• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ ва Эрон тинчлик битимига эришганини эълон қилди. Нималар маълум? – Gazeta


14 июнь куни АҚШ ва Эрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини эълон қилди. Ҳужжатни имзолашнинг расмий маросими 19 июнь куни Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар берди CNN.

АҚШ президенти Дональд Трамп келишув имзолангандан кейин АҚШ Эрон портларига нисбатан жорий этилган ҳарбий-денгиз блокадасини бекор қилишини, Эрон эса ўз навбатида Ҳурмуз бўғозини очишини маълум қилди. Унинг айтишича, бўғоз орқали ўтиш «доимий равишда бепул» бўлиб қолади.

CNN қайд этишича, Вашингтон ва Теҳроннинг баёнотлари бир-бирига зид. Эрон Ташқи ишлар вазирлигида Эрон ядровий дастури бўйича 60 кунлик музокаралар АҚШ Эроннинг музлатилган активларини эркинлаштирганидан кейингина бошланишини билдиришган. Бироқ телеканал хабарига кўра, исми ошкор этилмаган америкалик амалдор бу маълумотни рад этган.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги асосий воситачи икки мамлакат билан дўстона муносабатларга эга Покистон бўлган. CNN манбаларига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиларидан бири бўлган Қатар вакиллари ҳам келишувга эришишга кўмаклашиш мақсадида Теҳронда музокаралар ўтказган.

Келишув лойиҳаси

Эроннинг Mehr агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий тинчлик келишуви лойиҳасини эълон қилди. Таъкидланишича, у 14 банддан иборат:

1. Барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳарбий ҳаракатларни дарҳол ва доимий тўхтатиш.

2. АҚШ Эроннинг ички ишларига аралашмаслик ва унинг суверенитетини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади.

3. Денгиз блокадасини 30 кун ичида тўлиқ бекор қилиш.

4. АҚШ ўз қўшинларини Эрон атрофидаги ҳудудлардан олиб чиқади.

5. Эрон розилиги билан Ҳурмуз бўғози 30 кун ичида қайта очилади.

6. Нефть, нефть-кимё маҳсулотлари ва улардан олинадиган маҳсулотларни сотишга оид санкциялар тўхтатилади, Эрон ўз молиявий активларидан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

7. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эронни тиклаш бўйича камида 300 млрд долларлик режаларни тақдим этади.

8. Ядровий масалалар бўйича якуний келишувга эришиш ҳамда АҚШнинг асосий ва иккиламчи санкциялари, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бошқарувчилар кенгаши қарорларини бекор қилиш мақсадида 60 кунлик музокаралар ўтказилади.

9. Эрон Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага содиқлигини тасдиқлайди ва ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбуриятини олади.

10. АҚШ минтақадаги қўшинлари сонини оширмаслик ва янги санкциялар жорий қилмаслик мажбуриятини олади.

11. Якуний музокараларнинг 60 кунлик даври мобайнида Эроннинг музлатилган 24 млрд доллар маблағи эркинлаштирилади. Ушбу маблағнинг ярми музокаралар бошланишидан олдин Эронга тақдим этилиши керак.

12. Келишув ижросини назорат қилиш механизми яратилади.

13. Якуний келишув БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан тасдиқланади.

14. Якуний музокаралар Эроннинг музлатилган маблағларининг ярми блокдан чиқарилмагунича, Эрон нефтига нисбатан санкциялар тўхтатилмагунича ва денгиз блокадаси бекор қилинмагунича бошланмайди. Якуний келишув фақат бойитилган материаллар ва уранни бойитиш тақдири, санкцияларни бекор қилиш ҳамда Эрон иқтисодиётини тиклаш дастури масалаларини қамраб олади. Эроннинг ракета дастури ва қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлаши масалалари кун тартибидан бутунлай чиқарилади.

Америка томони ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқламаган.

Исроилнинг муносабати

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳозирча АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув бўйича оммавий баёнот бермаган.

Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац мамлакат ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув доирасида Жанубий Ливандан қўшинларини олиб чиқишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу позиция Трампга ҳам етказилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *