• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Буюк Британия 16 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлайди



Буюк Британия бош вазири Кир Стармер 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бутунлай тақиқлаш жорий этилишини эълон қилди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар «болаларни бахтсиз қилади», буллингни осонлаштиради, уларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиши мумкин ва «қарамлик уйғотадиган қилиб лойиҳалаштирилган».

«Мен бунга ортиқ тоқат қилолмайман. Шу боис биз болаларга ўз болалигини қайтармоқдамиз», — деди Стармер.

«Бу вазиятни тубдан ўзгартиради. Болаларимиз хавфсизроқ, бахтлироқ бўлишади, уларда кўпроқ вақт, кўпроқ ҳимоя, улғайиш учун кўпроқ эркинлик ва кўпроқ имкониятлар бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Буюк Британия ҳукумати ижтимоий тармоқларни тақиқлашда худди Австралия каби моделдан фойдаланишни режалаштираётганига аниқлик киритди. Чекловлар қаторига Snapchat, TikTok, YouTube, Instagram, Facebook ва X тармоқлари киради. Болаларнинг WhatsApp ва Signal каби мессенжерлардан фойдаланиши эса чекланмайди.

Ҳукумат, шунингдек, турли платформалардаги «зарарли функциялар»ни, жумладан, жонли эфирлар ва 16 ёшга тўлмаган болалар билан мулоқот қилиш имкониятини блоклаш ниятида. «Ушбу чекловлар кенгроқ онлайн-хизматлар доирасига, жумладан, ўйин сайтларига ҳам татбиқ этилади», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, ҳукумат 18 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчилар учун тунги комендантлик соатларини жорий этиш ва «чексиз лента варақлаш» функциясини чеклаш имкониятини кўриб чиқади.

Чекловларни жорий этиш учун Болалар фаровонлиги ва мактаблар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилади. Дастлабки ўзгаришлар 2027 йилнинг баҳорига қадар кучга кириши кутилмоқда.

  • 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш биринчи марта 2025 йил декабрида Австралияда жорий этилган эди. Ҳозирда худди шундай чоралар бир қатор Европа мамлакатларида, жумладан, Франция, Испания ва Данияда кўриб чиқилмоқда. Канада ва Туркия ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *