Ўзбекистон Марказий банки банкоматлар орқали нақд пул ечишда юзага келадиган айрим муаммолар учун банкларга нисбатан молиявий жарималар қўллашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Сенатор Қутбиддин Бурҳонов аввалги ялпи мажлисда банкоматлардан фойдаланиш чоғидаги техник носозликлар билан боғлиқ фуқаролар мурожаатлари масаласи кўтарилганини эслатиб ўтди.
«Баъзи бир техник хатолар туфайли ўтган йилда 290 мингта ҳолатда аҳоли банк карталари орқали банкоматдан пул ечишда муаммога дуч келган. Яъни пул ечилганда банкомат нақд пул бермаган ёки карталарни олиб қолган», — дея қайд этди у.
Сенаторнинг сўзларига кўра, мурожаатларнинг қарийб 10 мингтаси 15 кундан ортиқ муддатда ҳал қилинган, 3 мингдан ортиқ ҳолатда эса жабрланган фуқаролар ушбу масала бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилган.
«Яъни ички ишлар органлари ходимлари ҳам жиноятларнинг олдини олиш ўрнига шу ишлар билан шуғулланган», — дея таъкидлади Қутбиддин Бурҳонов.
Шу ўринда у бу ерда гап битта банк эмас, балки турли тижорат банклари ва давлат улуши мавжуд банклар ўрнатган банкоматларда кузатилган техник ҳолатлар ҳақида бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қутбиддин Бурҳонов МБ раисидан мазкур муаммони тезроқ ҳал этиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўраётгани ҳақида маълумот беришни сўради.
Тимур Ишметов банкоматлардан пул ечишда бундай турдаги муаммолар ҳақиқатда учраб туришини тан олиб, ўтган 2025 йилда 291 мингта шундай ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу борада икки жиҳатга эътибор қаратиш лозим.
«Биринчидан, бу кўпми ёки камми деган саволга нисбий олиб қаралганда, бир йил давомида банкоматлар орқали жами 341 миллион операциялар амалга оширилган. Шу 341 миллион операциядан 291 мингта ҳолатда муаммо бўлган. Бу тахминан 0,08 ёки 0,07 фоиз атрофида», — деди МБ раиси.
Лекин 291 минг ҳолатнинг 85 фоизида муаммо, унинг қайд этишича, банклар фаолияти билан боғлиқ бўлмаган.
«Статистика бўйича, 20 фоиз ҳолатда мижоз талаб қилган сумма банкоматдаги [купюралар] номиналларига мос келмаган. Яна 20 фоиз ҳолатда карта блокланган ёки ПИН-код нотўғри киритилган. Тахминан 15 фоиз ҳолатда алоқа бўлмаслиги, яна 10 фоиз ҳолатда электр узилиши [қайд этилган]», — дея таъкидлади Тимур Ишметов.
Қолган 15−16 фоиз — қарийб 46 мингта ҳолат эса, унинг қайд этишича, ҳақиқатан ҳам банклар ва тўлов тизими операторлари фаолияти билан боғлиқ бўлган.
Тимур Ишметов регулятор ҳар бир операцияни алоҳида назорат қила олмаслигини таъкидлади. Банкоматлар билан боғлиқ операциялар банкларнинг ўз хизмат кўрсатиш фаолиятига киради ва бу ўринда банк ўз мижозларига нисбатан муносабати ва хизмат сифатини намоён этиши лозим.
Шу билан бирга, МБ бу каби муаммоларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ёндаша бошлаган.
«Ўз олдимизга режа қўйдик. Меъёрларни ишлаб чиқиш узоқ талаб қилади. Бир томондан, банклар — тижорат ташкилотлари, уларнинг фаолиятини бўғиб қўймаслигимиз ёки қанақадир қатъий чеклов қўймаслигимиз керак. Шунинг учун биз шундай йўлни танладикки, меъёрларни шошмасдан ишлаб чиқамиз, банкларга қайси йўналишдан юришимизни олдиндан етказиб борамиз», — деди МБ раиси.
Унинг таъкидлашича, МБ йўллаган хатларнинг бирида банкларга инфратузилма билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда нақд пул ечиб олишдаги муаммоларни нафақат техник носозлик, балки истеъмолчилар ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши сифатида ҳам кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатилган.
«Янглишмасам, 6 августдан бошлаб шундай ҳолатлар учун банкларга нисбатан молиявий жарималар қўллай бошлаймиз», — деди МБ раҳбари.
1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 45,3 мингта банкомат ва инфокиоск ўрнатилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига (34,42 мингта) нисбатан 32,3 фоизга кўпдир.