• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Япония Ўзбекистонга энергия самарадорлигини ошириш учун қарийб 230 млн доллар кредит ажратади


Япония ҳукумати Ўзбекистонга давлат бинолари ва саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш учун 36,8 миллиард иена (тахминан 229,4 миллион доллар) миқдорида кредит ажратади. Икки лойиҳа бўйича алмашинув ноталари 10 июнь куни Тошкентда имзоланди, деб хабар берди Япония элчихонаси.

Ҳужжатларни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хирата Кэндзи ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров имзолади.

Биринчи лойиҳа — «Давлат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш» — 21,79 миллиард иенагача (136 миллион доллар) кредит ажратишни кўзда тутади. Иккинчиси — «Саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш» — 14,97 миллиард иенагача (93,4 миллион доллар).

Ҳар иккала кредит 25 йил муддатга, шу жумладан, 7 йиллик имтиёзли давр билан берилмоқда. Кредитнинг асосий қисми бўйича фоиз ставкаси 2,4% ни, консалтинг хизматлари бўйича эса 0,8% ни ташкил этади. Харид қилиш шартлари — преференциялар тақдим этилган ҳолда, япониялик етказиб берувчиларга боғланмаган (untied) тарзда амалга оширилади.

Япония элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг энергия таъминоти қазиб олинадиган ёнилғига (асосан газ) боғлиқ бўлиб, ЯИМ бирлигига тўғри келадиган энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари чиқиндилари кўрсаткичлари дунёдаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан «ҳаддан ташқари юқори»лигича қолмоқда. Шу муносабат билан, энергия тежаш чора-тадбирларини амалга ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифа деб аталмоқда.

Япония томони ушбу ҳамкорлик давлат биноларида, шунингдек, саноат ва тижорат секторларида энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни модернизация қилиш ҳамда жорий этиш орқали энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари ажралишини камайтиришга қаратилганини таъкидлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хабар беришича, ижтимоий соҳа биноларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия тежовчи ускуналар ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни кўзда тутади. Бундан мақсад энергия истеъмолини оптималлаштириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ва ижтимоий инфратузилма объектларининг умумий энергия самарадорлигини оширишдан иборат.

Иккинчи лойиҳа корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг энергия тежовчи технологияларга киритадиган инвестицияларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг доирасида саноатда энергия самарадорлигини оширишга доир ташаббусларни молиялаштириш учун паст фоизли узоқ муддатли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, учрашувда иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ва инсон капиталини рижвожлантириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, амалдаги лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, томонлар энергия тежаш, қишлоқ хўжалиги (жумладан, чорвачилик), «Бир қишлоқ — бир маҳсулот» дастури, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.

Япония элчихонасидан таъкидлашларича, ушбу лойиҳалар 2025 йил декабрь ойида бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити якунлари бўйича Токио декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳамкорликнинг учта устувор йўналишидан бири — «Яшил тараққиёт ва барқарорлик» йўналишининг амалий ижроси бўлди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *