• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Давлат хизматчилари коррупция оқибатларини кўриш учун қамоқхоналарга олиб борилади



Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига профилактик ташрифлар ташкил этади. Ташрифлар давомида улар коррупциявий жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳкумлар билан учрашади ҳамда коррупциянинг оқибатлари билан яқиндан танишади. Бу ҳақда агентлик Gazeta`га маълум қилди.

Бу ташаббус Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган Коррупциянинг олдини олиш бўйича 2026 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Агентлик маълум қилишича, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг оғир оқибатларини давлат хизматчиларига реал намойиш этиш, ҳар қандай коррупциявий хатти-ҳаракатнинг муқаррар ҳуқуқий оқибатлари ҳақида аниқ тасаввурни шакллантириш, хизмат ваколатларидан фақат халқ ва давлат манфаатлари йўлида фойдаланиш масъулиятини ошириш ҳамда ҳалоллик, қонун устуворлиги тамойилларига содиқликни кучайтиришга қаратилган.

Режага мувофиқ, дастлабки ташрифда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этади.

Кейинги босқичларда бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқарув бўғини ходимлари, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларда фаолият юритаётган давлат хизматчилари ҳам қамраб олинади.

Ташрифлар давомида иштирокчилар тергов хоналари, ҳибсда сақланаётган шахслар учун мўлжалланган камералар ва муассасаларнинг бошқа инфратузилма объектлари билан таништирилади.

Шунингдек, коррупциявий жиноятлар учун жазо ўтаётган шахслар билан учрашувлар ташкил этилади. Маҳкумлар томонидан қабул қилинган ноқонуний қарорлар ва содир этилган жиноятларнинг нафақат ўзларига, балки уларнинг оиласи, фарзандлари, меҳнат фаолияти, ижтимоий мавқеи ҳамда йиллар давомида шаклланган обрў-эътиборига кўрсатган таъсири ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилиши режалаштирилган.

Агентлик таъкидлашича, бундай мулоқотлар давлат хизматчилари учун коррупциянинг ҳақиқий баҳоси фақат жиноий жавобгарлик ёки озодликдан маҳрум этиш билан чекланмаслиги, балки инсоннинг келажаги, касбий фаолияти, оилавий фаровонлиги ва жамиятдаги нуфузини ҳам издан чиқариши мумкинлигини англашга хизмат қилади.

Тадбирларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараёнларга оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб қилиш ҳам режалаштирилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупциянинг оқибатларини бартараф этишдан кўра унинг олдини олиш муҳимроқ эканини қайд этди. Агентлик давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан мутлақ муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупциявий ҳуқуқбузарликларга олиб келувчи омилларни бартараф этишга қаратилган профилактик чораларни давом эттиришини билдирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *