• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни маъқуллади


Сенат 13 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни мақуллади.

Шовқин таъсири

Маърузага чиққан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Сайёра Абдикаримова қайд этишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, шовқин инсон саломатлигига энг катта таъсир кўрсатувчи экологик хавф омилларидан бири ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, шовқиннинг зарарли таъсири Алцьгеймер касаллиги, яъни хотиранинг пасайиши ва шахснинг ўзгаришига олиб келадиган бош мия касаллигига ҳамда карликка сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда бундай касаллик дунё бўйича 360 млн одамда аниқланган.

Сенатор келтиришича, доимий равишда юқори даражадаги шовқин инсонларнинг эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиб, карликка сабаб бўлиши аниқланган. Шунингдек, шовқин натижасида юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаришга ва асаб тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, доимий шовқин шароитида инсоннинг иш қобилияти 10 фоиздан 30 фоизгача пасайиши аниқланган.

«Шовқин даражасининг белгиланган меъёрлардан ошиши болалар ва ёшлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, айниқса мактаблар ва болалар боғчалари атрофида содир этилаётган юқори шовқин ҳолатлари болаларнинг таълим сифатини сезиларли даражада ёмонлаштириши аниқланган», — деди Абдикаримова .

Унинг қайд этишича, шу сабабли, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қулай экологик муҳитни таъминлаш бугунги кунинг долзарб вазифаларидан бир сифатида қаралмоқда.

Маърузачи амалда айрим ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги, аҳоли саломатлиги ва осойишталигига, уларнинг нормал дам олишига салбий таъсир кўрсатувчи зарарли шовқинларга қарши курашиш масалаларини комплекс тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, мазкур соҳадаги ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилигига таъсир қилаётганини таъкидлади.

«Жумладан, бугунги кунда шовқиннинг зарарли таъсири меъёрларини назарда тутувчи 7 та санитария норма ва қоидалари амал қилса-да, қонунчиликда бу борада қатъий талаблар белгиланмаганлиги кўринмоқда. Оқибатда ушбу санитария норма ва қоидаларига сўзсиз риоя этилишини таъминланмаяпти», — деди сенатор.

Бундан ташқари, қонунчиликда инсон саломатлиги учун зарар келтирувчи ва рухсат этилган даражадан юқори бўлган шовқинларни келтириб чиқараётган объектларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масалалари тўлиқ ва аниқ белгиланмаган.

Оқибатда масъулларга зарарли шовқин ҳолатларини тартибга солишда бир қатор қийинчиликлар юзага келмоқда ҳамда аҳоли орасида мазкур ҳолатлар юзасидан турли шикоятлар сони ортиб бормоқда.

Шунингдек, сенаторнинг қайд этишича, давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарли шовқинга қарши курашиш ва уни олдини олиш соҳасидаги вазифа ва функциялари ҳамда жавобгарлик соҳаларинининг аниқ чегараларини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Сенатор Сайёра Абдикаримова. Фото: Сенат

Қонун

Таклиф этилаётган «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг умумий қоидалари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, давлат органларининг ваколатлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Бунда, Вазирлар Маҳкамаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси — ваколатли орган сифатида, Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимият органлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиши белгиланмоқда.

Шунингдек, шовқиннинг таъсир қилиш нормалари, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатлар, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини олиб кириш ҳамда уларнинг кириб келишига қўйиладиган талаблар, шунингдек, атроф табиий муҳитга шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, шовқиннинг зарарли таъсирини баҳолаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари кўрсатиб ўтилмоқда.

Шу билан биргаликда ушбу қонун талаблари табиий шовқинларга, миллий қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш натижасида юзага келадиган шовқинга, миллий байрамларни, оммавий спорт тадбирларини ва оммавий маданий тадбирларни ўтказиш, шунингдек диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш натижасида юзага келадиган шовқинга нисбатан татбиқ этилмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонун маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, қонун Қонунчилик палатасида биринчи, иккинчи ва учунчи ўқишларда депутатлар муҳокамасига сабаб бўлганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *