Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирлари доирасида Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар давлат раҳбарига АҚШ президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Музокаралар давомида мазкур институтларнинг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда рақамлаштириш каби юқори технологияли стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
«АҚШ Эксимбанки билан ҳамкорлик йўналишида энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди», — дейилади хабарда.
Маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббуслари учун экспорт кредитларини тақдим этишни янада ривожлантиришга эътибор қаратилди.
DFC корпорациясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, энергетика тармоғи ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Тошкентда янги халқаро аэропортни қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ва қуруқ портларни барпо қилиш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович, Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк, АҚШ — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ҳамда Air Products, Cove Capital, Templeton Global Investments, Boeing, 77 Construction, BlackRock, FLS, Visa, JP Morgan, Meta, GULF корпорациялари раҳбарлари ва яна бир қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор долзарб йўналишларни белгилаб берди.
Муҳим минералларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш, энергетика, металлургия, молия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа кўплаб соҳаларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
АҚШнинг йирик компаниялари раҳбарлари инвесторлар самарали фаолият юритишига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдириб, ўзларининг аниқ таклиф ва режаларини баён этди.
Давра суҳбати якунида АҚШнинг етакчи компаниялари билан икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.


