• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Америка компаниялари учун махсус иқтисодий зона ташкил этишни таклиф қилди


Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда Америка компаниялари учун алоҳида махсус иқтисодий зона ташкил этишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган АҚШ ва Ўзбекистон бизнес-форумида инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов маълум қилди.

«Ушбу зона Америка инвестициялари, технологиялари ва Марказий Осиёдаги ишлаб чиқариш тармоқлари учун амалий базага айланиши керак. Аммо бу шунчаки харитадаги бир жой бўлиб қолмаслиги лозим. Бу Америка компаниялари ўзларини қулай ҳис қиладиган тўлақонли бизнес муҳити бўлиши керак», — деди Лазиз Қудратов.

«Биз Америка компаниялари ўз уйларида ўрганган шароитларга имкон қадар яқин муҳит яратиш ниятидамиз. Тушунарли қоидалар, сифатли инфратузилма, коммунал хизматлар билан ишончли таъминланиш, оддий маъмурий тартиб-таомиллар, логистика қулайлиги ва давлат томонидан тўғридан-тўғри қўллаб-қувватланувчи муҳит бўлади», — дея таъкидлади ИСТВ раҳбари.

Вазир Америка ва Ўзбекистон компанияларини ушбу ташаббусни ишлаб чиқишда иштирок этишга, келажакдаги зонада жойлаштириш учун тармоқлар ва лойиҳаларни таклиф қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, расмийлар илк инвесторларни зонани шакллантириш босқичидаёқ жалб қилишни режалаштирмоқда.

Лазиз Қудратов, шунингдек, форумда Ўзбекистон-Америка лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшма инвестиция платформаси ишга туширилиши эълон қилинишини маълум қилди. Томонлар уни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларни шу йилнинг февраль ойида имзолаган эди.

Маблағлар, хусусан, Америка молия институтлари ва Ўзбекистон жамғармалари томонидан ажратилиши кўзда тутилган. Платформа учун лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари ва тартиб-таомиллари кўрсатилган алоҳида веб-сайт ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Лазиз Қудратов Тошкент АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтиришда энг катта салоҳиятни кўраётган тўртта йўналишн: критик муҳим минераллар, ўғитлар ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик саноатини ҳам санаб ўтди.

«Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг стратегик инвестициявий ҳамкорига айланиши мумкин. Бугунги кунда глобал таъминот занжирлари ўзгармоқда. Компаниялар ва мамлакатлар ишончли ҳамкорлар ҳамда барқарор ишлаб чиқариш майдончаларини қидирмоқда. Улар хомашё ва асосий саноат ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашлари зарур. Ва Ўзбекистон АҚШ учун худди шундай ҳамкорга айлана олади», — дея таъкидлади вазир.

Критик муҳим минераллар соҳасида, унинг сўзларига кўра, томонлар аллақачон қатор Америка компаниялари билан нафақат қазиб олиш, балки қайта ишлаш ва таъминот занжирларини шакллантириш лойиҳалари бўйича ҳам ҳамкорликни бошлаб юборишган. Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг энергетик салоҳияти, хомашё базаси мавжудлиги ва малакали кадрлар рақобатдаги устувор жиҳатлар бўлади.

«Ўғитлар ишлаб чиқариш соҳасида Ўзбекистон ҳам тайёрлаш, ҳам экспорт қилиш бўйича улкан салоҳиятга эга. Ўғитларга бўлган дунёдаги ортиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда, биз Америка компаниялари билан мустаҳкам шериклик ўрнатишимиз ва минтақавий ҳамда глобал бозорлар учун замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратишимиз мумкин деб ҳисоблаймиз», — деди Лазиз Қудратов.

Фармацевтика тармоғида эса, дея давом этди у, Ўзбекистон Америка компаниялари билан республикадаги қатъий халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари ишлаб чиқаришга қодир бўлган мавжуд қувватлардан фойдаланган ҳолда, контракт асосида маҳсулот тайёрлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

«Ва, албатта, тўқимачилик саноати. Биз хомашё етказиб беришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга, дизайн, брендлар ва техник тўқимачиликни ривожлантириш ҳамда экспорт қилишга ўтишимиз мумкин», — деди вазир.

У бу йилги инвестиция форумига икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик Америка бизнеси делегацияси келганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг маълумотларига кўра, ТХИФ тадбирларида АҚШ компанияларининг 193 нафар вакили иштирок этмоқда.

Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролайн Лэмм республикадаги ислоҳотлар ва икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланиши туфайли Америка компанияларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини маълум қилди.

«Ўзбекистонга инвестиция киритиш имкониятларини ўрганаётган ҳозирги ва бўлажак аъзоларимиз мамлакатда давом этаётган ислоҳотлар суръатидан тўғридан-тўғри ҳайратда қолмоқдалар», — деди у.

Лэммнинг сўзларига кўра, агар 1993 йилда палатага атиги бир нечта компания аъзо бўлган бўлса, бугунги кунда унинг аъзолари сони 50 дан ортиқ йирик Америка корпорацияларини ташкил этади.

Савдо палатаси раҳбари, шунингдек, ўтган йили Американинг Ўзбекистонга киритган янги инвестициялари ҳажми 1 миллиард доллардан, жорий йилда эса аллақачон 2 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.

АҚШ ва Ўзбекистон бизнес-форуми бу йил дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан рекорд даражадаги иштирокчиларни тўплаган Тошкент халқаро инвестиция форумининг расмий очилиши арафасида бўлиб ўтмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *