвал ташқи капитални жалб қилишга мўлжалланган бўлса-да, бизнес солиқ имтиёзига эга бўлади.

IT-резидентлик мезонларига мослашиш. IT-Park режими мамлакатдаги энг саховатли режимлардан биридир. Унинг резидентлари сони 3600 га яқинлашмоқда, режимнинг ўзи эса 2040 йилгача амал қилади. У фойда солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича 0 фоиз, ходимлар учун 7,5 фоизлик ЖШДС, шунингдек, божхона тўловларидан озод этишни назарда тутади.

Бундай шароитлар турдош соҳалардаги — масалан, сервис, савдо ва консалтинг компаниялари учун ўз фаолиятини IT-резидентлик мезонларига мослаштиришга рағбат яратади. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, хизмат кўрсатиш соҳаси 41,6 трлн сўм солиқ тўлаган ҳолда 30,6 трлн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Бунда нисбат 1 га 0,74 ни ташкил этган. Бу саноатдагига қараганда (1 га 0,37) икки баравар юқори (бу кўрсаткич қанча паст бўлса, шунча яхши).

Натижада умумий тартибда ишлайдиган компаниялар ноқулайроқ аҳволга тушиб қолади: уларнинг зиммасига стандарт, яъни юқорироқ солиқ юки тушади. Бундай вазиятда компанияларнинг бир қисми «соя»га ўтади, бошқа бир қисми ўсишни кейинроққа қолдиради, яна бир қисми эса ёпилади ёки рақобатчилардагидек енгилликларга эга бўлиш йўлларини излайди. Шу тариқа, ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имтиёзлар, аксинча, бутун бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсата бошлайди.

Тугатилаётган корхоналар статистикаси бу емирилишнинг билвосита кўрсаткичи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 9 ойида 23 мингта хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини тўхтатган — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўп. ЯИМ 7,6 фоизга ўсган бир шароитда бундай динамика бизнес муҳити ҳолатидан билвосита дарак бериши мумкин. Албатта, буни реестрни тозалаш ва фаолият юритмаётган юридик шахсларни ёпиш билан ҳам изоҳлаш мумкин, бироқ бу тенденция барибир тугатилиш сабабларини чуқур ўрганишни талаб қилади.

Тизимлар ўртасидаги ички арбитраж. Шу билан бирга, яна бир масала мавжуд — бу умумий солиққа тортиш ва соддалаштирилган тизим ўртасидаги танловдир. Соддалаштирилган тизим бизнесни ҚҚС ва фойда солиғидан озод қилиши билан фойдали. Компаниянинг маржаси қанчалик юқори бўлса ва унинг айланмасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг улуши қанчалик катта бўлса, соддалаштирилган тизимдан олинадиган фойда ҳам шунчалик кўп бўлади.

Умумий ва соддалаштирилган режимда паст маржали савдо учун солиқ юкидаги фарқ тушумнинг 2−3 фоиз пунктидан ошади, юқори маржали хизматлар учун эса 4−7 фоиз пунктга етади. Шу сабабли, умумий тизимга ўтишда бизнес солиқ юкининг сезиларли даражада ошишига дуч келади.

Айнан мана шу тафовут соддалаштирилган тизимда иложи борича узоқроқ қолиш учун рағбат яратади, масалан, бизнесни бўлиб юбориш ёки айланмани пасайтириб кўрсатиш орқали. Шу боис ислоҳотнинг навбатдаги босқичида вазифа тизимлар ўртасидаги фарқни қисқартириш ва бундай арбитражга йўл очувчи солиқ рағбатини бартараф этишдан иборат бўлиши керак.

2026 йил 1 июндан бошлаб айланмадан олинадиган солиқдан умумий солиқларни тўлашга ўтиш чегарасининг 1 млрд сўмдан 5 млрд сўмга оширилиши — ижобий қадамдир: бу ўсаётган бизнес учун илгари мавжуд бўлган «тузоқ»ни йўқотади. Бироқ, айни пайтда бу умумий режимга ўтиш учун янги рағбатлар яратмайди. Илгари умумий ставкаларга ўтишга мажбур бўладиган бизнес энди соддалаштирилган тартибда узоқроқ қолиши мумкин бўлади. Бу ҚҚС тўламайдиганлар доирасини кенгайтириб, солиқ ҳисобга олиш занжирига таъсир қилади.

