Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидагии илк ўйини муносабати билан 18 июнь, пайшанба куни давлат ташкилотлари учун иш куни соат 10:00 дан бошланади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадров маълум қилди.
Матч Ўзбекистон вақти билан соат 07:00 да бошланиши инобатга олиниб, давлат раҳбари мухлисларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида давлат ташкилотларида иш кунининг бошланиши соат 10:00 га кўчиришни белгилаб берган.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари ҳам миллионлаб ватандошлар қатори ушбу учрашувни катта қизиқиш билан кутмоқда. Охирги вақтларда ўтказилаётган халқаро музокаралар давомида хорижлик меҳмонлар ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасига омад тиламоқда.
«Ҳурматли президентимиз эртага ушбу матчни оилалари даврасида, неваралари билан биргаликда кўрадилар», — деди Асадов.
«Хусусий корхоналар энди улар ўзларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари ҳал қиладилар», — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги илк ўйинини Тошкент вақти билан 18 июнь куни соат 07:00 да ўтказади. Португалия қарши ўйинни 23 июнь соат 22:00 да, Конго ДР билан эса 28 июнь соат 04:30 да ўтказади.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги учрашувлар намойиш этиладиган катта экранлар қаерларда ўрнатилишини маълум қилди. Катта экранлар пойтахтнинг ҳар бир туманида биттадан ва «Бунёдкор» стадионида ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 208 та туман ва шаҳарларидаги мактабларда ҳам «Мухлислар майдони» ташкил этилади. У ерда ўқувчилар, ота-оналар ва бошқа мухлислар миллий терма жамоа иштирокидаги ўйинларни катта экранларда жонли эфирда томоша қилишлари мумкин бўлади.
