АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг B-52 Stratofortress бомбардимончи самолёти Калифорния жанубидаги «Эдвардс» авиабазасидан ҳавога кўтарилиши билан ҳалокатга учради. Саккиз нафар экипаж аъзосининг барчаси вафот этди, улар орасида икки нафар Boeing ходими ҳам бор, дея хабар беради CNN.
Бу 1982 йилдан бери B-52 бомбардимончиси билан содир бўлган энг кўп қурбонли авиаҳалокатдир. Ўшанда Сакраменто яқинидаги «Мазер» ҳаво кучлари базасида ўтказилган синов парвозлари пайтида тўққиз нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлганди.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 11:20 да содир бўлди. Самолёт радарларни модернизация қилиш дастури доирасида режалаштирилган синов парвозини амалга ошираётган эди.
Ҳарбийлар ҳодисани ўрганишни бошлади, ҳисобот олти ойдан кейин жамоатчиликка тақдим этилади.
«Эдвардс» авиабазаси ўзининг узун учиш-қўниш йўлаклари туфайли анъанавий равишда нафақат ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларини, балки бошқа турдаги учиш аппаратлари, вертолётлар ва дронларни синовдан ўтказиш полигони сифатида фойдаланилади.
B-52 Stratofortress — АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг энг эски самолётларидан бири бўлиб, америкалик ҳарбийлар ундан 1950 йиллардан бери фойдаланиб келади. Бу узоқ масофага учувчи стратегик бомбардимончи бўлиб, у АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўнгги уруш вақтида бомбардимон қилиш миссияларида қатнашган. Шунингдек, B-52H ядровий бомбалар ва ядро каллакли қанотли ракеталарни таший олади.
