Ўзбекистонда айрим қўпол йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун автомобилни вақтинча олиб қўйиш ёки мусодара қилиш чораларини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Ибрагимовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, президентга тақдим этилган.
Шерзод Ибрагимовнинг таъкидлашича, вояга етмаганларга транспорт воситаларини бошқаришга бериш ҳолатлари йўлларда ўлим ва жароҳатлар билан боғлиқ ҳодисалар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда ноқонуний пойгалар ташкил этилиши ҳам ҳаракат хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани қайт этилган.
Қўпол қоидабузарликларни қайта-қайта содир этганларга ҳам жарималарни чегирма билан тўлаш имкониятининг берилиши бундай қоидабузарликлар давомий бўлишига шароит яратмоқда, деди ЙҲХХ бошлиғи.
Шу муносабат билан беш турдаги қўпол қоидабузарлик учун маъмурий жазолар қаторига транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш чораси киритиш таклиф этилган.
Таклифларга кўра, вояга етмаган шахсларга транспорт бошқаришни топшириш, ноқонуний пойга ташкил этиш ва унда қатнашиш, шунингдек, юк автомобилларини тунги вақтда йўл четида ташлаб кетиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин.
Бундан ташқари, транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ундан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун автомобилни мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўллаш таклиф қилинган.
Яна бир таклифга кўра, қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар бир йил давомида жарималарни чегирма билан тўлаш имкониятидан маҳрум қилиниши мумкин.
Шерзод Ибрагимовнинг айтишича, энг муҳим таклифлардан бири вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш оқибатида одам тан жароҳати олиши, ҳалок бўлиши ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келган ҳолларда тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилашни назарда тутади.