15 июнга ўтар кечаси Россиянинг Киевга уюштирган ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, 25 киши жароҳатланди, жабрланганлар орасида икки нафар бола ҳам бор, дея хабар бермоқда Украина расмийлари.
Бутун шаҳар бўйлаб, жумладан, Киев-Печерск лавраси ҳудудида ҳам вайронгарчиликлар қайд этилган, у ердаги Успенский соборида ёнғин чиққан. 140 мингга яқин аҳоли электр таъминотисиз қолган.
Бундан ташқари, Александр Довженко номидаги Миллий киностудия ҳам зарбага учраган ва либослар цехи зарар кўрган. «Украинанинг энг катта ва энг қадимий костюмлар коллекцияси йўқ қилинди. Студияда 100 мингга яқин костюм ва уч миллион дона кийим-кечак бор эди», — дея баёнот берди Украина маданият вазири Татяна Бережная.
Украина Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, тунги ҳужумда Украина бўйлаб 600 дан ортиқ учувчисиз учиш аппарати ва 70 та ракета қўлланган, улардан 50 та ракета ва 582 та дрон уриб туширилган. Зарбанинг асосий йўналиши Киев бўлган, шунингдек, ракеталар Днепр ва Харьковга ҳам ҳужум қилган.
Россия Мудофаа вазирлиги «Киев режимининг террорчилик ҳаракатларига жавобан» Украина шаҳарларига зарбалар берилганини тасдиқлади. Вазирликнинг даъво қилишича, ҳужумдан кўзланган мақсад Киев, Харьков ва Днепрдаги мудофаа-саноат мажмуаси объектлари, шунингдек, ҳарбий аэродромлар ва сафарбарлик марказлари бўлган. «Зарба мақсадларига эришилди, белгиланган барча объектлар йўқ қилинди», — дейилади идора баёнотида.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги душанбага ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россия ҳудудлари устида Украинанинг 123 та учувчисиз учиш аппаратини уриб туширганини маълум қилди. Тула вилоятида бунинг оқибатида уч киши ҳалок бўлган.
