Тошкент шаҳрида 9-синфни битирган икки нафар ўсмир давлат рақами ечиб қўйилган BYD русумли автомобилда йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳодиса 15 июнь куни эрталаб содир бўлган. Тошкентдаги 64-мактабнинг 9-синфини битирган икки нафар синфдош BYD автомобилини ҳайдаб чиққан. Ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ўсмир транспорт воситаси бошқарувини йўқотиб, Yutong русумли йўловчи автобусининг орқа қисмига келиб урилган.
Ҳодиса вақтида автобус ичида йўловчилар бўлмаган. Шунингдек, ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ўсмирнинг отаси фарзанди эрталаб уйдагиларнинг рухсатисиз оилага тегишли автомобилни олиб чиққанини айтган.
«Мендa айб, шу ўғлимизни сал назоратсиз қолдирганимиз. Эрталаб ўрнидан вақтли туриб, рухсатсиз ўзимизга тегишли автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетган», — деган у.
ЙҲХХ масъули мазкур ҳолат оғирроқ оқибатларга ҳам олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
«Фарзандингиз оғир тан жароҳати олиши, бир умрга майиб бўлиб қолиши ёки вафот этиши ҳам мумкин эди. Ёки бошқа бир фуқарони уриб юбориши эҳтимоли ҳам бор эди», — дейилади мурожаатда.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан транспорт воситасини ҳужжатсиз бошқарган йигитнинг отасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
ЙҲХХ ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар бўлса, яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига ёки 102 рақами орқали мурожаат қилишни сўраган.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Узун туманида Damas ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди. Автомобилларни ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган 17 ва 20 ёшли шахслар бошқарган. Қолган иштирокчилар турли даражада жароҳат олган.
Шунингдек, Тошкентда 16-сонли автобус ва BYD иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. «Тошшаҳартрансхизмат» маълумотига кўра, электромобиль чорраҳага светофорнинг қизил чироғида чиқиб, чапга бурилаётган автобус билан тўқнашган. Ҳар икки ҳайдовчи шифохонага ётқизилган, автобус йўловчиларидан ҳеч ким жабрланмаган.