• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Порахўрлар шартли озодликка чиқолмайди: Сенат янги қонунни маъқуллади


Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва коррупцияга оид жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Қонун билан Жиноят кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, кодексда илк бор «коррупцияга оид жиноятлар» атамаси ҳамда уларнинг аниқ рўйхати белгиланмоқда.

Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш институтини қўллаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик алоҳида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисмига ўтказилмоқда. Бундай қилмиш учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Бундан ташқари, хусусий ва нодавлат секторда коррупциянинг олдини олиш мақсадида нодавлат ташкилоти хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш жинояти учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Айрим моддаларга «ғаразгўйлик ниятларида» содир этиш белгиси ҳам жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритилмоқда.

Қонун билан «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш киритилиб, коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) тизими жорий этилиши устидан назорат қилиш вазифаси бекор қилинмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишлар билан давлат харидлари ва бюджет тизимидаги қонунбузилишлар учун санкциялар кучайтирилмоқда.

Сенаторлар мазкур қонун коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлаш ва жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *