Ўзбекистон аэропортлари давлат оператори — Uzbekistan Airports ва Vision Invest бошчилигидаги халқаро консорциум Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва келгусида ундан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳужжат 17 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди. Консорциум таркибига, шунингдек, Япониянинг Sojitz Corporation ва Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компаниялари ҳам кирди.
Аввалроқ халқаро консорциумдаги улушлар қуйидагича тақсимлангани маълум қилинган эди: Vision Invest — 45%, Sojitz Corporation — 30%, Incheon International Airport Corporation — 15%, Uzbekistan Airports — 10%.
Ушбу битимнинг имзоланилишига кенг кўламли тайёргарлик ишлари замин яратди. Хусусан, халқаро молия институтлари талабларига мувофиқ экологик ва ижтимоий баҳолашлар ўтказилди, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ишлаб чиқилди, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди ҳамда бўлажак аэропорт ҳудудини ҳозирлаш ишлари бошлаб юборилди.
«Таъкидлаш лозимки, аэропорт лойиҳаси мамлакат президенти ташаббуси билан Ҳукумат, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган. Бугун барчамиз уни амалга ошириш йўлида муҳим қадам қўйдик», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умарходжаев.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентнинг янги халқаро аэропорти ўнлаб йиллар давомида йўловчи ва юк ташишнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира оладиган замонавий технологик авиация хабига айланиши керак.
«Етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик туфайли биз нафақат сармоя, балки энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик аэропорт мажмуаларини лойиҳалаш, қуриш ва бошқариш бўйича ноёб тажрибага эга бўламиз. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон авиация саноатини ривожлантиришда янги босқич бўлади ва мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги асосий транспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди», — деди у.
Аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, умумий майдони 1310 гектар бўлган майдонда жойлашади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бирининг узунлиги 4 км бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги, 208 минг квадрат метр майдонга эга йўловчи терминали, ҳаво кемалари учун 98 та тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш мажмуаси ва замонавий ҳаво ҳаракатини бошқариш диспетчерлик минораси қурилиши кўзда тутилган.

Қурилишни шу йилнинг июлида бошлаш режалаштирилмоқда. 2030 йил охирида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган аэропорт йилига 20 миллион йўловчига ва 300 минг тоннагача юкларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Имзоланган битимга кўра, хусусий шериклар консорциуми йўловчи терминали ва вокзал атрофи майдонини қуриш ва кейинчалик эксплуатация қилишни ўз зиммасига олади, давлат шериги эса аэродром мажмуасини қуриш ва эксплуатация қилишни ўз зиммасига олади.
Тасдиқланган жадвалга мувофиқ, жорий йилнинг июнь ойида муҳандислик тармоқларини кўчиришни бошлаш, ҳудудни тайёрлашни якунлаш ва босқичма-босқич қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.
Пойтахтнинг янги аэропортини қуриш 2025 йил 25 ноябрдаги президент қарорида (ПҚ-353) кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, янги аэропортга Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон, Тошкент — Бўстонлиқ пулли автомобил йўллари уланади. Шунингдек, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади, Тошкент ва Янги Тошкент марказлари ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади.