Самарали солиқ тизими шундай тузилиши керакки, бизнеснинг ўсиши солиқ юкининг ортиши билан жазоланмасин. Микробизнеснинг кичик, кичик бизнеснинг ўрта, ўрта бизнеснинг эса йирик бизнесга айланиши манфаатли бўлиши лозим. Қуйида таклиф этилаётган умумий ва соддалаштирилган режимларда солиқ ставкалари ўртасидаги фарқни тушумнинг 2,5−3,5 фоиз бандига қисқартириш ва уларни солиқ юки бўйича имкон қадар яқинлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, бизнес учун ижтимоий солиқнинг бекор қилиниши айланма солиқ ставкасининг ошишини қоплайди, шу боис умумий солиқ юки ҳозиргисига қараганда анча камаяди.

Халқаро контекст: Pillar Two, B-Ready ва ислоҳотлар тажрибаси

Жаҳон банкининг Business Ready 2025 индексида Ўзбекистон солиққа тортиш йўналиши бўйича 100 баллдан 70,7 балл олди — бу нисбатан юқори натижа. Бироқ имтиёзларнинг шаффофлиги ва камситишга йўл қўймаслик билан боғлиқ айрим кўрсаткичлар пастлигича қолмоқда.

Кўрсаткич

Балл

(100 баллик тизимда)

Солиққа тортиш бўйича умумий баҳо

70,7

Имтиёзлар бўйича жамоатчилик маслаҳатлашувлари; қоидалар ўзгарганда ўтиш даврлари; солиқ текширувларининг очиқ режаси

0,0

Имтиёзлар тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги

4,4

Мажбурий тушунтиришлар

4,0

Солиққа оид тушунтиришлар сифати

5,5

1-жадвал. Ўзбекистон B-Ready 2025 индексида: умумий баҳо ва имтиёзлар бўйича паст кўрсаткичли субтоифалар.

Бу баҳолар бизнес учун нафақат солиқ ставкалари, балки ахборотнинг очиқлиги, тушунтиришлар сифати, бюджет ресурсларининг адолатли тақсимланиши, ўзгаришларнинг шаффофлиги ҳамда фаолият шартларини олдиндан билиш имконияти ҳам муҳим эканини кўрсатади.

2024 йилдан бошлаб дунёда тушуми 750 млн евродан ортиқ бўлган йирик халқаро компаниялар гуруҳлари учун 15 фоизлик глобал минимал солиқ — OECD GloBE / Pillar Two қоидалари — жорий этилди.

Агар йирик халқаро компаниянинг Ўзбекистонда тўлаётган 15 фоиздан камроқ бўлса, орадаги фарқни бош компания жойлашган мамлакат автоматик тарзда ундириб олади. Бундай вазиятда имтиёз инвестор учун афзаллик бўлмай қолади ва амалда Ўзбекистон бюджетидан хорижий юрисдикцияга пул ўтказишга айланади.

ЎРҚ-1108: келгуси ислоҳотлар учун пойдевор

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон солиқ тизимини такомиллаштириш борасида улкан ишларни амалга оширди. 2019 йилдан бошлаб асосий ставкалар пасайтирилди: ҚҚС — 20 фоиздан 12 фоизга, дивиденд солиғи — 10 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди ва бошқалар. Давлат жамғармаларига ажратмалар бекор қилинди, ўзини ўзи банд қилганлар учун эса айланмадан 1 фоиз миқдорида солиқ белгиланди. 2023 йилда бизнесга қайтарилган 21,6 трлн сўмлик ҚҚС солиқ маъмурчилиги жиддий яхшиланганидан далолат беради.

Шу билан бирга, ўтган йили йирик ислоҳотни бошлаб берган ЎРҚ-1108-сонли қонун қабул қилинди. У фойда солиғи бўйича индивидуал ва узоқ муддатли имтиёзлар бериш имкониятини чеклади. Энди бундай имтиёзлар фақат 3 йилдан ошмайдиган муддатга тезлаштирилган амортизация ҳуқуқи шаклида берилиши мумкин.

Бошқа солиқлар бўйича имтиёзлар фақат ставкани кўпи билан 50 фоизга камайтириш шаклида ва 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши мумкин (ҚҚС, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бундан мустасно). Шу тариқа, фойда солиғи бўйича узоқ муддатли индивидуал преференциялар канали ёпилди.

ЎРҚ-1108ʼни кейинги ислоҳотлар учун муносиб пойдевор сифатида кўриш мумкин. Лекин у ҳозирча имтиёзлар тизимининг салмоқли қисмини қамраб олмаяпти. Хусусан, ҚҚС имтиёзлари (реестрдаги 150 та норма) ва 59 трлн сўмлик божхона имтиёзлари ушбу қонун доирасидан ташқарида қолмоқда.

Айни пайтда параллел равишда янги имтиёзли режимлар пайдо бўлишда давом этяпти. 2026 йил май ойида Сенат креатив саноатнинг хорижий контрагентларини 2026−2030 йилларда асосий солиқлардан озод қилишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллади. Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси эса унинг иштирокчиларини 2076 йилгача асосий солиқлардан озод қилишни назарда тутади.

Бундай ташаббуслар устувор тармоқларга инвестициялар жалб қилишга қаратилган. Бироқ танганинг иккинчи томонини ҳам ҳисобга олиш керак: қанча кўп тармоқ ва лойиҳалар умумий ставкалардан чиқарилса, солиқ базаси шунчалик торайиб боради. Натижада, имтиёзли режимларга тушмаган бизнес зиммасидаги самарали солиқ юки ортиши мумкин.

II қисм. Таклифлар

Ислоҳотнинг мантиқий давоми имтиёзларнинг мутлақ кўп қисмини бекор қилиш, уларнинг қайта жорий этилишидан ҳимояловчи қоидани киритиш, барча учун паст ставкалар белгилаш ва ижтимоий солиқни нолга тенглаштириш бўлар эди.

Ижтимоий солиқ

Ўзбекистон олдида турган асосий вазифалардан бири — янги иш ўринларини яратишдир. Мамлакат аҳолиси йилига қарийб 700 минг кишига кўпаяётган бир пайтда, атиги 300 мингга яқин янги иш ўрни яратилмоқда. Бу келажакда аҳолининг салмоқли қисми яширин бандликка ўтиши, доимий иш жойига эга бўлмаслиги ёки хорижга ишлашга кетиши хавфини юзага келтиради.

Сунъий интеллект ҳам меҳнат бозорига қўшимча босим ўтказади. Кўплаб мамлакатларда у ҳозирданоқ бандлик тузилмасини ўзгартириб, иш ўринларининг қисқаришига олиб келмоқда ва яқин йилларда бу таъсир янада кучайиши эҳтимолдан холи эмас.

Бундай шароитда ижтимоий солиқ иш ўринлари яратиш учун тўсиққа айланади. Моҳиятан, у ходим ёллашнинг ўзигаёқ солиқ солади.

Бу тўсиқни ижтимоий солиқни бекор қилиш орқали бартараф этиш мумкин. Ҳозирда ижтимоий солиқ ҳисобидан тўлдириладиган Пенсия жамғармасини молиялаштиришни бюджет асосига ўтказиш мумкин. Бунга ҳозирги ҳажми йилига 119 трлн сўмни ташкил этадиган солиқ имтиёзларини бекор қилиш натижасида тушадиган қўшимча маблағлар ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажмини қисқартириш ҳисобидан манба яратиш мумкин.

Ислоҳот арифметикаси

Таклиф этилаётган ёндашув солиқнинг асосий ставкаларини пасайтириш билан бир пайтда имтиёзларни кенг кўламли тафтиш қилишдан иборат. Ҳозирда бюджетнинг «солиқлар + ижтимоий солиқ» базаси бўйича даромадлари 284,8 трлн сўмни ташкил этади. Шундан 228,3 трлн сўми солиқлар, қолган 56,5 трлн сўми эса ижтимоий солиқ ҳиссасига тўғри келади.

Ставкаларни қуйидагича ўзгартириш таклиф қилинади.

Солиқ

Амалдаги ставка

Таклиф этилаётган ставка

Шарҳ

Фойда солиғи

15%

10%

Шунингдек, Pillar Тwо қоидаларига кўра йирик халқаро компаниялар учун 15 фоиз миқдорида миллий минимал ставка (QDMTT) жорий этилади. Ушбу механизмсиз фарқ хорижий юрисдикциялар ҳисобига ўтиб кетади.

Мисол: Қирғизистонда фойда солиғи 10 фоиз.

ҚҚС, стандарт ставка

12%

12%

2028 йилдан 10%

База кенгайтирилиб, аксарият имтиёзлар қисқартирилгач, биринчи босқичда 12 фоиз сақлаб қолинади ва кейинчалик 10 фоизгача пасайтирилади.

ҚҚС, пасайтирилган ставка

6%

Ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг чегараланган ва ёпиқ рўйхати учун ставка (таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фармацевтика).

ЖШДС

12%

12%

Ўзгаришсиз

Ижтимоий солиқ (хусусий сектор)

12%

0%

Иш ўринлари ўсишини рағбатлантириш ва иш ҳақини «соя»дан чиқариш учун нолга тушириш

Ижтимоий солиқ (давлат компаниялари)

25%

0%

Хусусий сектор билан бирхиллаштириш учун нолга тушириш

Мол-мулк солиғи

1,5%

1%

Капитал сиғими юқори соҳаларга (ЁЭТ, маълумотлар марказлари, инфратузилма) инвестицияларни жалб қилиш учун

Мисоллар: Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Беларусда мол-мулк солиғи 1 фоиз.

Айланмадан олинадиган солиқ (соддалаштирилган тартиб)

4%

5%

Умумий тартиб билан фарқни қисқартириш ва умумий тартибга ўтишни рағбатлантириш учун (ҚҚС занжирини узайтириш ва унинг самарали ставкасини пасайтириш мақсадида)

Акциз, ер, сув солиқлари, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

Қатъий белгиланган ставкалар

+20%, акциз +30%

Мўътадил ошириш: сув солиғи — экологик зарурат, тамаки ва алкоголга акциз — соғлиқни сақлаш сиёсати, ер қаъри — табиий ресурслар учун рента.

2-жадвал. Ислоҳотлар пакети — жорий ва таклиф этилаётган ставкалар

Ставкаларнинг пасайтирилиши тушумларнинг тахминан 77 трлн сўмга қисқаришига олиб келиши мумкин. Бироқ, 119 трлн сўмлик имтиёзларнинг бекор қилиниши бу фискал бўшлиқни деярли тўлиқ қоплай олади. Агар имтиёзли базанинг 60−70 фоизини бюджетга қайтаришга эришилса, қўшимча тушумлар қарийб 71−83 трлн сўмни ташкил қилиши мумкин.

Фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаларини пасайтириш таклиф қилинаётганининг сабаби шундаки, халқаро тажрибага кўра, солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг энг кўп ҳолатлари айнан шу икки турдаги солиққа оид.

Асосий шарт: имтиёзлар фақат қатъий мезонлар асосида жорий этилиши керак

Бундай «тўсиқ» барча турдаги имтиёзларни, жумладан, ЎРҚ-1108 ҳозирча қамраб олмаган ҚҚС ва божхона имтиёзларини ҳам истисносиз ўз ичига олиши лозим.

У бешта элементдан иборат бўлиши мумкин:

  • ҳар қандай имтиёз фақат Солиқ кодекси орқали жорий этилиши керак;
  • имтиёзлар берилиши мумкин бўлган тоифаларнинг қатъий чекланган рўйхати белгиланади, қолган барчасига қонунан йўл қўйилмайди;
  • мажбурий sunset (амал қилиш муддатининг тугаши) қоидаси жорий этилади — имтиёзлар истисносиз, уч йилдан сўнг ўз-ўзидан тўхтатилади;
  • имтиёз жорий этиш парламент ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши, бунда унинг қиймати «бюджетнинг бой берилган даромади» сифатида мажбурий ҳисобланиши керак;
  • имтиёзларнинг умумий ҳажмига нисбатан ЯИМдаги улуш сифатида юқори чегара белгиланади ва у олдиндан тасдиқланган жадвал асосида пасайтириб борилади.

Имтиёзларни бекор қилиш тақвими

Ислоҳот босқичма-босқич амалга оширилиши керак: имтиёзлар тизими тубдан қисқартирилади, стандарт ставкалар эса барча учун бир вақтнинг ўзида пасайтирилади. Бундай ёндашув компаниялар ўртасидаги тенгсизликни камайтириш имконини беради ва айни пайтда бизнесга солиқ юки ортишининг олдини олади. Аксарият компаниялар учун солиқ юки камайиши эҳтимоли катта.

Сана

Чоралар

2027 йил 1 январь

1. Қонуности ҳужжатлари билан жорий этилган 321 та имтиёз бўйича нормаларни бекор қилиш.

2. Стандарт ставкаларни пасайтириш (юқоридаги жадвалда кўрсатилган).

3. Қонунлар билан жорий этилган имтиёзларнинг (ҳозирда бундай нормалар сони жами 411 та) энг номутаносиб ва самарасиз бўлган биринчи ярмини бекор қилиш.

2028 йил 1 январь

1. Қонунлар ва Солиқ кодекси билан жорий этилган имтиёзларнинг иккинчи ярмини бекор қилиш.

2028 йилга келиб солиқ тизими содда, адолатли ва ягона бўлиши, солиқ юки эса паст бўлиши керак: паст ягона ставкалар + Солиқ кодексида истисноларнинг минимал рўйхати + кейинчалик жорий этиладиган барча ўзгаришлар учун уч йиллик sunset қоидаси.

3-жадвал. Имтиёзларни бекор қилиш ва ставкаларни параллел равишда пасайтириш тақвими.

Шу билан бирга, аввалроқ берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддатини белгиланган давр охиригача сақлаб қолиш таклиф этилмоқда. Инвесторлар ишончини сусайтирмаслик учун бу муҳим.

Кимлар кетиб қолиши мумкин ва нимани ўлчаш керак?

Имтиёзларни бекор қилишга қарши асосий важлардан бири бу — «хорижий инвесторлар чиқиб кетади ва инвестициялар камаяди» деган хавотирдир. Реестр маълумотлари шуни кўрсатадики, имтиёзларнинг асосий қисми тор доирадаги олувчилар қўлида тўпланган. Аксинча, компанияларнинг аксарияти учун ислоҳот солиқ юкининг камайишини, прогнозлаш имконияти ва тенг қоидалар ҳисобига бизнес муҳитининг яхшиланишини, шунингдек, яширин иқтисодиётнинг қисқариши ва расмий бандлик харажатларининг пасайишини англатади.

Ислоҳотлар муваффақиятини аниқ кўрсаткичлар билан ўлчаш зарур. 2029 йилга қадар саккизта KPI таклиф этилмоқда.

Кўрсаткич

2025 йил якунига кўра

2029 йилгача бўлган мақсад

Имтиёзларнинг ЯИМдаги улуши

9,6%

≤1,5%

Реестрдаги имтиёз бўйича нормалар сони

732

≤40 (фақат категориявий ва техник нормалар)

Солиқ кодексидан ташқаридаги нормалар (қонуности ҳужжатлари)

321 (43,9%)

0 (қонун билан тақиқланган)

Имтиёзлар умумий ҳажмидаги топ 1 фоиз олувчиларнинг улуши

86%

≤35%

Кичик ва ўрта бизнесга (КЎБ) етиб бораётган имтиёзлар улуши

~1%

40%

Имтиёзлар тақсимотининг Жини коэффициенти

0,98

0,40

B-Ready: имтиёзлар шаффофлиги субтоифалари

0−5,5 балл

65−70 балл

4-жадвал. 2029 йилгача ислоҳот KPIʼлари

Хулоса

Ўзбекистон солиқ соҳасида аллақачон кенг кўламли ишларни амалга оширган ва кейинги босқич учун қулай шароитда турибди. 2019−2023 йилларда асосий ставкалар пасайтирилди, пойдевор яратилди, имтиёзлар реестри очилди, халқаро тажриба эса истисноларни камайтириш ва шаффофроқ қоидаларга ўтиш зарурлигини тобора кўпроқ кўрсатмоқда.

Бироқ тизимда имтиёзлар ҳали ҳам энг йирик олувчилар қўлида концентрациялашиб бормоқда. 732 та имтиёз бўйича норма мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб ярми Солиқ кодексидан ташқарида, божхона преференциялари ҳажми эса 59 трлн сўмга етади. Бу 2027−2028 йилларда ёпилиши керак бўлган кун тартибидаги масаладир.

Ислоҳотнинг мантиқий давоми стандарт ставкаларни пасайтириш билан бир вақтда аксарият имтиёзларни бекор қилиш бўлиши мумкин эди, бу эса бизнес учун солиқ юкини 77 трлн сўмга камайтиришга олиб келарди. Бундай ёндашув «имтиёзлар фақат Солиқ кодекси орқали» тамойилини мустаҳкамлаш, келажакдаги барча истисноларни автоматик равишда тўхтатишни жорий этиш ҳамда соддалаштирилган ва умумий солиққа тортиш тизимлари ўртасидаги тафовутни қисқартириш имконини берган бўларди.

Узоқ муддатли истиқболда солиқ сиёсати ривожланишни қўллаб-қувватлашда индивидуал имтиёзларга камроқ, паст умумий ставкалар, башорат қилиш имконияти ва барча учун тенг қоидаларга кўпроқ таянадиган моделга ўтиши керак. Аҳоли сони йилига 700−800 минг кишига ортиб бораётган бир шароитда расмий иқтисодиётни арзонлаштириш асосий устувор вазифалардан бирига айланиши лозим. Бу шаффоф айланма, қонуний бандлик ва инвестициялар яширин иқтисодиётдан кўра фойдалироқ бўлиши учун зарур.

Бехзодхон Алихонов — Гарвард университетининг катта ўқитувчи-ассистенти, Гарвард университети қошидаги Девис маркази илмий ходими.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *