• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Мактаблар бахтли инсонларни тарбиялаши керак». Таълим фалсафаси нима ва мактаб қандай вазифани ўтайди?

«Мактаблар бахтли инсонларни тарбиялаши керак». Таълим фалсафаси нима ва мактаб қандай вазифани ўтайди?


Ўзбекистонда таълим — кўп танқид ва муҳокама қилинадиган соҳалардан бири. Аммо унинг моҳияти: у нима, нега керак, нима учун берилади — булар ҳақида муҳокамалар кам. Gazeta шу каби мавзуларга бағишланган подкастлар сериясини бошламоқда. Унинг биринчи сони таълимнинг мақсад ва вазифасини ўрганувчи фалсафий фан — таълим фалсафаси ҳақида бўлди.

Подкастда таълим масалалари эксперти Комил Жалилов, сиёсатшунос ва педагог Ҳамид Содиқ, шунингдек, Олмазор тумани 243-мактаб директори Зироатхон Комилова меҳмон бўлди.

Маълумот ўрнида, Комил Жалилов ушбу подкастлар сериясининг доимий меҳмони бўлади. Қуйида лойиҳанинг биринчи сонида янграган фикрлар билан бироз қисқартирилган шаклда таништириб ўтамиз. Видеони тўлиқ юқоридаги ҳавола орқали Gazeta YouTube каналида томоша қилинг.

— Таълим фалсафаси ўзи нимани ўрганади? У учун қандай саволлар муҳим ва таълимнинг аҳамияти нимада?

— Комил Жалилов: Ўзи таълим фалсафаси — жуда ҳам қизиқ мавзу. Лекин афсуски, бизда унчалик кўп эътибор берилмайди, гапирилмайди. Мисол учун, мен таълим фалсафаси ҳақида ва таълим фалсафасини бир чуқурроқ тадқиқ қилган ўзбек тилидаги манбаларни деярли кўрмаганман.

Ўзи умуман таълим жараёнини оладиган бўлсак, мен ҳар доим айтиб келаман, таълим жараёни учта асосий, бир-бирига боғлиқ бўлган компонентдан иборат. Биринчиси — ўқув дастурлари. Яъни ўқув дастурларида «биз нимани ўқитишимиз керак?» деган саволга жавоб берилади.

Мана, мисол учун, биз болани 11 йил ёки 12 йил давомида мактабда ушлаб турар эканмиз, яъни мактабда унга қанақадир билимлар беришга ҳаракат қилар эканмиз, мана шу давр охирида биз кимни кўрмоқчимиз? Қанақа инсонни кўрмоқчимиз? Яъни у қанақа билимлар, қанақа кўникмалар, қанақа компетенсиялар билан мактабдан чиқиб кетиши керак?

Мана шу саволларга жавобни ўқув дастурлари белгилаб беради. Масалан, ўша битирувчининг якуний портретини шакллантириб, «мана менинг битирувчим мана шунақа билимларга, кўникмаларга эга бўлиб чиқиб кетиши керак» деган белгини қўйиб олганингиздан кейин орқага қараб кетилади.

Яъни, шу натижага эришишимиз учун биринчи синфда қанақа кўникмаларни беришимиз керак, иккинчи синфда, учинчи синфда ва ҳоказо, ва ҳоказо — мана шунақа қилиб охирига қараб борилади. Бу — ўқув дастурлари ҳақида эди.

Энди шу дастурларга мос равишда методика (иккинчи компонент) танланади. Яъни, биз қанақа ўқитамиз ўзи? Ўқитувчи қандай методик ёндашувларни қўллайди, қанақа китоблар, қанақа дарсликлар, қанақа воситаларни ишлатади? Бу — методика.

Учинчиси ва жуда ҳам муҳим қисми — баҳолаш. Юқоридаги мақсадга етиб бордикми ўзи? Масалан, фалон синфнинг охирида маълум бир билимлар, кўникмаларга эга бўлиши керак, дедик-а? Болалар шу кўникмага эга бўлдими деган саволга жавобни баҳолаш тизими беради.

Мана шу ўқув дастурлари, методика ва баҳолаш бир-бири билан жуда ҳам чамбарчас боғлиқ равишда ишлайди. Бири иккинчисини тақозо қилади. Ва мана шу учтаси ўртасида боғлиқлик бўлмаса, таълим тизими таназзулга учрайди.

Худди машҳур масалдаги каби, «оққуш, чўртан балиқ ва қисқичбақа», учта жонивор битта аравани уч тарафга судрайди ва арава жойидан силжимайди. Шунга ўхшаган ҳолат юз беради. Буларнинг учтаси ҳамоҳанг ишлаши керак.

Шу билан бирга, таълим муҳити яратилиши керак, ўша мақсадларни рўёбга чиқариш имконини берадиган таълим муҳити.

Энди таълим фалсафаси бу ерда қани дейдиган бўлсангиз, мана биз нимани ўқитишимизни, қандай ўқитишимизни ва буни қанақа баҳолашимизни билиб олдик. Таълим фалсафаси эса «нима учун?» деган саволни беради.

Яъни, биз ўзи болаларни нима учун ўқитяпмиз? Мақсадимиз нима? Улар ким бўлиб чиқсин? Қанақа инсон бўлиб чиқсин? Қанақа қадриятларга эга бўлсин? Мана шу саволларга жавобни таълим фалсафаси беради.

Билим нима, унинг моҳияти нимадан иборат? Инсон ва жамиятнинг бир-бирига муносабати қанақа бўлиши керак? Инсон жамиятга хизмат қиладими, жамият инсонгами? Мана шуларнинг ҳаммасини ўша таълим фалсафаси белгилаб беради.

Шунинг учун ҳам бу таълим фалсафаси — жуда муҳим ва хоҳлайсизми-йўқми бутун таълимга ҳам, жамиятга ҳам хизмат қиладиган бир жуда катта ғоя. Чунки жамият аслида ўша таълим фалсафасининг буюртмачиси бўлади.

«Таълимдан мақсадимни мана бундай кўряпман. Менга мана бундай қадриятларга, мана бундай хусусиятларга эга бўлган инсон керак», деган йўналишни жамият бериши керак.

— Таълим фалсафаси деганда нимани тушунишимиз ва унда инсоннинг роли ҳақида ҳам гаплашайлик. Инсон — у ерда қандай мавжудот?

— Ҳамид Содиқ: Жамиятимиздаги таълим билан боғлиқ жараёнларни муҳокама қилишнинг тенденциясига қарайдиган бўлсангиз, таълимни турли хил томондан муҳокама қиляпмиз: қонунчиликда қандай ўзгартиришимиз керак, методикани қандай ўзгартиришимиз керак, мактаблар қандай бўлиши керак, хусусий мактаб керакми-йўқми деган саволлар.

Айни вақтда маълум бир жараённинг, маълум бир оқимнинг ичига тушиб фикрлаётганимизда ечим тополмаяпмиз. Жавоб йўқ. Ҳамма ҳар хил жавоб беради. Нима учун бизнинг гапларимиз ўхшамаяпти? Айтаётган гапларимизда табиий бир мантиқсизлик бор, биз ўша мантиқсизликни тушунмаяпмизми? Шу саволни ўртага чиқади.

Бу вазиятда биз инсоният аввал қўллаб кўрган ечимларга юзланамиз. Барча жамиятлар шундай қилади. Инсоният бундан аввал ҳам инқирозларга учраган. Инқироз шароитида биздан олдингиларнинг тутган табиий бир йўли бор.

Нима учун биз бугун таълим муаммосига ҳуқуқий, педагогик ёки бўлмаса мантиқий ечим топа олмаяпмиз?Демак, бизга донишмандона йўл керак. Фалсафа — бу донишмандликни севиш.

Тасаввур қилинг, маълум бир жамият бор, утопиядамиз, ҳаёлий бир ердамиз, на тажриба, на цивилизация, на маданият — ҳеч нарса йўқ. Мана шу ерда таълим қандай вазифани бажаради? Мана шу нуқтага келган пайтимизда бизлар таълимнинг ўзига хослигини тушунамиз. Бутун борлиқнинг ичида битта инсонлар жамланмаси бор, жамият бор. Таълимнинг марказида жамият туради, инсонлар жамланмаси туради.

Энди ўзимизга оддий савол берайлик. 100−200 одам яшаб қолишимиз керак. Бу ерда таълим қандай вазифани бажаради? Катта авлод ва кичик авлод бор. Катта авлодда катта бўлганлиги учун кичигига нисбатан маълум бир тажрибаларга эга.

У ҳаётийлигини сақлаш учун кичик авлодга маълум бир нарсаларни ўргатиши керак. Бизнинг моделимизда таълимнинг мақсади нима бўлади? Авлодлар ўртасидаги зиддиятни йўқ қилиш бўлади.

Катта авлод — ўлиб бораётган авлод, кичик авлод — энергияга тўлаётган авлод, бир-бири билан уришиб кетмаслиги керак. Таълимнинг фалсафий масаласи катта ва кичик авлод ўртасини кавшарлашдир. Бу муҳим масала, кейинги кўрсатувларда ҳам охир-оқибат шунинг фалсафий фундаментига бориб тақалаверасизлар.

Айнан мана шу рад этиш юзага келмаслиги учун учун кичик авлод катта авлодни тан олиши керак. Таълим кўприк вазифасини ўтайди, ўртада зиддият келмаслиги учун икки авлодни бир-бирига кавшарлаб туради. Мана унинг фундаментал вазифаси нима!

Нима учун ҳозир бу ерда муаммо вужудга келяпти? Таълимнинг модерн кўриниши бўйича худдики катта авлод кўпроқ билимга, кўпроқ кўникмаларга эга ва улар буни кичик авлодга ўргатиши керак.

Лекин ҳозир кичик авлод: «Ахир сенинг билиминг мендан кўп эмас-ку», деяпти. Инглиз тилидан дарс берадиган ўқитувчининг IELTS’и 6, синфидаги 5−6 та ўқувчининг IELTS’и 7. Бу ерда умуман таълим мантиғи бузиляпти. Ўртадаги зиддият кичик авлоднинг катта авлодга нисбатан жиддий қаршилиги билан вужудга келяпти.

Улар бизни шунчаки тан олмаяпти. «Сизлар ўзингиз вужудга келтирган таълим парадигмаси бўйича ишлай олмаяпсизлар», деяпти.

Ҳозир мен бошқа жиҳатларини ҳам айтаман. Таълимнинг фундаментал вазифаси шундан иборатки, у катта ва кичик авлод ўртасида зиддиятни вужудга келтирмаслиги керак. Бунинг мантиғини қаердан десангиз, катта авлод тажрибалироқ деб билинади. Янги модерн парадигмада тажриба ҳамма нарсани ҳал қилади.

Шунинг учун бу ердаги зиддият қонунчилик даражасида эмас, авлодлар ўртасидаги [муаммо], яъни биз ҳозирги авлоддан тажрибасиз бўлиб қолдик.

— Сиз мактаб директори сифатида, ҳозир шу бир-бирини рад этаётган авлодлар ичида ишлаётган бир инсон сифатида таълим фалсафасини қандай кўрасиз? Мактабингиз ўз вазифасини қанчалик бажаряпти ёки бажара олмаяпти деб ҳисоблайсиз?

— Зироатхон Комилова: Мен оддийгина, кичкинагина мактаб миқёсида айтаман. Энг катта қарор-фармонлар чиққан тақдирда ҳам, уларнинг якуний ижроси ўқитувчи ва болага боғлиқ. Таълим жараёнининг энг якуний нуқтаси ўқитувчи ва бола муносабати билан ҳал қилинади. Ва бу муносабатга мен учинчи бурчакни қўшган бўлардим.

Мен ўқитувчиларимизга айтаман: биз учбурчакда ишлаймиз. Қайси учбурчакда? Ота-она, фарзанд, устоз учбурчагида. Агар мана шу учбурчакни биз тўғри йўлга қўйиб ололсак кўзланган натижамизга эришамиз.

Билимдан олдин биз уларга кўникма беришимиз керак. Кўникма қаерда шаклланади? Кўникма оилавий муҳитдан, гендан, атрофдан, жамиятдан олинаётган кўникмаларга тақлидан шаклланади.

Мисол қилиб айтадиган бўлсак, бир хил ёшдаги, ҳар хил вилоятда, ҳар хил давлатда яшаётган ўқувчи-ёшларнинг кўникмалари, билимлари, ўзини тутишлари фарқли. Уларда нима фарқли десангиз, атрофидаги жамият фарқли.

Биз жамиятнинг кичик негизи сифатида маҳаллани, яшаётган ҳудудимизни олишимиз мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, ўзининг қадриятлари, урф-одатлари бор.

Мисол учун, қайсидир маҳаллада қўполроқ гапириш уят саналса, қайсидир ҳудудда қаттиқроқ гапириш, қаттиқроқ хатти-ҳаракат қилиш норма ҳисобланади.

Бу, албатта, ҳар хил жамиятдан келаётган ўқувчиларни битта синфга жамлаб, таълим бераётган ўқитувчига босим туширади. Яъни синфга қўполроқ оиладан чиққан фарзанд ёки илм истаётган бола, қобилиятли бола, ўзини қидираётган бола келади. Натижада ўқитувчи олдида жуда катта масала туради.

30 та бола бўлса, 30 та учбурчак ясаш керак. 30 та бола билан ишлаш керак, 30 та ота-онани ва 30 хил оилавий муҳитни билиш керак. Мен айтмоқчи бўлган нарсам, битта синфда, аудиторияда битта мавзуни тушунтиришнинг ўзи анча мураккаб жараён.

Педагог бўлиб ишламаганлар ҳар қанча фикрларни айтиши мумкин, «ўқитувчи уни бажара олмади, буни қила олмади», деб. Уларга жавоб битта, Ҳамид ака айтганларидек: улар бошқа даврнинг инсонлари, бошқа кўникма, бошқа билимларга эга.

Айтганларидек, уларнинг ўртасидаги риштани боғлаш учун ҳам, оилавий риштани боғлаш учун ҳам ўқитувчи керак. Вақти келса, ўқитувчи билан ўқувчининг ўртасидаги риштани боғлаш учун ота-она керак. Бизда нима бўляпти? Биз ўша ўқитувчи ва бола ўртасидаги боғлиқликни ота-она бўлиб бузиб қўйяпмиз.

«Устозинг гапираверади-да. Нимани ҳам биларди, ўқиб олим бўлармидинг. Кел, ўқима, ана репетиторга бор», деган фикрлар бор. Таълим фалсафаси шу учбурчакни мустаҳкамлаши керак.

Оддийгина мисол айтаман. Менда битта фан ўқитувчиси бор. Дарсини жуда ҳам яхши ўтади. Ўзим кузатаман, камерада таҳлил қиламан. Лекин икки соатдан кейин, куннинг иккинчи ярмида Миллий университетнинг олдида, ўқув марказида дарс беради.

Мактабдаги дарсда ўтирмаган бола ўқув марказига кириб, айни ўша ўқитувчининг дарсида ўтиради. «Болалар дарсингда яхши ўтирадими?» деб сўрайман. Кейин ота-оналарга йиғилиш қилсак, «Балким шу бола йўлнинг у ёғига, Миллий университет жойлашган томонга ўтгунча мийясига нимадир билим қуйилиб қолса керак», деб ҳазиллашиб айтаман.

Бу ерда ота-она пул тўлаганидан кейинги жавобгарлик ҳисси бор. Мактабда эса таълим олиш бепул, қадри йўқ. Натижада айнан ўша ўқитувчи, ўша фандан ўша вақтда дарс берса ҳам, беписандлик билан ёндашилади.

Уйда ота-она «ўқишинг керак, болам», деган фикрда эмас. «Репетиторингнинг дарсини қилдингми?», деган фикрда.

Мана шу таълим фалсафасида, умумий қилиб айтганда, ота-она, ўқувчи ва таълим муассасаси ходими, яъни педагог-ўқитувчи туради. Ўқитувчи, ота-она ва бола ўртасидаги риштани мустаҳкамлаш тарафдориман.

Чунки биз мақсадга ота-она билан бирга етамиз. Биз минг даҳони кашф қилганимиз билан, ота-она хайрихоҳлик билдирмаса, уйдаги муҳит яхши бўлмаса, бизнинг ҳамма ҳаракатимиз нолга тенг бўлади.

Охирги негиз — педагог. Нечта қарор ижро қилинса ҳам, таълим дастурлари ишлаб чиқилса ҳам, уни болага етказиб берувчи вакил директор ҳам эмас, маънавиятчи ҳам эмас, айнан ўқитувчи.

— Шунда мактаб бу муносабатни давом эттирувчи бир институт сифатида кўриляпти, тўғрими? Билим беришдан ташқари?

— Зироатхон Комилова: Албатта. Инсонийлик қадриятлари, ҳалоллик, тарбия, ростгўйлик, ғамхўрлик, қўллаб-қувватлаш, бошқаларни эшита олиш, навбат кутиш кўникмаси, оддийгина бошқалар билан ҳисоблашиш, буларнинг ҳаммаси мактабда шаклланади. Ўқувчилар ўқитувчидан нафақат билим олади, унга тақлид ҳам қилади.

— Комил ака, мактабнинг вазифасига ҳам бевосита тўхталайлик. Ўзи мактаб қанақа жой, у билим берадими ёки билим олишни ўргатадими, деган муҳокамали баҳслар бор. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

— Келинг, фикримни айтишимдан олдин, битта нарсани кўриб чиқайлик. Олдин моҳиятни тушуниб олишимиз керак-да. Ўзи қанақа таълим фалсафалари бор? Шу саволнинг жавобини кўрайлик. Чунки ўшандан келиб чиқиб, бояги саволингизнинг ҳам жавоби бироз ойдинлашади.

Мана, боя Ҳамид ака ўз фикрларини билдираётганда, Ғарб ва бошқалардан мисол келтирдилар. Мен ҳам шу Ғарб дунёсидан мисол келтирмоқчиман. Томошабинлар айтиши мумкин, «нега, ўзимизда мутафаккирлар йўқми?», деб.

Лекин ўша таълим фалсафасини ҳам Ғарбда тизимлаштиришган ва маълум бир йўналишларга солишган. Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, уларга мурожаат қилишга мажбурмиз.

Таълим фалсафаси жавоб берадиган бир қанча саволлар бор. Масалан, «Ўзи марказда ким туради? Ўқитувчими, ўқувчими?» деган савол бор. Ёки «Билим нима, у қандай олинади? Уни ўқитувчи тайёр ҳолда бериши керакми ёки боланинг ўзи кашф қилиб, меҳнат қилиб олиши керакми?» деган савол бор.

Ёки бошқа бир савол бор: инсон ва жамият ўртасидаги муносабатга таълим қанақа ҳисса қўшади? Масалан, баъзи фалсафалар айтади: «Инсон жамиятдаги статус-квони сақлаб қолиш ёки мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак», дейди.

Баъзи фалсафалар айтади: «Йўқ, инсон жамиятни яхшилашга хизмат қилиши керак, ҳатто керак бўлса, жамиятдаги тартиботни бутунлай бошқатдан қайта қуриши керак», дейди. Яъни таълим шундай инсонларни тарбиялаши керак дейди. Мана шу нуқтаи назардан ҳар хил фалсафалар бор.

Масалан, спектр сифатида оладиган бўлсак, перенниализм деган фалсафа бор. Унинг ғоясида нимада? Унинг ғояси қадриятларда, жамиятдаги қадриятларни кейинги авлодга етказишда. Бу перенниализмнинг асосий ғояси.

Бу ерда ўқитувчи марказда туради. Чунки ўқитувчи ўша қадриятлар қайсилари тўғрилигини билади ва болага тайёр ҳолда етказади: «мана шу қадриятларни ўзлаштириш керак», дейди. Кўпроқ болани тарбиялайди. Кўриб турибмизки, бу ерда таълимнинг вазифаси кўпроқ жамиятдаги статус-квони сақлаб қолиш бўляпти.

Яъни қадриятлар мавжуд ва ўшаларни биз кейинги авлодга узатишимиз керак. Кейинги авлодлар ўртасидаги занжирни мустаҳкамлаб қўйишимиз керак.

