Март ойида Тошкентда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан «Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессорлари, Ўзбекистондаги имом ва отинойилар, маҳалла вакиллари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси олимлари иштирок этди.
Фото: UNFPA.
Семинарнинг исломда аёллар ҳуқуқлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини оширишга бағишланган муҳокамалари тафсилотларини аввалроқ тақдим этган эдик. Қуйида эса эрта турмуш ва турмуш мавзуларига бағишланган сессия ҳақида сўз боради.
Шариатда аёлларни эркак шифокорга кўринишдан тўсиш мумкинми? Эр-хотин ажрашсаю, эркак хотинига талоқ бермаса, бу масала Ал-Азҳар тажрибасида қандай ҳал қилинади? Ота-оналар қизларини турмушга мажбурлашга ҳақлими? Ўзаро кўнгли йўқ икки инсонни бирга яшашга мажбурлаш зулм ҳисобланадими? Семинар давомида иштирокчилар томонидан исломшунос олимларга йўлланган шу каби саволлар муҳокамаларни янада жонлантирди.
Эрта турмуш ҳақида тиббий хулосалар
«Эрта турмуш масаласида шаърий ҳукм ҳам тиббий хулосаларга таянади», — дейди Ал-Азҳар ҳузуридаги Аҳолишунослик ва тадқиқотлар бўйича халқаро ислом маркази директори, акушерлик ва гинекология соҳаси профессори Гамал Серур.
Унинг қайд этишича, ЖССТ ва UNICEF 18 ёшдан олдинги никоҳни эрта никоҳ сифатида кўрсатади. Дунё миқёсида тахминан 40 000 қиз 18 ёшдан олдин турмуш қуради. UNICEF маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили тахминан 12 миллион қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқади. 2022 йилги сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда эрта турмуш бошқа мамлакатларга қараганда кичикроқ кўрсаткичда — 3−4 фоизни ташкил қилади. Яъни ҳар 100 ҳолатга икки-учта тўғри келади. Таққослаш учун, 1997 йилда бу кўрсаткич 17 фоиз бўлган.
«Эрта никоҳдан сўнг ҳомиладор бўлган онанинг бачадони ҳомилани кўтариб юришга тайёр бўлмагани боис бола тушиши, муддатидан олдин туғуруқ ҳолатлари кўп кузатилади. Онанинг қон босими доимий кўтарилиб юриши, қон плазмаси етишмаслиги натижасида бола кам вазн, ўпка етишмаслиги, турли асаб касалликлари ва бошқа нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Қолаверса, болаларнинг реанимацион ҳолатга тушиб, ҳаётдан кўз юмиши ҳам кўп кузатилади», — дейди профессор.
Унинг қайд этишича, ёши катта оналардан туғилган фарзандларга қараганда 18 ёшдан кичик оналардан туғилган болаларнинг ўлими беш карра кўпроқ содир бўлади. Эрта никоҳнинг олдини олиш аввало болалар ўлимини камайтириш учун муҳим.
Профессор Гамал Серур нутқ қилмоқда.
«Баъзи давлатларда „Агар эрта никоҳга рухсат берсак, лекин ҳомилани кечиктирсак бўлмайдими?“, деб сўрашади. Бу кўпинча бошқариладиган жараён эмас. Яъни турмушга чиққан ёш қизларнинг 50 фоизи дастлабки даврларда ҳомиладор бўлади», — дейди Аҳолишунослик ва тадқиқотлар бўйича халқаро ислом маркази биология профессори Мерват Маҳмуд.
Шунингдек, эрта никоҳдан кейин ҳомиладор бўлганлар бу жараёнини каттароқ ёшдаги аёлларга нисбатан қийин ўтказади. Кальций ва бошқа моддаларнинг етишмаслиги натижасида аёлда кўп қайт қилиш кузатилади.
«Бола ҳажми туғилиш каналига мос келмагани боис туғуруқ жараёни ҳам жуда секин ва қийин ўтади. Бунинг натижасида онада таносил органлари касалланиши, пешоб ушлолмаслик ҳолатлари пайдо бўлади. Масалан, унинг ётоғидан, кийимидан доимий пешоб ҳиди келиб юрганда эри, оила аъзолари, жамият томонидан ажратиб қўйилади. Аёллар уйларига сиғмай қолади. Бунинг руҳий босими таъсирида эса ўз жонларига қасд қилишлари ҳам мумкин», — дея таъкидлайди олима Мерват Маҳмуд.
Профессор Мерват Маҳмуд — марказда.
Эрта никоҳдан кейинги туғуруқ жараёнида оналар вафоти ҳам кўп кузатилади. 20−24 ёшли аёлларга нисбатан 18 ёшдан кичикларда туғуруқдаги ўлим хавфи юқори бўлади.
Профессор Гамал Серур оналар ўлимига оид умумий статистикани баён қилади.
2023 йилда дунё бўйича ҳар куни 700 дан ортиқ аёл ҳомиладорлик ва туғруққа боғлиқ сабаблардан вафот этган. Бу туғуруқ жараёнида ҳар 2 дақиқада бир аёл ҳаётдан кўз юмганини англатади. ЖССТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2020 йил оналар ўлими кўрсаткичи тахминан ҳар 100 000 тирик туғилишга 30,2 та ўлимни ташкил этган. Бу кўрсаткич 1990 йилда 61, 2015 йилда 36 тани ташкил этган. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2025 йилда бу кўрсаткич 14,8 нафарни ташкил этган.
Булардан ташқари, эрта турмушнинг ижтимоий ва иқтисодий хатарлари ҳам бор. Профессорнинг тушунтиришича, эрта никоҳда қиз меҳрга муҳтож бўлиб турмуш қуради. Эркалик, кичкиналик ва яхши муомаладан барвақт узилган она келажакда болаларига ҳам меҳрни етказиб беришда қийналади. Бу уларнинг соғлом руҳий ҳолатда улғайиши, ижобий тарбия олишига таъсир кўрсатади.
«Аксар Шарқ мамлакатларида оила фақат эр ва хотиндан иборат эмас. Эрнинг ота-онаси, бошқа оила аъзолари ҳам бўлади. Эрта турмуш қурган қиз улар билан мулоқотда, муаммоли вазиятларни ечишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин», — дейди профессор.
Семинар иштирокчилари.


Шунингдек, Гамал Серурнинг таъкидлашича, эрта турмуш қурган қиз мактабдан қолади, кейинги таълимларни ҳам давом эттиролмайди. Натижада меҳнат бозорида ўз ўрнини тополмаслик эҳтимоли ошади.
«Ўзининг иши, меҳнат бозорида ўрни бор аёл қайсидир даражада оиланинг, болаларининг иқтисодий фаровонлигига ҳам таъсир ўтказади. Етук таълим олган аёл болани қандай тўғри катта қилиш, касалликлардан қандай ҳимоялаш кераклигини билади, ҳеч бўлмаганда бошига тушганда ўқиб-ўрганишдан, изланишдан қочмайди», — дейди профессор.
Гамал Серур маърузасини ниҳоялар экан, эрта турмуш масаласида фақат қизлар билан ишлаш тўғри эмаслигини таъкидлайди. «Эркаклар ҳам бу муаммонинг бир қисми. Шундай экан, улар ҳам ечимга ҳисса қўшишлари лозим».
Оила қуриш қачон фарз бўлади?
«Шариат турмушга чиқиш ёши сифатида маълум бир сана белгиламаган», — дейди Ал-Азҳар университети собиқ президенти, профессор Ибраҳим Элҳодҳод. Унинг тушунтиришича, ҳанафийликда балоғат ёши ва рушд (ҳидоят) ёши деган атамалар бор. Балоғат ёши йигит ёки қизнинг танасида балоғат белгилари пайдо бўлиши билан белгиланади. Аммо у оилани тутиш, унинг молиясини бошқариш, турли муаммоларни ечишга тайёр бўлиши учун ақлий камолотга, етган бўлиши керак.
«Умуман олганда, балоғат ёши макон, замонга қараб турли халқларда турлича бўлиши мумкин. Шунинг учун уни белгилашда ихтилофлар ҳам бўлган. Тиббиёт ривожланиши билан бу ихтилофларга ўрин қолмади. Ақлан, жисмонан, руҳан ва фикран вояга етишнинг бошланғич даври 18 ёш этиб белгиланиб, бу турмуш қуриш учун дастлабки чегара сифатида қабул қилинди», — дейди Ибраҳим Элҳодҳод.
Профессор Ибраҳим Элҳодҳод.
Олимнинг қайд этишича, бу масалада тиббиёт ва шаърий меъёрларга таянган ҳолда Ал-Азҳарнинг фатвоси чиққан. Миср қонунлари бўйича ҳам 18 ёшдан олдин никоҳни қайд этиш жиноят ҳисобланади. Бироқ шунда ҳам томонларнинг жисмоний камолга етгани инобатга олиниши жоиз. Агар қиз 18 ёшга тўлган бўлсаю, оила қуришга жисмонан тайёр бўлмаса, бу ёшда ҳам мажбурлаб бўлмайди.
«Никоҳдан асл мақсад насл қолдириш экан, соғлом наслни дунёга келтириш учун аёл организми бунга тайёр бўлиши керак. Қолаверса, қиз бола 18 ёшдан олдин мактабда ўқийди, ана шу пайтда унинг бўйнига оила юки қўшилса, у қийналади. Бу унга нисбатан зулм бўлади», — дея қўшимча қилади олим.
Семинар модератори, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Нигора Юсупова эса жамиятда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Имкон қадар эрта турмуш қуринглар» деган ҳадислари асос сифатида келтирилиши, халқ орасида «Жойи чиқса, текин бер», деган гап юришини айтиб, «Бу ҳадиснинг ҳикмати инсонларни оилага бирикиши, оила риштаси билан бир-бирини тўлдириши, зинодан сақлашга тарғиб ҳисобланади», — дейди.
Унинг қайд этишича пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом кунларнинг бирида йигитлар давраси олдидан ўтаётганларида «Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким боатга қодир бўлса, ана, уйлансин», дейдилар. Шу ердаги боат нима, деган саволга уламолар ҳам жисмонан, ҳам руҳан, ҳам маънан оила қуришга қудрати етиш, деб жавоб беришади.
«Бу ҳадис бизга жуда яхши қоида бўлади. Агар инсон жисмонан етилсаю, маънан ва руҳан тайёр бўлмаса, оила қуриш унга фарз бўлмайди. Шариатнинг мақсади оила риштасини имкон қадар сақлаб қолиш. Бир касб-кори бўлса, ақлан, маънан, руҳан тайёр бўлса, ана шундагина фарз бўлади. Томонлар мажбуриятларини адо эта олади, бир-биридан рози бўлади. Натижада оила мустаҳкамланиб, ажримларнинг олди олинади», — деб таъкидлайди Нигора Юсупова.
Профессор Нигора Юсупова.
Ал-Азҳар исломий тадқиқот комплекси кенгаши аъзоси, профессор Абдуллаҳ Элнагарнинг фикрича, никоҳ орқали бир жамиятдан иккинчи жамиятга қадриятлар ўтади. Никоҳ инсониятни давом эттирувчи восита ҳисобланади.
«Шунинг учун Аллоҳ таоло вояга етмаганларга уйланишни ҳаром қилди. Чунки бу бадандаги зўравонлик, ўзаро ҳиссизлик ва ишончсизликка таянади. Аллоҳ таоло никоҳни муборак қилган. У муҳаббат, ҳамкорлик, ҳурмат асосида бўлиши керак. Вояга етмаганлар билан турмуш қуришда Аллоҳ таолонинг иродаси содир бўлмайди. У буюрган вожиботлар адо этилмайди», — дейди профессор.
Қолаверса, унинг таъкидлашича, никоҳ ўзаро тенглик, розилик, эркинликда ва ўз фикрини эркин ифодалаган ҳолда содир бўлиши керак. Вояга етмаганларда уйланишда ақлда, билимда тенглик бўлмайди. Никоҳланувчиларнинг бири иккинчисига босим ўтказмаслиги керак. Розиликсиз никоҳ Аллоҳ таоло шариат қилган никоҳга зид бўлади.
«Таълим олган, камолотга етган қизлар ўз ҳуқуқларини яхши англайди. Кичик ёшдагилар эса кўпинча бундан бехабар бўлиши мумкин. Шу сабаб эрта никоҳларда кўпинча қизларнинг ҳуқуқлари эътиборга олинмайди», — дейди профессор Абдуллаҳ Элнагар.
Шунингдек, у эрта никоҳнинг яна бир салбий жиҳати тез-тез фарзанд кўриш эканини айтади. Қизлар ўз саломатлиги, болани режалаштириш ҳақида етарли билимга эга бўлмай турмуш қурса, ҳомиладорликлар орасидаги масофа қисқариб кетади. Бу эса нафақат онанинг, балки фарзандларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади, тарбияда бир қатор қийинчиликлар юзага келади.
Профессор Абдуллаҳ Элнагар — ўнгдан иккинчида.
Профессор Абдуллаҳ Элнагар бу мавзудаги яна бир баҳсли масалага тўхталиб ўтди. «Эрта никоҳни қўллаб-қувватламоқчи бўлганлар пайғамбар алайҳиссалом Ойша розияллоҳу анҳога тўққиз ёшида уйланганлари ҳақида гапириб, турли ихтилофлар ҳам пайдо қилади. Бу пайғамбар алайҳиссаломгагина хос бўлган масала. Набий алайҳиссалом ифторсиз кетма-кет рўза тутганлар. Саҳобалар уларга эргашмоқчи бўлганларида пайғамбаримиз ифторсиз рўза тутишдан қайтарганлар. Демак, фақат пайғамбар алайҳиссаломгагина хос бўлган жиҳатлар ҳам бор», — деди олим.
Профессор Нигора Юсупова эса бу масалада аввал ҳам кўплаб ихтилофлар бўлгани, олдинги уламоларга ҳам шу масалада саволлар берилганини қайд этди. «Юқорида балоғат ёши замон, маконга қараб фарқ қилиши айтиб ўтилди. Ўша даврдаги ҳисоб-китоблар билан Оиша розияллоҳу анҳонинг 17−18 ёшда бўлганлари ҳақидаги хулосалар ҳам берилган. Табиийки, энди бу тарих. 14 аср ўтиб кетган тарихдаги воқеа-ҳодисанинг хулосасини бериш қийин бўлиши мумкин. Лекин Расулуллоҳ сийратларидаги бу мавзу бизгача ҳам ўрганилган ва шундай хулосалар ҳам мавжуд», — дейди олима.
Савол-жавоблар
Семинар иштирокчиларидан бири «Қизларни ота-онаси томонидан мажбурлаб турмушга беришда шариатнинг ҳукми қандай?», дея маърузачиларига савол йўллади. Профессор Ибраҳим Элҳодҳоднинг тушунтиришича, ислом турмушга қарорни қизларнинг ўз ихтиёрида қолдирган. Валийлар (ота ёки унинг ўрнига қолган шахс) қизларни турмушга мажбурлаши мумкин эмас. Профессор буни бир ҳадис билан изоҳлайди.
Асмо бинти Абу Бакр пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, саҳобалар ҳузурида «Ё Расулуллоҳ, отам мени бир кишига турмушга бермоқчи, лекин мен бунга рози эмасман», — дейди. Шунда пайғамбар алайҳиссалом «Агар хоҳласанг, отангнинг фикрини қабул қил, хоҳласанг рад эт», — дея жавоб беради. Қиз эса: «Мен отамнинг фикрини қабул қиламан, лекин бу борада аёлларнинг ҳуқуқи борлигини ҳам бошқаларга билдириб қўймоқчиман», — дея жавоб қайтаради.
Профессорнинг таъкидлашича, турмушга мажбурланганда бировнинг ҳуқуқи поймол бўлади ва бу ҳаром амал бўладиган масалага олиб келиши мумкин.

Хотин-қизлар қўмитасининг вакили баъзан оилалар ташқаридан рисоладагидек кўриниши, ҳатто фарзандлари ҳам бўлишига қарамай, эр-хотин ўртасида меҳр қолмагани сабаб ажрашиш истаги пайдо бўлишини қайд этди. «Сизларнинг маърузаларингизни тинглаб, инсонларнинг ҳаққи ҳақида кўпроқ ўйлай бошладим. „Кўнглим йўқ“ деган одамларни яраштиришга уриниш, яшашга мажбурлаш ҳам гуноҳ бўладими?», — дея маърузачиларга савол йўллади.
Профессор Ибраҳим Элҳодҳод яраштирув комиссиялари шариатда ҳам борлиги, пайғамбар алайҳиссалом, саҳобалар даврида ҳам бўлгани, бир томондан эрнинг, бошқа томондан хотиннинг обрўли, салоҳиятли, оқсоқол вакиллари низоли ҳолатларга уларга насиҳат қилишганини таъкидлади.
Олимнинг жавоб беришича, кўнгли йўқ икки инсонни бирга яшашга мажбурлаш маънавий зўравонлик ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам бирга яшашга мажбурлашга тавсия бермаганлар.
«Бу бир-бирига бефарқлик, зулм қилиши, эр-хотинлик бурчини адо этмаслик ва охир-оқибат гуноҳ ишларга, хиёнатларга қўл уришга сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, ўша оилада ўсаётган фарзандлар ҳам чиройли муҳитда катта бўлиши, тарбия топиши керак», — деди профессор.
Ал-Азҳар олимлари ва UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде.
Семинарда иштирок этаётган имомлардан бири эса талоқ масаласига оид муаммоларни кўтарди.
«Ёш куёвлар ишлаш учун бошқа давлатларга миграция қилади-ю, 10−15 йиллаб ҳам хабарсиз, ном-нишонсиз бўлиб кетади. Шунда бу ёқда қолган аёлининг бошқа турмуш қуриш масаласи кўтарилади ва талоқ муаммо бўлади. Ёки яна бошқа ҳолатларда келишмовчилик ортидан эр-хотин бирга яшамайди ёки ажрашади. Эркак бошқа оила қуриб кетади, лекин аёлига талоқ бермай, зулм қилиб юради. Ушбу масалаларда Ал-Азҳарнинг тажрибаси ва фатвоси қандай?», — дея маърузачиларга савол йўллади имом.
Профессор Ибраҳим Элҳодҳод аёлни талоқ бермай мажбуран никоҳда ушлаб туриш мумкин эмаслигини таъкидлаб, Мисрдаги икки хил тажриба билан бўлишди.
Биринчиси, агар эр узоқ муддат сафарга чиқиб, оилани ташлаб кетган бўлса, аёл ажрашиш учун қози (суд)га мурожаат қилади. Қози ҳолатни ўрганиб, барча шаръий ҳуқуқларни инобатга олган ҳолда никоҳни бекор қилиши мумкин. Бу зарар талоғи деб аталади. Зарарни исботлаш одатда қийин эмас — масалан, махсус идоралардан эрнинг қачондан бери мамлакатга кирмагани ҳақида ҳужжат олинади.
Иккинчиси, агар зарар исботланмаса ёки аёл хоҳлаб, эр ажрашишга рози бўлмаса, аёл «хул» йўли билан ажралиши мумкин. Бунда аёл маҳр ёки бошқа келишилган бадални қайтариши эвазига никоҳ бекор қилинади. Бу масала ҳам одатда қози иштирокида бўлади.
Яна бир иштирокчи «Ёшларга никоҳдан ўтишдан олдин никоҳ шартномаси ҳақида маълумотлар берамиз, аёлнинг ҳаққини ҳам алоҳида таъкидлаймиз, аммо менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда уялишадими, „Биз ажрашмоқчи эмасмиз, бахтли яшамоқчимиз“, деб шартнома қилишмайди. Мисрда ҳам никоҳ шартномаси борми?», — дея маърузачиларни саволга тутди.
Профессор Ибраҳим Элҳодҳод эса Мисрда ҳам никоҳ шартномаси борлигини қайд этиб, «Никоҳдан олдин шартнома бўлиши керак ҳам. Бошида никоҳланувчиларга барчаси гўзал кўринади. Аммо ислом дини ихтилоф масалаларни инобатга олиб қўяди. Келишмовчиликлар бўлганда ўша шартномага мурожаат қилинади», — деди олим.
Семинар иштирокчилари.


Бошқа иштирокчи эса «Аёллар касал бўлиб қолганда эри „мен даюс эмасман“ дея эркак шифокорга кўринишга рухсат бермайди. Ўзи бу шариатда қанчалик асосли ва бунақа ҳолатларда даюс атамасини қўллаш қанчалик ўринли», — деб сўради. Олимлар эса бутун семинар давомида кўп ишлатилган даюс сўзининг маъносини изоҳлади. Даюс — бу ўзига қарашли аёлларнинг фаҳш ёки номаҳрамлар билан ноўрин муносабатларига бефарқ бўлган, уларни қизғанмайдиган ва бу ишларга йўл қўйиб берадиган эркакка нисбатан ишлатилади, деди улар.
Профессор Абдуллаҳ Элнагарнинг таъкидлашича, оғриқ кучайиб турган бўлса ёки исталган бир даволовчи яхши мутахассисга эҳтиёж сезилса, уни тузатадиган одам эркак бўладими, аёл бўладими, фарқи йўқ. Бу ерда илм биринчи даражага қўйилади. Ўша мутахассис беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшади. Аллоҳ таоло ўз китобида инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳар нарсадан олдинда туришини айтиб ўтган. Инсон аввало Аллоҳга итоат қилиши керак ва ўз ишида, меҳнатида омонатдор (ҳалол, содиқ, масъулиятли) бўлиши лозим. Худди, шунингдек, эркак киши ҳам аёл шифокорга бориши мумкин.
«Жинс масаласини муаммо қилиб, аёлларни яхши мутахассисга кўринишдан тўсиш жуда нотўғри ва бугунги ижтимоий муаммолардан бири. Набий алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида, уларга хизмат кўрсатадиган одамнинг дини, жинсига қарамаганлар. Пайғамбаримиз илми кучли бўлса, бирор соҳани яхши билса, ғайридинларнинг номзодини ҳам қандайдир вазифаларга лойиқ кўрганлар. Қолаверса, манбаларда ўша даврдаги жангларда аёл табиблар эркакларни даволагани ҳақида ҳам маълумотлар келади», — деди профессор Абдуллаҳ Элнагар.
Ал-Азҳар профессорлари ва семинар ташкилотчилари.
Ал-Азҳар профессорлари, семинар иштирикчилари ва ташкилотчилари.
Профессор Ибраҳим Элҳодҳод ҳар бир инсон бадан, руҳ, нафс ва ақлдан ташкил топиши, диний етакчилар эса Аллоҳнинг шариати билан инсонларнинг ақл ва нафсига таъсир этиши мумкинлигини қайд этди. «Бу жуда катта масъулият. Ҳурматли имом ва отинойилар аҳоли билан мулоқотда юқорида муҳокама қилинган янглиш фикрларга барҳам бериш, тўғриларини тарғиб қилишда эътиборли бўлишингизни сўраймиз», — дея семинарга якун ясади профессор.
Семинарнинг хотин-қизларга зўравонлик мавзусига бағишланган сессиясини алоҳида материaлда тақдим этамиз.


