14 июнь куни Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион кишигача чеклаш масаласи бўйича референдум ўтказилди. Овоз бериш якунларига кўра, иштирокчиларнинг қарийб 55 фоизи таклифга қарши чиқди, 45 фоизи эса уни қўллаб-қувватлади, деб хабар берди BBC News. Референдумда сайловчиларнинг 60 фоизи қатнашди.
Таклиф узоқ вақтдан буён антииммиграцион сиёсатни тарғиб қилиб келаётган ўнг қанотдаги Швейцария халқ партияси (SVP) томонидан илгари сурилган эди. Бу овоз бериш мамлакат ва Европа Иттифоқи ўртасидаги эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги келишувни хавф остида қолдириши мумкин эди.
Ҳозирда Швейцарияда тахминан 9,1 миллион киши яшайди, уларнинг 27 фоизини хорижликлар ташкил қилади. Мамлакат аҳолиси 2002 йилдан бери сезиларли даражада ўсган — ўшанда аҳоли сони 7,3 миллион кишини ташкил этган. Бундай ўсиш иқтисодий юксалиш даврида мамлакатга ҳам паст малакали мутахассислар, ҳам йирик корпорацияларда ишловчи юқори маошли ходимларнинг кўплаб жалб қилингани билан изоҳланади.
SVP фикрича, аҳоли сонининг ортиши Швейцария инфратузилмасининг ортиқча юкланишига, ижара нархларининг ошишига ва маҳаллий ўзига хосликнинг йўқолишига олиб келган. Партия аҳоли сони 2050 йилга қадар 9,5 миллион кишига етган тақдирда ҳукуматни миграция қонунчилигини қатъийлаштиришга мажбурлашни таклиф қилган. Агар аҳоли сони 10 миллион кишига етса, мамлакат ҳукумати мамлакатнинг энг йирик экспорт бозори бўлган Европа Иттифоқи билан эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги келишувдан чиқиши керак бўлар эди.
Бошқа барча йирик партиялар, ҳукумат аъзолари ва бизнес етакчилари мазкур ташаббусга қарши чиққан. Улар иммиграцияни чеклаш Швейцария иқтисодиётига зарар етказиши, ишчи кучи танқислигини қоплаш учун хорижликларни ишга жалб қилишни қийинлаштириши ва мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.
