Сенатнинг 16 ялпи мажлисида қабул қилинган қарорига мувофиқ қуйидагилар ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Олий судининг судьяси лавозимига сайланди.
Акмалжон Алижанов Алижонович — 1985 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Судьялик иш фаолиятини 2017−2020 йилларда Марҳамат туман маъмурий судининг раиси, 2021 йилдан бошлаб Асака туманлараро судининг судьяси, 2021 йилдан бошлаб эса то ҳозирги кунга қадар Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият юритиб келган. Тўққиз йиллик судьялик стажига эга.
Дилфуза Дадажонова Бурҳониддиновна — 1982 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. У судьялик фаолиятини 2018 йилда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьялигидан бошлаб, кейинчалик Миробод туманлараро судининг судьяси, 2023 йилдан то ҳозирги кунга қадар эса Тошкент шаҳри судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият юритиб келган. Саккиз йиллик судьялик стажига эга.
Дилфуза Жўраева Розмуродовна — 1984 йилда Бухоро вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. У судьялик иш фаолиятини 2018 йилда Гулистон туманлараро судининг судьялигидан бошлаб, 2020 йилдан то шу кунга қадар Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият кўрсатиб келди. Судьялик стажи саккиз йил.
Ўткир Розиқов Собирович — 1984 йилда Бухоро вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. У 2018 йилда Сирдарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси, 2021 йилдан бошлаб Бекобод туманлараро судининг раиси, 2025 йилдан то ҳозирги кунга қадар Жиззах туманлараро судининг раиси вазифасида фаолият юритиб келган. 13 йиллик судьялик стажига эга.
Сардор Раҳматдинов Жўраевич — 1986 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Судьялик иш фаолиятини 2019 йилда Шайхонтоҳур тумани маъмурий судининг судьялигидан бошлаб, 2021 йилдан то ҳозирга қадар Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси лавозимида фаолият кўрсатиб келган. Етти йиллик судьялик иш стажига эга.
Муҳиддин Султонов Бобожонович — 1984 йилда Наманган вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Соҳадаги судьялик иш фаолияти 2015 йилдан то 2022 йилга қадар Тошкент шаҳар иқтисодий судининг судьяси, 2022 йилдан то ҳозирги кунга қадар эса Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда. Судьялик стажи 11 йил.
Жаҳонгир Турдимуродов Нарзуқович — 1985 йилда Сирдарё вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Судьялик фаолиятини 2018 йилда Сардоба туман судининг раислигидан бошлаб, 2021 йилгача ишлаган. 2021 йилдан то ҳозирги кунга қадар эса Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият кўрсатиб келган. Саккиз йиллик судьялик иш стажига эга.
Луиза Холидова Эршодовна — 1984 йилда Хоразм вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Ушбу номзодимиз 2018−2020 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Хоразм туман судининг раиси, 2020 йилдан то ҳозирги кунга қадар эса Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият юритиб келган. Саккиз йиллик судьялик иш стажига эга.
Абдусаид Ҳожиев Худойбердиевич — 1982 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. 2019−2020 йилларда Сергели тумани маъмурий судининг судьяси, 2021 йилдан то ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси лавозимида фаолият кўрсатиб келяпти. Етти йиллик иш стажига эга.
Марат Эргашев Анварович — 1984 йилда Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Эргашев Марат Анварович 2015−2019 йилларда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси, 2019−2022 йилларда жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг раиси, 2022−2024 йилларда Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси бўлиб ишлаган. 2024 йилдан ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Судьялик иш стажи 11 йилни ташкил этади.
Аввалроқ 9 нафар судья Олий суднинг судьяси лавозимидан озод этилганди.