Шавкат Мирзиёев Тошкентда тўхтаб ўтган Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Мулоқотда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, уларни амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижасида мамлакатлар ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Хусусан, йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсди, қўшма корхоналар сони эса 50 тага етди. Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда.
Давлат раҳбари айни кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Малайзиянинг Petronas корпорацияси делегацияси билан музокараларнинг аҳамиятига тўхталиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида стратегик лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлигини қайд этди.
Жумладан, нефть-кимё, юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа устувор соҳалардаги лойиҳаларни илгари суришга эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ислом молияси, ҳудудлараро алоқалар, зиёрат туризми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш ҳамда маданият алмашинувлари йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимни Ўзбекистонга алоҳида ташриф билан келишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 4−5 февраль кунлари Малайзияда бўлиб, Анвар Иброҳим билан учрашганди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида божхона, олий таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, «ақлли» шаҳарларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома ва 2025−2026 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш режаси имзоланганди.