Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Урганч ва Олмаота шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўяди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар қилди.
Маълум қилинишича, янги халқаро йўналиш бўйича парвозлар 2026 йил 3 сентябрдан бошланади. Рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Компания маълумотига кўра, янги йўналиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш, шунингдек, туристик, хизмат сафари ва оилавий сафарлар учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Урганч Хоразм вилоятининг асосий авиация марказларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳрига сафар қилиш учун асосий транспорт нуқталаридан бири саналади.
Таъкидланишича, янги рейс йўловчиларга Олмаота орқали FlyArystan ва бошқа авиакомпанияларнинг халқаро йўналишларига қулай уланиш имкониятини ҳам тақдим этади.
FlyArystan — Қозоғистоннинг лоукостер авиакомпанияси бўлиб, у 2019 йил май ойида ўз фаолиятини бошлаган. Компания Air Astana таркибига киради.
Ҳозирги вақтда FlyArystan Ўзбекистонга Остона-Тошкент ва Олмаота-Самарқанд йўналишлари бўйича ҳам парвозларни амалга оширмоқда.
2025 йил августида Ўзбекистон ва Қозоғистон авиақатновлар сонини кўпайтириш ва авиация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган эди. Ўшанда ўзаро парвозларнинг рухсат этилган частотаси ҳафтасига 238 та рейс этиб белгиланганди.
