Ўзбекистонда турар жой ҳудудлари учун шовқин меъёри кундузи 45 децибелни, тунги вақтдаги ҳордиқ учун эса 35 дБ ни ташкил этади. Бу ҳақда 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълум қилди.
У Сенат томонидан ўша куннинг ўзида маъқулланган «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун муҳокамаси жараёнида сенатор Орал Атаниязованинг саволларига жавоб берди.
Атаниязова ушбу қонун аҳоли саломатлиги билан боғлиқ эканини, шу боис фуқаролар учун «жуда муҳим ва зарур» ҳисобланишини таъкидлади.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, шовқин ифлосланиши ҳаво ва сув ифлосланишидан кейин учинчи хавфли ифлосланиш тури ҳисобланади. Ва шу ЖССТ томонидан оддий шовқинлар билан бир қаторда атроф-муҳит шовқини термини қабул қилинган», — деди сенатор.
Унинг сўзларига кўра, меъёрдан ошиб кетадиган шовқин даражаси соғлиққа жиддий зарар етказади.
«Хусусан, у уйқунинг бузилишига, юрак-қон томир касалликларига, гипертонияга, метаболик ва психофизиологик бузилишларга олиб келади, ҳомила саломатлигига таъсир қилади, когнитив бузилишлар, деменция, эшитиш қобилиятининг ёмонлашуви ва бошқа оқибатларни келтириб чиқариши мумкин», — деди у.
Сенатор, шунингдек, Европада шовқин инвалидизация, яъни ногиронликка олиб келувчи омил сифатида тан олинганини, айниқса, болалар бунга нисбатан кўпроқ таъсирчан эканини таъкидлади.
«Европа экология агентлиги ҳисоботига кўра, ҳар йили Европада болаларнинг ўқиш бузилиши тахминан 84 фоизи ҳолатда транспорт шовқини билан боғлиқ бўлади», — деди Орал Атаниязова.
У ушбу соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда аниқ тушунча ва атамаларни, жисмоний стандартларни — децибеллардаги минимал ва максимал қийматларни, шунингдек, вақт чекловларини ҳисобга олишни таклиф қилди.
«Қонунларда аниқ атама ва тушунчалар бўлиши ҳуқуқий аниқликни таъминлаш, мавҳумликнинг олдини олиш ва ҳамма учун ягона қоидаларни яратиш учун жуда зарур. Бундан ташқари, шовқиннинг аниқ параметрлари ҳам жуда муҳим», — дея таъкидлади сенатор.
У мисол тариқасида Беларусь қонунчилигини келтириб ўтди.
«Беларуснинг шовқин ҳақидаги қонунида шундай кўрсатилган: соат 19:01 дан 7:00 гача 40 дБ дан юқори шовқин келтириб чиқарадиган ҳар қандай ҳаракатлар маън этилади», — деди Атаниязова.
Шу билан бирга, у кўриб чиқилаётган қонунда «ННТ, нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки кўринмаётгани»га эътибор қаратди.
«Лекин айтилган фикрлар қонуннинг аҳамиятини, зарурлигини камайтирмайди. Қонуности ҳужжатларида кўрсатилган аҳамиятли фикрлар ўз ўрнини топади деб ишонаман», — деди у.
Орал Атаниязова. Фото: Сенат
Сенатор Санэпидқўмита вакилларидан зарарли шовқиннинг инсонга таъсир қилиш даражаси ва давомийлиги қандай аниқланишини сўради.
«ЖССТ маълумотларига кўра, агар 94 дБ ҳажмдаги шовқин инсонга ҳафтасига 45 дақиқа давомида таъсир кўрсатса, у хавфли ҳисобланади. Оддий одам бир ҳафта давомида буни қандай ўлчай олади?» — деб сўради у.
У, шунингдек, ҳудудларда шовқинни назорат қилиш учун етарлича лабораториялар ва ўлчов ускуналари мавжуд ёки йўқлиги ҳамда қонун қабул қилинганидан кейин биринчи навбатда қандай амалий чоралар кўрилиши билан қизиқди.
Нурмат Атабеков ушбу саволни долзарб деб атади ва ЖССТ маълумотларига таянди.
«Ҳақиқатан ҳам, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 95 дБ даражасидаги шовқин асаб тизимига, руҳиятга кучли стресс олиб келадиган ҳолат ҳисобланиб, оқибатда карликни ҳам юзага келтириш эҳтимоли эътироф этилган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, 85 дБ дан юқори бўлган шовқин ҳам саломатлик учун юқорида санаб ўтилган салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Атабеков Ўзбекистонда санитария-гигиена нормалари ва қоидалари амал қилишини таъкидлади. Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтида жисмоний омиллар илмий лабораторияси фаолият кўрсатмоқда, у ерда мунтазам равишда тадқиқотлар ўтказилиб, улар асосида санитария меъёрлари белгиланади.
«Ўзбекистон шароитида турар жой ҳудудлари учун кундузги вақтда 45 дБ, тунги ором олиш вақти учун эса 35 дБ меъёр ҳисобланади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда институтда мегаполис шароитида шовқин манбаларини комплекс гигиеник баҳолаш ва аҳолини унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича илмий лойиҳа амалга оширилмоқда.
«Шовқин даражаси суҳбат жараёнининг интенсивлиги, транспорт воситалари ҳаракати серқатновлиги, қурилиш жараёнлари, шунингдек, ҳатто аэропортларда самолётларнинг ҳавога кўтарилиши ва қўниши пайтида юзага келадиган шовқинлардан келиб чиқиб белгиланади», — деди Санэпидқўмита вакили.
У санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ушбу йўналишдаги ишларни давом эттиришини маълум қилди.
«Адлия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда шовқиннинг салбий таъсири учун компенсация ундириш масалалари бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаб қўйганмиз. Бу тадбирларнинг барчаси давом эттирилмоқда», — деб баёнот берди Нурмат Атабеков.
Ўлчов ускуналари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у Санэпидқўмитанинг ҳар бир ҳудудий бошқармасида жисмоний омиллар лабораториялари мавжудлигини маълум қилди. «У ерда шовқин даражасини ўлчаш имконини берувчи ускуналар бор», — деди у.
Атабеков, шунингдек, Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки лойиҳалари доирасида Санэпидқўмита тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини яхшилаш кўзда тутилганини таъкидлади.
«Ушбу лойиҳалар доирасида зарур асбоб-ускуналар ва замонавий ўлчов жиҳозлари ҳам етказиб берилишини кутмоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.
Қўмита вакилининг сўзларига кўра, идора вазиятни нафақат фуқароларнинг мурожаатлари бўйича, балки тизимли равишда баҳолаб боришни мақсад қилган.
«Биз зиммамизга юклатилган вазифаларни нафақат фуқароларнинг мурожаатлари асосида, балки тизимли равишда бажаришни — ушбу соҳада баҳолаш ишларини олиб бориш, меъёрларни белгилаш ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз», — деди Нурмат Атабеков.
Шу билан бирга, сенаторнинг оддий одам зарарли шовқин даражаси ва давомийлигини қандай қилиб мустақил равишда ёки ваколатли органлар орқали қайд этиши мумкинлиги ҳақидаги саволига тўғридан тўғри жавоб берилмади.
«Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда аҳолини ҳимоя қилишнинг умумий қоидалари, давлат органларининг ваколатлари, шовқин таъсири меъёрлари, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал ҳордиқ чиқаришини бузадиган ҳаракатлар рўйхати, шунингдек, бундай қоидабузарликларга йўл қўйилмайдиган вақт даврлари кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат кучга кириши учун уни президент имзолаши керак.
