Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламент сайловларида «Фуқаролик шартномаси» партияси ғалаба қозонгани муносабати билан Арманистон бош вазири Никол Пашинянга табрик йўллади. Бу ҳақда Пашиняннинг идораси хабар бермоқда.

«Сизни Арманистон Республикасида бўлиб ўтган навбатдаги парламент сайловларида сиз раҳбарлик қилаётган „Фуқаролик шартномаси“ партиясининг ғалабаси билан чин қалбдан табриклайман. Сайлов натижалари арман халқининг сиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга, жумладан, Жанубий Кавказда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларингизга бўлган юксак ишончининг амалий тасдиғидир», — дейилади мурожаатда.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга қодир бўлишимизга ишончим комил», — дейди Шавкат Мирзиёев.

7 июнь куни бўлиб ўтган Арманистондаги парламент сайловларида ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси 49,81% овоз тўплади. Партиянинг кўрсаткичи 52 фоиздан кам бўлса ҳам, нисбий кўпчилик овозга эгалиги учун ҳукуматни тузиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мухолифат жами 37,23 фоиз овоз йиғди.

Овоз бериш жараёни Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда бўлиб ўтди. 29 май куни Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия етакчилари Арманистонни мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) қолиши ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлиш интилишини давом эттириши бўйича референдум ўтказишга чақирганди. Россия президенти ҳам Ереванни ЕОИИдан чиққан тақдирда жиддий иқтисодий оқибатларга дуч келишидан огоҳлантирган.