• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухоро янги аэропортини ДХШ асосида қуриш ва бошқариш бўйича тендернинг биринчи босқичи якунланди


Янги Бухоро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва бошқариш бўйича тендернинг биринчи босқичи якунланди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Ушбу босқич 11 мартдан 21 майга қадар давом этди. Лойиҳага Буюк Британия, Ирландия, Дания, Испания, Италия, Швейцария, Бельгия, Польша, Албания, Туркия, Украина, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Канада, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қувайт, Баҳрайн, БАА, Қатар каби дунё мамлакатларидан 51 та компания ҳамда маҳаллий корхоналар қизиқиш билдирди.

Техник, ҳуқуқий ва молиявий қисмларни ўз ичига олган уч босқичли баҳолаш якунларига кўра, идоралараро тендер комиссияси дастлабки малака босқичидан муваффақиятли ўтган 6 та халқаро компаниядан иборат қисқа рўйхатни шакллантирди. Тендернинг иккинчи босқичи — таклифлар сўровида иштирок этиш учун 6 та компанияга рухсат берилди.

Лойиҳа ҳақида

Янги Бухоро халқаро аеропортини қуриш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Uzbekistan Airports компанияси томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Янги аэропорт мажмуаси Бухоро туманидаги «Қумсултон» массиви ҳудудида қурилади. У ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади ҳамда ҳудуднинг асосий транспорт хабларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида қуйидагиларни қуриш режалаштирилмоқда:

  • майдони 48,5 минг кв. м бўлган, халқаро рейсларда соатига 1200 нафар, ички рейсларда эса 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йўловчи терминали;
  • кейтеринг биноси, тўхташ жойлари ва юк майдончалари;
  • сиғими 8000 куб метр бўлган ёнилғи қуйиш мажмуаси.

Хабарда қайд этилишича, аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади. Хусусий шерик эса йўловчи терминали ва унга тегишли инфратузилманинг қурилиши ҳамда эксплуатация қилиниши учун масъул бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *