• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жалолиддин Машарипов жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади, Ўзбекистон термаси рўйхатига Жиянов киритилди


Ўзбекистон термаси ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар қилди.

Миллий терма жамоа турнирдаги иштирокини 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Колумбияга қарши ўйин билан бошлайди. ЎФА маълумотларига кўра, жамоа Атланта шаҳрида расмий машғулотлар ўтказган, шундан сўнг Мехикога йўл олади.

Футбол ассоциацияси қайд этишича, Машарипов узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолган ва машғулотларда тўлиқ иштирок эта олмаган.

«Футболчини тезроқ сафга қайтариш ва тиклаш мақсадида тиббий штаб томонидан зарур чоралар кўрилди ва индивидуал тайёргарлик дастури асосида иш олиб борилди», — дейилади хабарда.

Ўтказилган тиббий текширувлар таҳлили ФИФА тиббий қўмитасига тақдим этилган.

«Қўмита ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди ва футболчимизнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этолмаслигини маълум қилди», — дея билдиришди ЎФАда.

Фото: ruslanjiyanbekov7 / Instagram

Машарипов ўрнига Ўзбекистон миллий жамоасининг якуний рўйхатига Русланбек Жиянов киритилди.

Футбол ассоциацияси Жалолиддин Машариповга тезроқ соғайиб, сафга қайтишини тилади.

Машариповнинг ҳолати ҳақида нималар маълум?

10 июнь куни Футбол ассоциацияси Машарипов бел қисмидаги оғриқлар сабабли АҚШдаги йиғининг сўнгги машғулотларида, шунингдек, Канада ва Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этмаганини маълум қилган эди.

ЎФА маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда футболчининг бел қисмида оғриқлар кузатилган бўлиб, дори-дармон ва физиотерапия муолажалари орқали унинг ҳолати яхшиланган. Бироқ кейинчалик оғриқлар қайта безовта қила бошлаган.

«Ўтказилган МРТ текшируви натижаларига кўра, унда умуртқалараро диск чурраси қайта ҳуруж қилгани маълум бўлди», — деб хабар қилган эди Футбол ассоциацияси.

Ўша пайтда ЎФА миллий жамоа тиббий штаби Машариповнинг саломатлиги бўйича ишларни давом эттираётганини, қўшимча маълумот эса якуний тиббий хулосалар олингач тақдим этилишини билдирган эди.

13 июнь куни Машариповнинг ўзи аҳволи яхшиланганини айтган.

«Ҳозир ҳаммаси жойида. Грижа ўшанда безовта қилганди, шифокорлар яхши ишлашди ва муолажадан сўнг ҳозир аҳволим анча яхши. Худо хоҳласа, икки кундан кейин умумий гуруҳ билан машғулот олиб бораман», — деган футболчи (Championat.asia иқтибоси).

Унинг таъкидлашича, чурра уни бир неча йилдан бери безовта қилиб келмоқда.

«Грижа менда беш-олти йилдан бери бор касаллик ҳисобланади. Уч йил олдин ҳам Эронга қарши Тошкентдаги баҳсдан икки кун аввал укол олиб, майдонга тушганман. Баъзида бу оғриқ бериб туради, буни грижаси борлар яхши билишади. Ҳозирда аҳволим яхши», — деган Машарипов.

Ундан 26 нафар футболчидан иборат якуний рўйхатга кириши ҳақида маълумот бор-йўқлиги сўралганда, у шундай жавоб берган: «Буни ҳозирча билмайман, худо хоҳласа, 26 талик рўйхатда бўлишим керак, деб ўйлайман».



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *