Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси («DFC») бош ижрочи директори Бэн Блэк билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида америкалик меҳмонлар давлатимиз раҳбарига АҚШ Президенти Доналд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди. Томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.
Музокараларда АҚШнинг етакчи молиявий институтлари иштирокида инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш соҳаларидаги стратегик лойиҳаларни молиялаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувда «Эксимбанк» билан энергетика тармоғини модернизация қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт кредитлари механизмларини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
«DFC» корпорациясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш, энергетика тизими ва инфратузилмани модернизация қилиш учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича таклифлари ҳам қўллаб-қувватланди.
Томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун инвестиция ва технологияларга асосланган лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, Тошкент шаҳрида янги халқаро аэропорт қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ва қуруқ портлар барпо этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш мақсадида қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.