• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 15−21 июнь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Gazeta шарҳи


Ушбу шарҳ Ўзгидрометнинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда Ўзгидромет ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Паст босимли иссиқ ҳаво оқими ҳамда Қозоғистондан ўтиши кутилаётган циклоник жараёнлар жорий ҳафтанинг иш кунлари учун ҳудудларда чақмоқ-момақалдироқли жала ёғинлар, айрим кунларда кучли шамол, чанг тўзонлари ва юқори дим иссиқ ҳарорат муҳитини тақдим этиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда қисқа даврда жуда кучли ёғинлар бўлиши мумкин.

Ҳафта давомида ҳудудларда +37 даражадан +42 даражагача иссиқ ҳарорат қийматлари кутилади. Ёғинлар ортидан ҳароратнинг қисқа давр учун пасайиши юз берса-да, эртасига яна ҳарорат кўтарилиб бориш тамойилига эга. Ёғинлар асосан душанба, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари республиканинг кўпроқ қисмида ёғиш тамойилига эга.

Манба: Meteoinfo.ru

Ҳафта иш кунлари бир жазирама, бир осмонга булут оралаб ҳарорат дим хусусиятли бўлса ҳам ҳароратнинг бироз пасайиши ҳафта иш кунлари кўплаб жойларда ўтмиш июнь ўрталарига хос ва бироз иссиқроқ ҳафтани тақдим этиши ойдинлашмоқда. Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳам ҳафтанинг иш кунларида ўртача беш кунлик ҳарорат қиймати республикада меъёрий ва кўплаб ҳудудларда меъёрдан 1−2 даража юқори яъни бироз иссиқроқ ўтиши келтирилган.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, душанба ва сешанба кунлари кўплаб ҳудудларда ҳарорат максимумлари +37…+40 даража, жанубда +42 даражагача иссиқ бўлиши ойдинлашмоқда. Чоршанба шимолда, пайшанбадан бошқа ҳудудларда ҳам ҳароратнинг ҳафта бошларига нисбатан бироз пасайиши рўй беради. Аммо, бу эндиликда ҳарорат қийматлари сезиларли салқинлаганини англатмайди. Ҳафта бошларига нисбатан нари борса ҳарорат 2−3 даражагача пасаяди холос. Тунги ҳарорат қийматларида ҳам шу каби ўзгариши тамойилига эга. Тоғларда ҳафта давомида кундузги ҳарорат максимумлари +29 даражагача, тунги ҳарорат минимумлари +13 даражагача ўзгариб туради.

Ёғингарчилик кесимида ҳафта давомида ёғин тақсимоти жойларда жуда нотекис тақсимотга эга. Айрим ҳудудларда жала ёғинлар ойлик ёғингарчиликларни тақдим этиб қўйиши мумкин. Бир вилоятнинг бир қисмида кучли жала ёғса, қўшни ҳудудларда ҳатто ҳафта давомида осмондан умуман ёғин тушмаслиги мумкин. Чунки, айни пайтда нам ҳаво оқимлари кириб келишидан олдин ҳудудларда ҳарорат анча юқори бўлади. Шундай қилиб, душанба ва сешанба кунлари Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида, ҳафтанинг иш кунлари жануб вилоятларида ёғингарчилик бўлмаслиги ойдинлашган. Душанбадан жума кунига қадар бошқа вилоятларда асосан куннинг иккинчи ярмида момақалдироқ хусусиятли жала ёғинлар ёғиши мумкин.

Қуйидаги хорижий об-ҳаво прогноз моделларидаги ҳафталик ёғингарчилик прогноз харитасида ҳам ҳафта давомида ёғинлар ўтган ҳафтадагидан кўпроқ ҳудудларда кузатилиши мумкинлиги келтирилган. Хусусан, республиканинг айрим тоғ ва тоғ этакларида кучли жала ёғинлар ёғиши мумкинлиги сариқ ва қизил рангларда тасвирланган. Тошкент вилояти Паркент тумани ва Наманган вилояти Поп туманида эҳтимолий ёғин аномалияси кузатилиши тахмин қилинмоқда.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Жорий ҳафтанинг иш кунлари ҳудудларда куннинг иккинчи ярми деганда бир димланиши ортидан кучли шамоллар бўлиши, айрим ҳудудларда чанг тўзонлари кўтарилиши кутилмоқда. Чоршанба-жума кунлари айрим тоғ ва тоғ олди туманларида кучли сел ўтишлари ва ҳаттоки ёнғинлар хавфи ҳам ортиши мумкин.

