• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ўзбекистонлик шифокорлар Италияга ишга таклиф қилинмоқда – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Миграция агентлиги Ўзбекистон фуқаролари учун Италияда ишлаш имкониятини эълон қилди. Агентлик маълумотига кўра, Италиянинг Сардиния ҳудудидаги тиббиёт муассасаларига йил давомида 150 нафар шифокор жалб қилиниши режалаштирилган.

Дастур доирасида педиатр, невролог, диабетолог, пульмонолог, гастроэнтеролог, шошилинч тиббий ёрдам шифокори ҳамда бошқа мутахассисликлар бўйича номзодлар кўриб чиқилади.

Қайд этилишича, танловдан ўтган номзодлар Италиянинг Перуджа университети ҳамкорлигида ташкил этилган итальян тили курсларида етти ой давомида онлайн таълим олади. Ўқиш харажатлари Миграция агентлиги томонидан қопланади, бунинг учун ҳар ой 600 евро миқдорида маблағ ажратилади.

Курсни муваффақиятли якунлаган мутахассислар Сардинияда иш бошлайди. Асосий ойлик маош 3,5 минг еврогача етиши мумкин. Қўшимча иш соатлари ва тунги навбатчиликлар учун тўланадиган бонуслар ҳисобига даромад 4−5 минг еврогача ошиши мумкин. Иш вақти ҳафтасига 38 соатни ташкил этади.

Дастур шартларига кўра, иш берувчи томонидан турар жой харажатлари қопланади, тушлик билан таъминланади ҳамда тиббий суғурта расмийлаштирилади.

Номзодларга олий тиббий маълумотга эга бўлиш талаби қўйилган. Иш тажрибаси мажбурий эмас, аммо тажрибага эга мутахассисларга устуворлик берилади.

Ёш бўйича талабларга кўра, номзодлар 50 ёшдан ошмаган бўлиши керак. Шу билан бирга, 40 ёшгача бўлган мутахассисларга афзаллик берилиши айтилган.

Танлов иштирокчилари «Хорижда иш» платформасида резюме (CV) тўлдирганлар орасидан саралаб олинади. Миграция агентлиги қўшимча маълумот учун 71 202−33−55 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *