Тошкент шаҳрида Мустафо Камол Отатурк кўчаси пайдо бўлади. Тегишли қарор [ПҚ-226-сон] 15 июнь куни президент томонидан имзоланди.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида барпо этилаётган «Ўзбек-турк дўстлиги» хиёбонига ёндош бўлган Абдулла Қодирий кўчасининг бир қисмига (Истиқбол, Фарғона йўли ва Нукус кўчалари кесишмасидан Абдулла Қодирий кўчаси ва Маҳтумқули шоҳкўчаси кесишмасигача (Бобур номидаги экобоғ)) Мустафо Камол Отатурк номи берилади.
Мустафо Камол Отатурк (1881−1938) — Туркия Республикасининг асосчиси ва биринчи президенти. У Усмонийлар империяси парчаланганидан сўнг мустақил Туркия давлатини ташкил этган, мамлакатда кенг кўламли сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган. 1934 йилда унга «Отатурк» («Турклар отаси») фамилияси берилган.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт кўчаларидан бирига Отатурк номини бериш режаси 2022 йилда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида элчи Олган Бекар ва пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан муҳокама қилинган. 2025 йил февралда бу яна муҳокама қилинди.
Пойтахт марказида Отатурк кўчаси аллақачон мавжуд бўлган, унда «Демир» номли йирик турк супермаркети жойлашган эди. 2011 йилнинг баҳорида у ўша ердаги савдо мажмуаси номи билан Зарафшон дея атала бошланди.
Бундан ташқари президентнинг яна бир қарори билан [ПҚ-225-сон] Хоразм вилояти Боғот тумани Ашхобод маҳалласида жойлашган Эзгу тилак кўчасига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади.
Шакаржон Хўжаниёзова (1955−2017) — Хоразм вилоятида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган давлат ва жамоат арбоби. У турли йилларда Боғот тумани ҳокими, Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган. «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.