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, жорий ҳафта Қизилқум чўлларида кўп йиллик иқлимий меъёрдан юқори иссиқ ҳарорат бўлишини ҳисобга олмаса, кўплаб ҳудудларда меъёрий ва меъёрдан бироз паст ҳарорат кузатилиши ойдинлашади. Ёғингарчилик кесимида эса жорий ҳафта Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларини инобатга олмаса, бироз намгарчил ўтиши аниқ бўлган.

Шундай қилиб, жорий ҳафта Ўзбекистонда ёз ойлари учун кузатиладиган жазирама иссиқдан тортиб, кучли шамол, кучли жала ёғинлар, чангли ҳаволар билан боғлиқ беқарор ҳафта кунларига гувоҳи бўлишимиз мумкин. Ҳаттоки, жойларда ёнғин чиқишлари ҳам кўпайиб қолади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

15−16 июнь кунлари минтақада кутилаётган кичик градиентли иссиқ паст босим атмосфера соҳаси аксарият соғлом одамларда жиддий муаммо туғдирмайди. Бироқ метеосезгир кишиларда бош оғриғи, уйқучанлик, ҳолсизлик, қон босими тебранишлари каби аломатлар кузатилиши мумкин. Мутахассислар бундай пайтда кўпроқ сув ичиш, куннинг энг иссиқ пайтларида ташқарида узоқ қолмаслик ва юрак-қон томир касалликлари борларга ўз саломатлигини назорат қилишни тавсия этадилар. Ҳафтанинг бошқа кунлари атмосфера босими нормал атмосфера босимига яқинлашади, аммо, куннинг қизиган пайтида дим иссиқ ҳаво сабаб айни бу каби омилга таъсирчанлар ўзларини бироз ноқулай ҳис этишлари мумкин.

Биоиқлимий шароитлар. Ҳафта бошлари воҳа томон ва жануб туманларда мавсум учун илк экстремал иссиқлик ҳиссиётларини қабул қилишлари мумкин. Яъни ҳарорат, намлик ва шамол тезлиги прогноз маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқилган халқаро индекслардаги экстремал иссиқлик ҳолати республиканинг айрим ҳудудларида кузатилиши мумкин. Масалан, қуйидаги биоиқлимий индекс прогноз моделларига кўра, 15 июнь куни соат 14.00 да Бухоронинг Қоракўл ва Олот туманлари ҳамда Сурхондарё вилояти жанубий туманларида аҳоли экстремал иссиқлик ҳиссиёти таъсирида бўладилар.

об-ҳаво, об-ҳаво башорати, об-ҳаво маълумоти, эркин абдулаҳатов

Умуман олганда, жорий ҳафта иш кунлари кўпчилик куннинг иккинчи ярмида жуда иссиқ ва дим об-ҳаво муҳитини ўз танасида ҳис қилади. Ҳафта бошларида тунги муддатдаги вазиятлар ҳам нисбий қулай иссиқлик ҳиссиётлари каби бўлиши мумкин. Ҳафта ўрталаридан тунги ва тонгги муддатларда ёзги салқинлик минтақага яна қайтади.

Космик таъсирлар. Ўтган дам олиш кунлари Қуёш сиртидаги доғларда М ёки Х синф кучли чақнашлар кузатилмади. Аммо ўтган жума куни Қуёш доғларидан ажралиб чиққан плазманинг Ер сайёраси ионосферасига урилиши ҳисобга олинса, эҳтимол душанба куни «сариқ» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишлари кузатилиши мумкин.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистоннинг Олмаота ионосфера институти ҳам шунинг учун ҳафтанинг бошлари яъни душанба ва чоршанба кунлари учун 3−4 баллик «сариқ» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишларига эътибор қаратган.

Манба: spaceweatherМанба: spaceweather

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Ўзгидромет синоптиклари ҳафтанинг душанба, сешанба ва пайшанба кунлари учун чўл ҳудудларида нам ҳаво оқимлари кириб келиш олди кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмоқда. Бундай пайтда айрим ҳудудларда қисқа муддат бўлса ҳам ҳавога чанг кўтарилиши ва ҳавонинг бироз ёмонлашуви кутилади.

Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 15−22 июнь кунлари Ўзбекистонда асосан беқарор иссиқ дим об-ҳаво бўлиши, айрим муддатларда жала ёғинлар, чангли шамоллар бўлиши ойдинлашмоқда. Шунинг учун ҳафта давомида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит ҳафтанинг жума ва дам олиш кунларига тўғри келмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *