• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Суд Расул Кушербаевнинг нақдсиз тўлов бўйича заправка устидан киритган шикоятини рад этди. Деталлар

Суд Расул Кушербаевнинг нақдсиз тўлов бўйича заправка устидан киритган шикоятини рад этди. Деталлар


Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоатчилик фаоли Расул Кушербаевнинг Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бири, яъни Las and Group МЧЖ устидан киритган шикоятини қаноатлантирмади. Gazeta мухбири 3 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида қатнашди.

Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда 1 апрелдан бир қатор товарлар ва хизматлар учун нақд тўловларни амалга ошириш тақиқланди. Хусусан, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам ушбу тартиб жорий этилган. Мазкур масала ҳамон баъзи эътирозларга сабаб бўлмоқда ва бу суд залига ҳам етиб борди.

Даъво аризасига кўра, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев 9 май куни соат 22:30 атрофида пойтахтнинг Шота Руставели кўчасида жойлашган АЁҚШлардан бирида автомашинасига 10 литр бензин қуйдирган. Шохобча кассири тўловни онлайн амалга оширишни сўраган. Кушербаев бунга имкони йўқлиги, нақд пулда тўлов қилишини таъкидлаган. Аммо шохобча раҳбарияти буни рад этган ва улар президент имзолаган фармонни асос сифатида келтирган.

Расул Кушербаев эса Конституция ва амалдаги мавжуд қонунларга асосан, тўловни нақд пулда бажариш ҳуқуқи борлигини айтган. Лекин АЁҚШдагилар буни яна рад қилган. Шундан сўнг жамоатчилик фаоли ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ички ишлар органларига мурожаат қилган. ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб, ҳар икки томондан ҳам тушунтириш хатлари ёздириб олган. Шунингдек, Расул Кушербаевга бу масала юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги айтилган. Шу тариқа, собиқ депутат ёнилғи қуйиш шохобчаси устидан Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво аризаси киритган.

26 май куни ўтказилган иккинчи суд мажлисида жавобгар Las and Group МЧЖ вакили онлайн тўлов тизимини ўз ташаббуси билан жорий этмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, юқори турувчи ташкилотлар томонидан нақд пулда савдо қилмаслик қатъий талаб қилинган ва бу бўйича розилик хатлари ҳам олинган.

Шунингдек, МЧЖ вакили нақд пул қабул қилиш учун мўлжалланган касса тизими Солиқ қўмитаси томонидан блокланганини айтди. Унинг таъкидлашича, тадбиркор хоҳлаган тақдирда ҳам, нақд пул орқали савдо қилиш имконига эга эмас.

Суд Кушербаевнинг даъвосини рад этди

3 июнь куни судья Шаҳноза Ибрагимова раислигида бўлиб ўтган якуний суд мажлисида Ўзэнергоинспекция, Солиқ қўмитаси, бизнес-омбудсман ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси юристлари ҳам қатнашди. Ваколатли органлар вакиллари ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Суд даъвогар Расул Кушербаевнинг Las and Group МЧЖга нисбатан нақд пул маблағларини қабул қилишдан бош тортишда ифодаланган хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топиш, нақд пул қабул қилиш мажбуриятини юклаш ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирмади. Шунингдек, Кушербаевдан давлат фойдасига 824 минг сўм давлат божи ундириш белгиланди.

заправка, нақдсиз тўловлар, расул кушербаев, суд жараёни

Судьянинг тушунтиришича, миллий валюта — сўм билан ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқи ва тўловни амалга ошириш усули бир-биридан фарқ қилади. Суд нақдсиз шаклда тўлов талаб қилиниши амалдаги қонунчиликка зид эмас деган хулосага келган.

Қарорда қайд этилишича, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида нақдсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш назарда тутилган. Шу сабабли суд даъво талабларини асоссиз деб топиб, рад этган.

Судья тарафлар ҳал қилув қарори устидан бир ой ичида апелляция, олти ой ичида эса кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи мавжудлигини эслатиб ўтди.

Расул Кушербаев: «Гап 109 минг сўмда эмас, Конституциянинг ишлашида»

Суд мажлисидан сўнг собиқ депутат Расул Кушербаев ОАВ вакилларига интервью берди. Унинг айтишича, ёнилғи қуйиш шохобчасида 109 минг сўмни нақд тўлай олмагани масаланинг асосий моҳияти эмас.

«Мен бу пулни пластик карта орқали ҳам тўлашим мумкин эди. Лекин масала фақат тўловда эмас. Гап Конституцияда кафолатланган ҳуқуқлар амалда қай даражада таъминланаётганида», — дейди у.

Кушербаевнинг таъкидлашича, фуқаролар миллий валюта — сўм билан ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга. Унинг фикрича, нақд пул қабул қилинмаслиги Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларнинг амалда қандай ишлаётгани ҳақида саволлар туғдиради.

«Муаммо менинг хатти-ҳаракатимда эмас, балки Конституцияга ишонганимда. Мактабда Конституция мамлакатнинг бош қонуни экани ўргатилган, қонунга итоат қилиш кераклиги сингдирилган. Бугун эса шу ҳуқуқларни талаб қилсангиз, улар қай даражада ҳимоя қилинаётгани ҳақида савол пайдо бўляпти», — дейди собиқ депутат.

У суднинг биринчи инстанция қароридан норози эканини билдириб, ишни апелляция ва зарур бўлса Конституциявий судгача олиб бориш нияти мавжудлигини айтди. «Умид қиламанки, фуқароларнинг ҳуқуқлари тан олинади. Керак бўлса, Конституцияда белгиланган ҳуқуқларни тиклаш учун халқаро инстанцияларгача мурожаат қиламиз», — дейди Кушербаев.

Унинг фикрича, мазкур иш фақат нақд пул билан тўлов масаласи эмас, балки суд ҳокимияти мустақиллиги ва Конституция устуворлигига бўлган ишонч билан ҳам боғлиқ.

«Бугунги қарор суд мустақиллигига бўлган ишончимни янада пасайтирди. Масаланинг ўзи иккинчи даражали. Асосий савол — қонун устувор турадими ёки айрим шахсларнинг хоҳиши?» — дейди у.

Кушербаев суд қарорининг тўлиқ матнини жамоатчиликка тақдим этишини, фуқаролар эса суд унинг Конституция ва қонунларга таянган даъволарини қандай асослар билан рад этганини мустақил баҳолаши мумкинлигини билдирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *