• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар эгаларига ҳар йили экологик компенсация тўлаш мажбурияти юкланиши мумкин



Ўзбекистонда эксплуатация муддати тугаган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини қайта ишлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Президент қарори лойиҳаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан 28 июнгача муҳокама қилиш учун эълон қилинди.

Ҳужжат атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, шунингдек, эскирган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг қисмларини қайта ишлашнинг самарали тизимини яратишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, тизим босқичма-босқич жорий этилади. У 2026 йилдан бошлаб M1 тоифасидаги транспорт воситаларини (енгил автомобиллар), 2027 йилдан бошлаб M2, M3, N1, N2 ва N3 тоифаларидаги микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобилларини, 2030 йилдан эса барча турдаги ғилдиракли транспорт воситаларини қамраб олади.

2027 йил 1 январдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобиль эгалари йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (ҳозирда 12,36 миллион сўм) миқдорида экологик компенсация тўлашлари керак бўлади.

Бундан ташқари, лойиҳада «зарарли» экологик тоифага киритилган транспорт воситаларидан фойдаланишни ва уларни қайта рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бундай автомобиллар давлат рўйхатидан чиқарилади. Антиквар автотранспорт воситалари бундан мустасно бўлади.

Тизим қандай ишлайди?

Лойиҳа билан, фойдаланиш муддати тугаган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини қайта ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Фойдаланиш муддати тугаган автомобиль деганда техник, иқтисодий ёки экологик сабабларга кўра ундан кейинчалик фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлмаган, шунингдек, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаси тушунилади.

Бундай автомобилларни утилизацияга топшириш икки босқичда амалга оширилади: дастлаб баҳолаш, сўнгра транспорт воситасини қабул қилиш ва утилизация қилиш.

Автомобиль эгаси ўз машинасини техник кўрикдан ўтказиши керак бўлади. Техник кўрикдан ўтмаган машиналар баҳолаш учун қабул қилинмайди. Шундан сўнг эгаси электрон платформа орқали автомобилнинг асосий маълумотларини — маркаси, ишлаб чиқарилган йили, техник ҳолати ва бошқа маълумотларини кўрсатган ҳолда баҳолаш учун ариза топшириши мумкин бўлади.

Баҳоловчи автомобилни беш иш куни ичида баҳолаши керак. Баҳолаш натижалари гувоҳнома шаклида расмийлаштирилади ва электрон платформага жойлаштирилади.

Баҳолашдан сўнг автомобиль эгаси машинани операторга топшириш учун ариза бериши мумкин. Аризага транспорт воситаси ҳисобдан чиқарилганини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиш лозим бўлади.

Оператор автомобилни қабул қилиб олади ва қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштиради. Бунинг эвазига эгасига пул маблағлари тўланиши, янги автомобиль сотиб олиш учун имтиёзли шартларга эга электрон ваучер тақдим этилиши ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклда компенсация тўланиши мумкин.

Ҳисоб-китоблар миқдори ва шартлари баҳолаш якунлари бўйича белгиланади ҳамда шартномада қайд этилади.

Янги автомобиллар сотиб олиш учун ваучерлар

Лойиҳада электрон ваучерлар бериш имконияти назарда тутилган. Уларни Ўзбекистонда автомобиль сотиш билан шуғулланувчи юридик шахслар қабул қилиши мумкин бўлади.

Ваучерга эга бўлган харидорга янги автомобиль сотишда сотувчи ваучерда кўрсатилган сумма миқдорида чегирма бериши керак. Автомобиль қийматининг қолган қисмини бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўлаш орқали тўлаш имконияти яратилади.

Электрон ваучер ва унда кўрсатилган чегирма суммаси берилган санадан бошлаб олти ой давомида амал қилади.

Эски автомобилларни тиклаш ёки экспорт қилиш мумкин бўлади

Лойиҳага кўра, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кам бўлган автомобиллар, агар улар техник хавфсизлик ва йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига жавоб берса, экспорт қилиниши ёхуд қайта тикланиб, иккиламчи бозорда сотилиши мумкин.

Операторлар қабул қилинган, қайта ишланган, тикланган, иккиламчи бозорда сотилган ёки экспорт қилинган автомобиллар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, шартномалар, қабул қилиш-топшириш далолатномалари, ҳисоб-фактуралар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини электрон платформага киритиб боришлари шарт бўлади.

«Яшил» субсидиялар

Лойиҳада, шунингдек, утилизация йиғими ҳисобидан баҳоловчилар ва операторларга «яшил» субсидиялар ажратилиши назарда тутилган. Субсидиялар уларнинг эски транспорт воситаларини баҳолаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатган фаолиятлари натижаларига асосланиб ажратилади.

Субсидия олиш учун аризалар электрон платформа орқали топширилади. Агентлик уларни етти иш куни ичида кўриб чиқиши керак. Ариза маъқулланган тақдирда, маблағлар уч иш куни ичида ўтказиб берилади.

«Яшил» субсидиялар олган лойиҳалар рўйхати агентликнинг расмий веб сайтида эълон қилиб борилади.

Тизим учун ким жавобгар бўлади?

Баҳоловчилар ва операторларни тендер орқали аниқлаш режалаштирилмоқда. Тендер комиссиялари жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Ғолиблар электрон платформада рўйхатдан ўтказилади, операторлар билан эса беш йил муддатга шартномалар тузилади.

Баҳоловчилар ва операторлар давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасига эга бўлишлари ҳамда экологик нормативларга мувофиқ келишлари шарт.

«Ноль чиқинди» тамойили асосида ишлашга қаратилган, жумладан, чиқиндилардан иккиламчи хомашё ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишни назарда тутувчи лойиҳалар, жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан энг яхши таклифлар саралаб олинганидан сўнг тўғридан тўғри музокаралар якунларига кўра белгиланиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *