Марказий банк 2027 йилда инфляциянинг 5 фоизлик таргет кўрсаткичгача пасайишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган кескин рискларни кўрмаяпти. Бу ҳақда регулятор раҳбари Тимур Ишметов 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Сенатор Икромхон Нажмиддинов МБ бир неча йилдан бери инфляцияни 5 фоизгача пасайтириш мақсадини эълон қилиб келаётгани, бироқ 2025 йил якунларига кўра у ҳали ҳам мақсадли кўрсаткичдан юқорилигича қолаётганини таъкидлади.
«Инфляция даражаси фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ҳамда кредит ва жамғармалар қийматига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади», — деди у.
Сенатор МБ ҳисоботида инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига 2027 йилда эришилиши прогноз қилинаётганини эслатиб ўтди.
«МБ инфляция мақсадли кўрсаткичига айнан кейинги йилда эришилишига қанчалик ишонч билдирмоқда? Ёки бўлмаса инфляция прогнозлари мақсадли кўрсаткичга эришиш муддатини яна қайта кўриб чиқиш заруратини келтириб чиқариши мумкин бўлган хатар ва омиллар мавжудми?» — дея сўради Икромхон Нажмиддинов.
Тимур Ишметов сўнгги йилларда МБ инфляциянинг мақсадли даражасига эришиш муддати бир неча бор кечиктирилганини тан олди.
«Инфляцияга бир қатор омиллар таъсир этади: монетар, номонетар, ички ва ташқи омиллар. Биз албатта барча омилларни ва маълум бир прогнозларни инобатга олган ҳолда прогноз қиламиз. Лекин йил давомида бирон бирор бир ички ёки ташқи омил ўзгариб борса, албатта, ўзгаради» — дея қайд этди регулятор раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилларда энергия тарифларининг босқичма-босқич либераллаштирилгани ва уларнинг тадбиқ этилиш муддатлари муайян вақтга чўзилгани ҳам инфляция прогнозларига таъсир қилган бўлиши мумкин.
МБ раҳбари, шунингдек, инфляцияга таъсир кўрсатувчи асосий ички омилларга алоҳида тўхталди.
«[Прогнозларга] таъсир этувчи асосий ички омиллар — бу иқтисодиётда ялпи талабнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори сақланиб қолиши ва фискал харажатларнинг режадан ортиқ оширилиши (ҳукумат бюджетдан режалаштирилганидан кўпроқ харажат қилиши — таҳр.)», — деди у.
Ишметовнинг маълум қилишича, май ойи якунига кўра, йиллик инфляция даражаси 5,5 фоизгача пасайди (ўтган йилги юқори база ҳисобига, 2025 йилнинг май ойида нархлар ўртача 8,7 фоизга ошган эди).
«Шунинг учун кейинги йилда таргетга эришиш бўйича кескин рискларни кўрмаяпмиз. [Прогноздан] жиддий оғиш хавфини кўрмаяпмиз», — деди регулятор раҳбари.
Айни пайтда, унинг таъкидлашича, бир қатор ички ва ташқи хатарлар сақланиб қолмоқда. Ички омилларга тўхталар экан, Тимур Ишметов ялпи талабнинг иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори сақланиб қолиши эҳтимолини қайд этди.
«Яъни аҳоли даромадларининг ошиши, иқтисодиётда пулни кўпайишига мос равишда ишлаб чиқариш маҳсулотларни етказиб беролмаслиги ва фискал харажатларнинг режадан кўра юқорироқ оширилиши (ўтган йилларда бир неча бор такрорланганидек) ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди у.
Агар ҳукумат давлат харажатларини режадан ортиқ оширса, иқтисодиётда аҳоли, бизнес ва пудратчиларнинг ихтиёридаги пул кўпаяди. Улар товар ва хизматларни кўпроқ харид қила бошлайди. Ишлаб чиқариш ва импорт таклифни тезда оширишга улгурмаса, бу нархларга босим ўтказади.
Ташқи хатарларга тўхталар экан, МБ раиси геосиёсий кескинликлар, импорт нархлари, айниқса, ёқилғи ва озиқ-овқат нархлари ўсиши, шунингдек, логистика харажатларини санаб ўтди.
«Агар геосиёсий кескинликлар яна узоқ давом этса, импорт нархлари, асосан, [жаҳон бозорида] ёқилғи ва озиқ-овқат нархлари ошса, у ҳам бизга таъсир қилади. Логистик харажатлар ҳам қўшимча инфлацион босим яратиши мумкин», — деди Тимур Ишметов.
Унинг қайд этишича, санаб ўтилган омилларнинг барчаси ҳозирги прогнозларда инобатга олинган. Ушбу омиллар ўзгариши регулятор кутгандан кескин фарқ қилган тақдирда, прогнозлар ўзгариши мумкин.
«Лекин яна бир такрорлайман: кейинги йилги прогнозимиз 5 фоиздан четга чиқишига сабаб бўладиган жиддий хавфларни кўрмаяпмиз», — деди у.
Шунингдек, МБ раҳбари ўз маърузасида регуляторнинг асосий эътибори ўрта муддатда инфляцияни 5 фоиз даражасида жиловлашга қаратилганини маълум қилди.
«Асосий вазифамиз ўрта муддатда инфляцияни 5 фоиз даражасида жиловлашдир. Бу шунчаки рақам эмас. Бу барқарор нархлар, бизнес учун аниқ ва прогноз қилинадиган иқтисодий шароитлар, шунингдек, аҳоли даромадларининг харид қобилиятини сақлаб қолиш демакдир», — дея таъкидлади Тимур Ишметов.
Эслатиб ўтамиз, МБ инфляцион таргетлашга ўтишни 2020 йилдан бошлаган. Ўшанда инфляция бўйича доимий мақсад белгиланган эди — 2023 йилга келиб 5 фоизга эришиш. 2022 йилга келиб 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришиш муддати 2024 йил охирига, ўтган йили эса бу муддат 2025 йилнинг иккинчи ярмига сурилди.
2024 йил октябрь ойида иқтисодиёт ривожланишининг асосий сценарийсига кўра муддат 2026 йилнинг иккинчи ярмига кўчирилди (рискли сценарий бўйича — 2027 йил охирига).
МБ раҳбари 2025 йил сентябрь ойида бутун антиинфляцион сиёсатнинг натижадорлиги номонетар чораларнинг самарадорлигига, жумладан, рақобатни кучайтириш ва ишлаб чиқариш концентрациясини пасайтиришга боғлиқлигини таъкидлаганди. МБ инфляция бўйича 5 фоизлик мақсадга 2027 йил охирига келиб (иқтисодиёт ривожланишининг рискли сценарийси бўйича) эришилишини кутмоқда.
Маълумот учун
Монетар омиллар — бу МБ назорати остидаги воситалар: асосий ставка, очиқ бозордаги операциялар, мажбурий захира меъёрлари. Марказий банк улар ёрдамида иқтисодиётдаги пул ҳажмини тартибга солади ҳамда кредитларни қимматлаштириш ёки арзонлаштириш, ликвидлик ва кутилмаларни бошқариш орқали инфляцияга таъсир кўрсатади. Бу нарх барқарорлигига қисқа муддатли таъсир ўтказишнинг асосий механизмидир.
Номонетар омиллар — бу МБ тўғридан-тўғри назорат қилмайдиган таркибий шарт-шароитлар ва бозор бузилишларидир: монополлашув, рақобатнинг паст даражаси, субсидиялар, импорт чекловлари, нархларни давлат томонидан тартибга солиш. Улар пул-кредит сиёсатидан қатъи назар, инфляцион босимни юзага келтиради. Шу сабабли, ставка барқарор бўлган тақдирда ҳам, инфляция юқори даражада сақланиб қолиши мумкин. Бу омилларга таъсир кўрсатиш ҳукумат билан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни ва бошқа ислоҳотларни талаб этади. МБ раиси Тимур Ишметов таъкидлаганидек, бутун сиёсатнинг муваффақияти кўп жиҳатдан айнан шу ислоҳотлар самарадорлигига боғлиқ.