Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида енгил ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

ЙТҲ 14 июнь куни соат 13:30 атрофида Д-098 Қўқон-Яйпан-Исфара автомобиль йўлининг 21-километрида, туманнинг Жомий маҳалласидан ўтувчи Навоий кўчасида юз берган.

18 ёшли қиз Р.Н. Lacetti автомобилини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмаган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Сўнгра ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган, 53 ёшли Р.О. бошқарувидаги Faw Tiger юк машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда Lacetti ҳайдовчиси Р.Н. ва машинада бўлган 19 ёшли йўловчи З.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.