Ўзбек мақом санъатининг йирик намояндаларидан бири, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда ва мумтоз мақом ижрочиси Хадия Юсупова 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек миллий мақом санъати маркази маълум қилди.

Хадия Юсупова 1938 йил сентябрь ойида Наманган шаҳрида таваллуд топган. У 3 ёшидан қўшиқ куйлашни бошлаган.

1956 йилда Москвада ўтказилган Ёшлар фестивалида биринчи ўринни эгаллаб, 1957 йилда Ўзбекистон давлат филармониясига ишга қабул қилинди. Кейинчалик Ўзбекистон радиоси қошидаги ансамбльда Берта Давидова ва Коммуна Исмоилова каби санъаткорлар билан биргаликда фаолият олиб борди.

1958 йилда Юнус Ражабий раҳбарлигида ташкил этилган «Мақом» ансамбли таркибида фаолият юритиб, мақом санъатининг дурдоналарини чуқур ўрганиб, уларни маҳорат билан ижро этди. Республика радиоси ва телевидениесида «Шоҳи белбоғ», «Кўнгил ол», «Савти Сабо» каби кўплаб мумтоз ашулаларни моҳирона ижро этиб, миллий мусиқа олтин хазинасига ҳисса қўшган.

1988 йилдан бошлаб Манон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) анъанавий ижрочилик йўналишида муаллимлик қилган.