Ўзбекистонлик шахматчи Муҳиддин Мадаминов Тошкентда якунланган UzChess Cup Masters супертурнири ғолиби бўлди.
Учинчи UzChess Cup турнири 7−15 июнь кунлари бўлиб ўтди. Асосий мусобақа — Masters турнири 10 нафар шахматчи иштирокидаги айланма тизимда ва классик вақт назоратида ташкил этилди. Шу билан бир вақтда Challengers, Futures ва Open турнирлари ҳам ўтказилди. Барча мусобақаларнинг умумий мукофот жамғармаси 121,5 минг долларни ташкил қилди.
Муҳиддин Мадаминов.
Элита даражасидаги тажрибали гроссмейстерлар иштирок этганига қарамай, Masters турнирида дастлабки икки ўринни Ўзбекистон терма жамоасининг ёш вакиллари — 19 ёшли Муҳиддин Мадаминов (FIDE рейтинги 2586) ва 24 ёшли Шамсиддин Воҳидов (2637) эгаллади. Қўшимча кўрсаткичларга кўра учинчи ўринни 35 ёшли россиялик Ян Непомнящий қўлга киритди.
Тўққиз тур натижаларига кўра, Мадаминов ва Воҳидов 5,5 тадан очко тўплади. Эътиборлиси, Муҳиддин мусобақа давомида Ян Непомнящий (Россия, FIDE рейтинги 2733), Николас Теодору (Греция, 2634), Шахрияр Мамедяров (Озарбайжон, 2717) ва Видит Сантош Гужратини (Ҳиндистон, 2708) мағлуб этди. Бироқ у ҳамюртлари Шамсиддин Воҳидов (2637) ва Нодирбек Якуббоевга (2689) ютқазди.
Шамсиддин Воҳидов.
Турнир бошланишидан олдин Ханс Ниманн (АҚШ, 2742) таклифи билан биринчи ўрин тақдири қўшимча кўрсаткичлар эмас, балки тезкор шахмат бўйича тай-брейк баҳслари орқали ҳал қилинди. Унда Мадаминов Воҳидовга қарши ҳар икки партияда ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди ва 20 минг доллар мукофот соҳибига айланди.
19 ёшли гроссмейстер учун бу фаолиятидаги энг йирик ютуқ бўлди. Айниқса, унинг рейтинги (2586) бўйича старт рўйхатида сўнгги ўринда тургани ушбу натижани янада сенсацион қилади. Эътиборлиси, дастлаб Муҳиддин Мадаминов Challengers гуруҳига киритилган бўлиб, кейинроқ Жавоҳир Синдаров ўрнига энг кучли Masters гуруҳига ўтказилган. Муҳиддин Синдаров жамоаси таркибида Жаҳон кубоги ва Номзодлар турнирида фаолият юритган. Унинг таъкидлашича, мазкур ҳамкорлик ўз ўйинига ҳам ижобий таъсир кўрсатган.
«Жаҳон кубогидан кейин ҳам бир турнирда қатнашиб, жуда яхши натижа кўрсатдим ва иккинчи ўринни олдим. Кейин эса Номзодлар турниридан кейинги илк мусобақам бўлган бу турнирда ҳам яхши ўйнадим. Менимча, бу менга фойда беряпти: бир томондан унга ёрдам бераман, иккинчи томондан ўзим ҳам тажриба тўплайман», — деди у.
https://twitter.com/ChessbaseIndia/status/2066500548241592796
Жаҳон шахмат тожи учун расмий даъвогар Жавоҳир Синдаров ҳам Муҳиддин Мадаминовнинг UzChess Cup Masters турниридаги ғалабасини юқори баҳолади.
«У жуда яхши ўйнади. Ўз дебютларини кўрсатди — айтиш мумкинки, анча ноодатий дебютлар. Энди ҳамма унинг дебют босқичида қанчалик кучли эканини яхши тушуниб турибди. Умид қиламанки, бизнинг биргаликдаги ишимиз ҳам унга ёрдам бергандир», — деди Синдаров. Унинг сўзларига кўра, Мадаминов «вариантларни жуда яхши ҳисоблайди», турнирдаги айрим партиялари эса «шунчаки фантастик» бўлган.
Синдаров алоҳида равишда Мадаминовнинг шахматни кеч бошлаганига ҳам эътибор қаратди. «Муҳиддин шахмат ўйнашни 10 ёшидагина бошлаган. Ҳатто бизда шундай суратлар ҳам борки, ўша пайтда мен аллақачон гроссмейстер эдим, у эса том маънода менинг мухлисим бўлган. Мен унга қарши бир вақтнинг ўзида бир нечта рақиб билан ўйнаш сеансида партия ўйнаганман», — деди у. Синдаровнинг сўзларига кўра, Мадаминов «жуда кўп меҳнат қилган, ўзининг ҳақиқий истеъдодини намоён этган ва доимо уни ҳайратда қолдириб келади».
Воҳидовнинг иккинчи ўрнини ҳам катта ютуқ сифатида баҳолаш мумкин. Муҳиддин каби Шамсиддин ҳам фаворитлар қаторида эмас эди ва рейтинг бўйича саккизинчи ўринда турарди. Тўққизта асосий тур давомида у фақат бир марта мағлуб бўлди. Бу мағлубият ҳам Ханс Ниманнга қарши партияда дурангни мажбурий тарзда таъминлаш имкониятини қўлдан чиқарганидан кейин юз берди.
Учинчи ўринни Ян Непомняшчий эгаллади. Турнирнинг биринчи ярмидаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин у ўзини тиклаб, рейтинг бўйича иккинчи ва учинчи рақамли шахматчилар устидан ғалаба қозонди ҳамда тўққиз партиядан 5 очко жамғарди.
Нодирбек Абдусатторов 9 партиядан 4,5 очко тўплаб, олтинчи ўринни эгаллади. Унинг учун ҳал қилувчи вазиятлардан бири саккизинчи турда Николас Теодоруга қарши кечган драматик партия бўлди: «тегдингми — юр» қоидасига кўра у шоҳ билан юришга мажбур бўлган ва шундан кейин унинг рухи зарба остида қолган.
Нодирбек Якуббоев эса 4 очко билан еттинчи ўринни банд этди.
Параллел равишда ўтказилган Challengers турнирида озарбайжонлик гроссмейстер Муҳаммад Мурадли (2617) ишончли ғалабага эришди. У 9 партиядан 7,5 очко жамғарди. Кумуш медаль соҳиби — ҳиндистонлик Адитья Миттал (2599) ундан икки очко ортда қолди. Учинчи ўринни Богдан-Даньел Дяк (Руминия, 2656) эгаллади. Ўзбекистонликлар орасида энг яхши натижани халқаро мастер Суяров Муҳаммадзоҳид қайд этди — 4,5/9.
Хумоюн Бегмуратов.
Futures турнирида эса 16 ёшли ўзбекистонлик Ҳумоюн Бегмуратов (7/10) ғолиб бўлди.
