Марказий банк депозит ва кредит ставкаларига маъмурий таъсир кўрсатишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда МБ раиси Темур Ишметов 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди. Мажлисда регуляторнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Сенатор Одилжон Маматкаримовнинг таъкидлашича, МБ ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 21,8 фоизни ташкил этган, ўтган йил якунига келиб эса 20,6 фоизгача пасайган.
«Шунга қарамасдан, инфляцион кутилмаларга нисбатан реал фоиз ставкалари 9,1 фоиз — ижобий даражада сақланиб қолган ҳамда депозитлар ҳажми сезиларли даражада ўсган», — деди у.
Сенатор Марказий банк депозитларнинг реал даромадлилигини ижобий даражада сақлаб қолиш учун пул-кредит сиёсатининг қандай чораларини кўришни режалаштираётгани ва фоиз ставкалари динамикасини белгилашда қайси макроиқтисодий омиллар устувор эканини сўради.
Тимур Ишметов депозитларнинг реал даромадлилиги инфляцион таргетлаш шароитида пул-кредит сиёсатининг муҳим натижаларидан бири эканини таъкидлади.
«Ҳақиқатан ҳам, ўтган йили аҳолининг муддатли депозитлари бўйича ўртача номинал ставкалар маълум даражада пасайди. Лекин инфляция ва аҳолининг инфляцион кутилмалари тушиши ҳисобига реал даромадлилик юқорилигича сақланиб қолди. Ва шунинг ҳисобига ҳам аҳолининг миллий валютадаги депозитлари йил давомида 43 фоизга — 330 трлн сўмгача ошди. Бу жамғармаларнинг реал даромадлилиги ҳақиқатан ҳам юқори даражада сақланиб қолганини тасдиқлайди», — деди у.
Шу билан бирга, у МБ ўз олдига депозит ставкаларини таргетлашни мақсад қилиб қўймаганини таъкидлади. «Мақсадимиз — инфляцияни ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш», — деди регулятор раиси.
Унинг сўзларига кўра, депозитлар бўйича юқори реал ставка МБга бу мақсадга эришишда ёрдам беради, чунки у аҳолини маблағларни истеъмолга камроқ йўналтириб, кўпроқ жамғаришга рағбатлантиради.
«Бу бизга истеъмолни тийиб туриш, инфляцияга қўшимча босимнинг олдини олишга ёрдам беради», — деди у.
Тимур Ишметовнинг қайд этишича, қатъий пул-кредит сиёсати шароитида депозитларнинг юқори реал даромадлилигини сақлаб қолиш табиий ҳолат бўлиб, регулятор мақсадларига мос келади.
«Лекин келажакда, инфляция [даражаси]ни туширгандан кейин, узоқ муддатда барқарор паст даражада сақлаб қолинган пайтда, депозитлар бўйича фоиз ставкаси табиий равишда пасайишини кузатишимиз керак бўлади», — дея қўшимча қилди у.
Сенатор Жамила Бобоназарова фоиз ставкалари мавзусини давом эттириб, кредитлар қийматига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил якунларига кўра, жисмоний шахсларга миллий валютада берилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23,6 фоизни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 0,9 фоиз пунктига пасайган.
«Номинал кредит ставкалари юқори даражада сақланиб қолаётгани, инфляция ва инфляцион кутилмалар билан солиштирганда, кредит ресурсларининг реал қиймати ҳали ҳам сезиларли даражада юқори эканини кўришимиз мумкин», — деди у.
Сенатор МБ кредитларни арзонлаштириш ва иқтисодиётнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш учун қандай қўшимча чоралар кўраётганини сўради.
«Ҳозирги кунда аҳолимиз ҳам, тадбиркорлар ҳам бевосита айнан кредит ставкасидаги ижобий ўзгаришларни тезроқ ҳис этишни истайди ва бу давлат ижтимоий қўллаб-қувватлашидаги молиявий механизмнинг битта кўриниши ҳисобланади», — деб қайд этди Жамила Бобоназарова.
Апрель ойи якунларига кўра сўмдаги кредитлар бўйича ўртача ставкалар (барча кредитлар, тижорат кредитлари ва имтиёзли кредитлар). Манба: Марказий банк
Тимур Ишметов саволга жавобан, кредит ставкалари инфляция, инфляцион кутилмалар, ресурслар қиймати ва молиявий рисклар таъсирида шаклланишини таъкидлади.
«Бу ерда, албатта, ресурслар қиймати муҳим роль ўйнайди. Депозитлар бўйича юқори ставкалар кредит ставкаларига таъсир қилади. Лекин биз депозит ставкасига ҳам, кредит ставкасига ҳам маъмурий йўллар билан таъсир кўрсатиш бўйича ишламаймиз. Бу нотўғри бўлади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, кредитларни барқарор арзонлаштиришнинг асосий йўли — бу инфляцияни тизимли равишда пасайтиришдир.
У сўнгги йилларда инфляциянинг пасайиши, миллий валютадаги маблағлар ва депозитларнинг ўсиши, шунингдек, банкларнинг ресурс базаси кенгаяётгани кредит ресурслари қийматининг пасайишига замин яратаётганини таъкидлади. «Шу билан бирга, ресурслар қийматининг пасайиши нисбатан секин ва босқичма-босқич кечадиган жараён», — дея қайд этди у.
Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, Марказий банк инфляцияни пасайтириш билан бир қаторда миллий валютадаги жамғармалар ҳажми ва уларнинг иқтисодиётдаги улушини ошириш борасидаги ишларни давом эттиради.
Шунингдек, у банк тизимини трансформация қилиш, молия бозори иштирокчилари сонини кўпайтириш, капитал бозорини ривожлантириш ва рақобатни кучайтиришни муҳим йўналишлар қаторида санаб ўтди.
«Биз асосий эътиборни умуман банк тизимида трансформацияни давом эттириш, капитал бозорини ривожлантириш, бутун молия бозорида банклар ва бошқа иштирокчилар орасида рақобат муҳитини кучайтиришга қаратамиз», — деди МБ раҳбари.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, рақамли ечимлар ва риск-менежмент тизимларини ривожлантириш ҳам кредитлар қийматининг пасайишига ёрдам бериши керак.
«Ҳаммаси комплекс ишлаши лозим. Биринчи навбатда, инфляция пасайганидан кейин, депозит номинал ставкалари пасайганидан кейин, кредит ресурслари бўйича ставкаларнинг пасайишига эриша оламиз», — дея хулоса қилди Тимур Ишметов.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ўзбекистон банклари сўмдаги омонатларнинг деярли барча сегментлари бўйича ставкаларни пасайтирди. Ўртача ставка йиллик 17,4 фоизни ташкил этди — бу 2022 йил қишидан буёнги энг паст кўрсаткич. Аҳолининг сўмдаги омонатлари бўйича номинал даромадлилик йиллик 19,9 фоизгача пасайди. Айниқса, жисмоний шахсларнинг қисқа муддатли депозитлари бўйича ставкалар сезиларли даражада камайди — мартдаги 20,5 фоиздан апрелда 18,5 фоизгача. Шу билан бирга, депозитлар бўйича реал даромадлилик юқорилигича қолди — йиллик 8,4 фоиз. У инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳисобига бир йил ичида 1,9 фоиз бандга ўсди.
