Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонларини қайта топшириш даврида Telegram 22 июнгача блокланди, деб хабар бермоқда BBC News.

21 июнь куни мамлакат бўйлаб миллионлаб абитуриентлар тиббиёт олийгоҳларига миллий кириш имтиҳонини (NEET-UG) қайта топширади. Май ойида ўтказилган имтиҳон натижалари саволлар тарқалиб кетгани ҳақидаги айбловлар сабаб бекор қилинган эди.

Имтиҳонни ўтказувчи Миллий имтиҳон агентлиги (NTA) ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, у «платформадан фирибгарлар томонидан абитуриентларни алдаш мақсадида уюшган тарзда фойдаланилиши»га жавобан қабул қилинганини билдирди.

Агентлик маълумотларига кўра, бир нечта Telegram-каналлар операторлари абитуриентлар ва уларнинг оилаларидан имтиҳон саволлари сифатида тақдим этилган материалларга кириш имкони учун юз минглаб рупий талаб қилган. Идора таъкидлашича, «бундай материаллар ҳимояланган имтиҳон тизимидан ташқарида мавжуд эмас».

Интернет фойдаланувчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур тақиқни танқид қилиб, уни имтиҳонлардаги фирибгарлик билан боғлиқ анча жиддий муаммонинг «вақтинчалик ечими» деб атади.

3 май куни Ҳиндистон бўйлаб 5000 дан ортиқ марказда қарийб 2,28 миллион нафар абитуриент имтиҳон топширган эди. Бироқ бир неча кун ўтиб, имтиҳон материаллари тарқалиб кетгани ҳақидаги айбловлар ортидан NTA унинг натижаларини бекор қилди, бу эса оммавий норозиликларга сабаб бўлди.