Эссенциализм деган фалсафа бор. Эссенциализм «essential», яъни «муҳим» деган сўздан олинган. Бу эртага бола жамиятга кирганда яшаб кетиши учун муҳим бўлган кўникмаларни унга беришни назарда тутади. Шахс сифатида эмас, кўпроқ ўша жамиятнинг бир аъзоси сифатида яшаб кетиши учун.

Масалан, сиз жамиятда ўқишни, ёзишни, ҳисоб-китобни билишингиз керак, қанақадир меҳнат кўникмаларига эга бўлишингиз лозим. Демак, таълим шу кўникмаларни биз бериши керак.

Бу прогрессга йўналтирилган таълим. Бу ерда ҳам ўша билимни ўқитувчи тайёр ҳолда беради, ўқувчи қабул қилади ва бу ерда ҳам кўпроқ жамиятдаги статус-квони сақлаб қоламиз.

Кейинроқ, унга яқин бир функционализм деган фалсафа пайдо бўлган. Бу ҳам инсонни ўша жамиятга ҳисса қўшувчи бир капитал сифатида кўради. Яъни инсон капитали жамиятнинг иқтисодий тараққиётига, ривожланишига ҳисса қўшадиган ресурс. Бу ҳам кўпроқ анъанавий фалсафа. Яъни ўқитувчи билимни узатади, жамиятдаги статус-кво сақлаб қолиниши, мустаҳкамланиши керак.

Бунга қарши ўлароқ, XX аср биринчи ярмида Жон Дюи (америкалик файласуф, психолог ва таълим ислоҳотчиси) ва таълимдаги бошқа кўзга кўринган инсонлар томонидан яна бир фалсафа илгари сурилди — прогрессивизм.

Улар «йўқ, бизнинг асосий вазифамиз жамиятга эмас, шахсга қаратилиши керак. Биз таълимнинг марказига шахсни қўйишимиз керак», деди. Уларнинг фалсафаси бўйича билимни инсон тайёр ҳолда қабул қилса, бу билим самарали бўлмайди.

Бола таълимнинг асоси, марказида бўлиши керак ва бола билимни ўзи кашф қилиши, ўзи ўрганиши керак. Ўқитувчи бу ерда фақатгина шу жараённи самарали ташкил қилувчи шахс бўлиши керак, дейишди. Яъни у тайёр аудиторияга кириб, «мана бугун Алишер Навоийни ўрганамиз», дейиши керак эмас.

У шундай бир муҳит яратиши керакки ва болаларга шундай топшириқлар бериши керакки, «ия, Алишер Навоий мана шунақа ғояларни илгари сурган экан-ку, мана шунақа инсон бўлган экан-ку», деган фикр боланинг ўзида шакллансин. Ўқитувчи унга тайёр ҳолда бермасин. Бу прогрессивизм ғояси.

60−70-йилларга бориб яна бир фалсафа пайдо бўлди. Унинг катта вакилларидан бири бразилиялик педагог, «Мазлумлар педагогикаси» асари муаллифи Пауло Фреире эди. Ҳозир бу педагогика соҳасидаги классик асарлардан саналади.

У «йўқ, тўхта. Олдинги фалсафалар фақат шу жамиятдаги статус-квони сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Ҳар қандай жамиятда мазлумлар бор ва уларнинг тепасида туриб мазлумларни эзувчи оппрессорлар бор», деди. У таълимнинг вазифаси мана шу статус-квони ўзгартирадиган инсонларни тарбиялаш эканини айтди.

Яъни ўша мазлумлар ўзининг мазлумлигини тушунсин, деспотлар нимага деспотлик қилаётганлигини тушунсин ва шуни ўзгартирадиган инсонларни биз тарбиялайлик, деди. Бу ижтимоий реконструкционизм, жамиятни тубдан қайта қуриш керак, деди.

Таълимнинг вазифаси — эртага жамиятни бутунлай ўзгартирадиган, уни янгитдан, мазлумлар ва деспотлар бўлмайдиган қилиб қайта қурадиган инсонларни тарбиялаш. Ҳамма ҳамма тенг ҳуқуқли, бир-бирини ҳурмат қиладиган ва эртага кимдир мазлум бўлиб, кимдир деспот бўлишига йўл қўймайдиган жамиятни қурадиган инсонларни тарбиялашимиз керак, дейилади. Бу — бутунлай бир бошқа фалсафа.

Яна бошқа бир фалсафа — экзистенциализм. У айтадики, энг муҳими — шахс, шахснинг эркинлиги, ўзини намойиш қилиши. Масалан, бу фалсафа жамият қандайдир қонун-қоидаларни ўргатаётганда, «тўхта, ўйлаб кўр, ўша қонун-қоидалар сенинг эркингга қай даражада ҳалал беради ёки бермайди? Ўзлигингни намойиш қилишда тўсқинликлар борми ёки йўқми?» дейди.

Яъни экзистенциализмда ўша «exist», яъни «Мен борманки, жамият ҳам, қолган ҳамма нарса ҳам бор. Мен бўлмасам, бошқа ҳамма нарса бекор» деган маъно бор.

Яъни экзистенциализм биринчи навбатда шахс дейди. Жамиятнинг қонун-қоидалари ҳам, бошқаси ҳам шу шахс учун керак бўлсагина керак дейди. Яъни кўриб турганингиздек, фалсафаларнинг ҳар хил спектри мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммаси ўша муҳим саволларга ҳар хил жавоб беряпти.

Билимни ўқувчи қанақа олади, тайёр ҳолда оладими ёки ўзи шакллантириши керакми? Ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари қанақа бўлиши керак, тенг ҳуқуқлими ёки ўқитувчи доминант бўлиши керакми? Марказда ким туриши керак, ўқувчими, ўқитувчими? Инсон жамиятдаги статус-квони сақлаб туриб, мустаҳкамлашга хизмат қилиши керакми ёки жамиятни эртага бошқатдан қурадиган шахс бўлиши керакми?

Мана шу саволларга ҳамма фалсафалар ҳар хил жавоб беради. Таълимнинг вазифаси нима деган саволга қайтадиган бўлсак, бунга ҳам ҳамма фалсафалар ҳар хил жавоб беради. Қайси фалсафани сиз муҳим деб кўрадиган бўлсангиз, саволингизга жавобингиз ҳам шундан келиб чиқади.

— Бу жуда индивидуаллик талаб қиладиган йўналиш экан-да. Яъни жамиятлар ҳар хил, давлатлар ҳар хил, муаммолардан келиб чиқиб, таҳлиллар орқали танланади.

— Шунинг учун ҳам, жамиятда таълим фалсафасини белгилаш — бу битта шахснинг иши эмас. Дейлик, битта ўқитувчининг, битта таълим вазирининг иши эмас. Бу — қандайдир умумий консенсусга келинадиган бир ҳолат.

Битта оддий мисол айтаман. Буюк Британияда магистратурада ўқиётганимда «ўқув дастурларини тузиш ва лойиҳалаштириш» деган фанимиз бор эди. Ўқув дастурларида сиз: «нимани ўқитаман, болага қанақа билимларни, қанақа кўникмаларни бераман?» деган саволни қўясиз-а? Ундан олдин сиз ўзи «нима учун?» деган саволни қўйишингиз керак.

Бу эса таълим фалсафасига бориб тақалади. Шунинг учун биз жаҳонда шу бўйича бораётган илмий баҳсларни ҳам таҳлил қилардик. Масалан, Англиянинг ўзида ҳам таълим фалсафаси бўйича кўзга кўринган бир қанча олимлар бор. Улар мақолалар ёзади, чиқишлар қилади.

Яъни, соғлом жамиятда бу бўйича ҳар доим дебатлар кетади. Биз ўзи қанақа инсонни кўрмоқчимиз, жамият сифатида эртага борар манзилимиз қаерда ва таълим тизими бизга етиштириб бераётган инсонлар бу борар манзилимизга қай даражада ҳисса қўшади, деган саволлар ўша баҳсларда туғилади.

Масалан, мен таълимнинг вазифасини мана бунда кўраман, деб айтишим мумкин. Лекин бу, дейлик, Ҳамид аканинг, Зироатхон опанинг ёки сизнинг фикрларингизга мос келмаслиги мумкин. Яъни ҳар доим бир консенсусда туғиладиган нарса. Мен санаб ўтган фалсафий қарашлар, тизимга солинган фалсафий фикрлар бизга ўзимизнинг фикрларимизни ҳам маълум бир тизимга солиб олишга ёрдам беради.

— Ҳамид ака, ўзи умуман, ростдан ҳам фикрлар доимий равишда бир-бири билан кесишади ёки кесишмайди, умумий думалоқ столнинг ичида бир-бирига урилиб-урилиб, барибир битта консенсусга келиши мумкин. Cизнингча, таълим қандай вазифани бажаради?

— Менинг биринчи фикрим авлодлар ўртасидаги зиддият ҳақида. Биз буни турли хил таърифлаяпмиз, статус-кво деяпмиз. Статус-кво дегани, катта авлод ўзининг камчиликларини яшириши. Улар «шу камчиликларимиз учун улар бизни жазоламасин», дейди. Мана шу статус-кво.

Статус-квонинг ўзи «урушдан олдинги ҳолат» деган маънони билдиради. Тарихда бундай воқеалар бўлган, масалан, «Маданий инқилоб»нинг биринчи тўлқинида хунвейбинлар (1966−1976 йилларда Хитойда бўлиб ўтган «Маданий инқилоб» даврида тузилган талаба ва ўрта мактаб ўқувчиларидан иборат радикал ёшлар гуруҳи) ўзининг устозларини урган.

Хунвейбинлар тўлқини, «Маданий инқилоб» бошланаётганда авлодлар ўртасидаги зиддиятни Мао тушуниб қоляпти. Унинг амалга оширган бутун сиёсати хато ва бунинг учун авлод кимнидир жазоламоқчи. Бу [энергияни] қандайдир манипуляция қилиш керак эди.

У эса «Маданий инқилоб» деяпти-да, ўша ички норозиликни ўқитувчиларга қаратяпти. Мен «Собиқ хунвейбин тавбаси» деган китобни таржима қилаётгандим. Ўша китобдаги бир ҳолат: хунвейбинлар, мактаб ўқувчилари ўз директорининг бўйнига катта шармандалик доскасини осиб, бўйнидан ип ўтказиб, ит қилиб ҳуришга мажбурлаганини айтади.

Улар ҳозир қилган ишига тавба қилиб, нималар қилгани ҳақида гапириб беряпти. Бу ерда мана шу катта авлод, тепада ўтирган сиёсатчилар ҳам, директорлар ҳам, биз ҳам маълум бир ишларни хато қилганимиз таъкидланяпти.

Шу хатолар туфайли кичкина авлодда бизга нисбатан норозилик бор ва ўртада уни таълим орқали қандай сўндирамиз деган яланғоч савол турибди. Биз ҳозир шу ҳақида гаплашяпмиз.
Масалан, Қашқадарёда тинмасдан иншоотлар портлайди. Ёш авлод савол беряпти: «қандай иншоот қурдингизларки, тинмасдан портлайди? Нима учун қурган нарсаларингиз ўпирилиб тушаверади? Нима учун каламушлар еб кетаверади? Нима учун бизга: „Биз сизларни ўқитадиган авлодмиз, тажрибаларимизни ўргатадиган авлодмиз“, деб туриб, лекин ўзингиз фақат хато қиласизлар?», деган саволни қўйиши масаласида зиддият бор.

Шуни таълим билан тартибга соламиз деб ўйлашяпти. Ҳа, таълим билан тартибга солиш мумкин. Қачон?Ўзбекистон ёпилса. Мамлакатни ёпиб ташлайсизда, «ўқитувчи ҳамиша ҳақ», дейсиз.

Яқинда бўлган воқеада нима бўлди? Ўқитувчи ўқувчини урди ва мўъжизали равишда жиноят иши тўхтатилди. Катта авлод нима қилган тақдиримизда ҳам, «орқасига куч ишлатар тизимларни қўямиз», деган тафаккур пайдо бўляпти. Бу табиий, чунки улар бунинг моҳиятини англамаяпти.

Қилган хато сиёсатингиз учун бу авлод сиздан бутунлай норози ва буни таълим билан йўлга солмоқчи бўлсангиз, улар ишонмаяпти. Ислом Каримов буни бир амаллаганди. Қайсидир органларга катта ваколат берди, ва мактабни битираётганларнинг 80 фоизи: «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлайман», деб уни тарк этди.

Иккинчи фикрим, биз таълим фалсафаси ҳақида гаплашяпмиз-ку, фалсафа қопқонига тушиб қоляпмиз. Яъни биз фалсафа деганимизда ҳамиша Ғарбни тушунамиз. Ундан кейин вужудга келган ҳар қандай фалсафани априори (синаб кўрмасдан) қабул қиламиз, худдики ундан бошқа нарса йўқдек.

Яъни шулардан биттасини танлашимиз керак. Зотан ҳаммасининг марказида шахс туради. Шахсдан юқори нарса йўқ. Бунинг бошида Жон Лок (инглиз файласуфи) деган одам туради. У айтадики, ҳар қандай фарзанд оппоқ варақ бўлиб дунёга келади, «табула раса»(инсон дунёга келганда унинг онги ҳеч қандай туғма ғоялар ёки билимларсиз, худди бўш (тоза) тахта каби бўлишини билдирувчи фалсафий тушунча).

«Биз унинг ким бўлишини кейинчалик ўзимиз белгилаймиз», дейди. «Табула раса» — оппоқ қоғоз ва кейинчалик биз унинг ким бўлишини биз белгилаб берамиз, деган тушунча ҳозирги таълим тизимининг фундаментини яратади. Худдики биринчи синфга келган бола — биз учун оппоқ қоғоз.

Биз уни кейинчалик ким қилиб тарбияламоқчимиз? Учинчи рейхга солдат керакми ёки Украинада уришиш учун гўшт керакми, масалан? Ёки бўлмаса, Россияга бориб меҳнат қилиш учун мигрант керакми? Мана шу оппоқ қоғозни биз 11-синфдан кейин ким сифатида кўрмоқчимиз? Бу — Локнинг фалсафаси.

Лекин фарзанд оппоқ қоғозми? Бизга ҳозирги авлод айтяптики: «барака топкурлар, йиғиштиринглар бу нарсани, мен фақат оппоқ қоғоз эмасман. Менинг ундан олдинги руҳий ҳолатим бор. Мендан хоҳлаган нарсангизни ясайвермайсизлар. Зотан бир бўлмағур авлодсизлар. Одам ясайман, деб ҳайвон ясаяпсизлар бизлардан». Мана шу қаршилик бор.

Яъни биз ўзимизча ҳамма нарсани биладиган зўр авлодмиз. Ва ўша оқ қоғозга қандайдир расм чизиб: «сизлар мана шундай авлод бўлишингиз керак», деяпмиз. Айни пайтда бизнинг ясаган портретимиз — бутунлай ҳайвоннинг портрети. Истеъмол авлодининг портрети.

Бу авлод эса «биз истеъмолни тўхтатмоқчимиз», деяпти. Мутлақо истеъмолни.

Кейинги илгари сураётган фикрим шундан иборатки, таълимнинг фундаментал масалаларидан бири: тарих ва келажак мавжудлиги. Таълим мана шулар ўртасидаги зиддиятни ҳал қилади. Бу юқоридаги фикрга асос бўлади. Яъни, тарихда маълум бир қилинган хатолар бор ва тўғри ишлар бор.

Уларни энди туғилган авлод билмайди. Аввалгилар хатосини янгиларга ўтказмаслик ва уларнинг келажакда тўғри қарор қабул қилишини таъминлаш лозим. Тарих ва келажак ўртасидаги зиддиятни йўқ қилиш учун таълим керак.

Биз нима қиляпмиз? Тарихда қурган кўпригимиз бугун ҳам қулаяпти. Тушуняпсизми? Яъни хатони давом эттиряпмиз. Уларга нафақат тарихдаги тўғри нарсани, нотўғрисини ҳам ўргатяпмиз. Тарихда коррупцион жамият эдик, ҳозир ҳам коррупцион жамиятни ўргатяпмиз.

Бу авлод эса «кимсизлар ўзи? Қаердан келиб қолдингизлар? Бизларга нега нотўғри нарсаларни ўргатяпсизлар? Нима учун таълимингиз фақат симуляция, тарихингиз ҳам симуляция», деяпти.

Демак, биринчи парадигма бу — авлодлар ўртасидаги зиддиятни ҳам биз тушунмаётганлигимиз. Иккинчи парадигма — тарих ва келажакни ўргатиш, тарихдаги хатоларни қолдириб, кейин келажакда бўладиган хавфларни ўргатиш.

Реалликда дронлар уришяпти, биз уларнинг қўлига камон беряпмиз. Амалиётга чиққанда улар бизни сўкяпти. «Ўлганларинг яхши» деяпти. Дронлар учиб юрган жамиятда уларни қўлига камон бериб майдонга туширяпмиз ва яна ўша камонни асослашга ҳаракат қиляпмиз, «керак», деб тушунтиряпмиз, мажбурлаб «ўқи», деяпмиз.

Улар «барака топкур, дрон учиб юрибди осмонда, камонинг етмайди унга», деяпти. Бизлар лекин мажбурлаб яна шу камонни ўргатяпмиз.

— Зироатхон опа, сизга ҳам сўз берайлик. Сизнинг мактабингиз болани қандай кўради ва ҳозир интернет бор, маълумотлар бор пайтда мактабингиз қанақа вазифани ўтаяпти? Яъни болага билим беряптими ёки билим олишни ўргатяптими?

— Ўзимнинг субъектив фикримни айтадиган бўлсам, иккала йигитларимизнинг ҳам гапларига қарши чиқишимга тўғри келади. Менинг назаримда бола — бу мавжудот. Онгли мавжудот. Унда қалб, руҳ, кайфият, ҳолат бор. Қолаверса генетик иқтидорлар бор.

Бола тоза варақ дейлик, пластилин деб тасаввур қилайлик. Мактабга келганда ўқитувчи боланинг руҳий ҳолатини, кайфиятини ўрганиши керак, унинг иқтидорини кашф қила олиши керак. Дейлик, ўқувчининг математикага иқтидори бор. Ёки чизмачиликка қобилияти бор. Мактаб ана шу нарсани кашф қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши керак. Шу аниқланган иқтидорни ривожлантириш иккинчи мақсад бўлади. Кейинги босқичда бу иқтидор аниқлангандан кейин учқунни алангалантириш, уни ривожлантириш керак.

Ана шу жойда ота-она ҳамкорлиги яна ёрдамга келади. Чунки ота-она боласидаги ўзгариш, таълим олишдаги қизиқишлари ёки инкор қилишларни билса, уни зўрламайди. Дейлик математикага қобилияти йўқ, ижтимоий соҳа эгаси. Кўпроқ китоб ўқиб, уни гапириб беришга лаёқати бор. Ёки актёрлик маҳорати бор.

Унда нега бу болани математик қилишимиз керак, нега сузувчи балиқдан учишни сўрашимиз керак? Аллоҳ ҳар бир бандасини ўзининг иқтидори билан яратган. Буни ўқитувчи таний олиши керак.

Ўшандагина ота-она ўртасидаги зиддиятли ҳолатларга, «сен ўқишинг керак» ё «ниманидир ўрганишинг керак» деган нарсага ҳожат қолмайди. Докторга борганимизда бошимиз оғрияпти деб борамиз-да, диагноз қўйдиришни бошлаймиз.

Олдин дейлик битта таблетка ичган ёки исириқ тутатган бўлсак, ҳозир сўраймиз: қон босими ошганми, тушганми? Камқонликданми? Шамоллашданми? Диагноз қўйдирамиз.

Болага муносабатда ҳам шунақанги қараш тарафдориман. Диагностика қилиш керак. Боланинг иқтидори нимада? Бола нима хоҳлаяпти? Боланинг хоҳишларини, қизиқишларини инобатга олганимиздан кейин у билан ишлашда давом этишимиз керак.

Подкастнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Таълим ҳақидаги подкастларимиз сериясини кузатишда давом этинг.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *