«Катта еттилик» (G7) давлатлари раҳбарлари геосиёсий масалалар бўйича қўшма баёнот эълон қилди. Унда Украинага янги қурол-яроғ етказиб бериш ваъда қилинган ҳамда АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик битими қўллаб-қувватланган. Ҳужжат гуруҳнинг 52-саммити учрашувлари якунлари бўйича келишиб олинди.
Баёнотда таъкидланишича, Украинанинг сўнгги ойларда жанг майдонида эришган ютуқлари «янги суръат» бағишлади ва G7 етакчилари буни давом эттириш ниятида. Улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракета-тутувчилар ва узоқ масофали қуроллар етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олди. Бундан ташқари, Украина ўз мудофаа ишлаб чиқаришини кенгайтириши учун унга ҳарбий лицензиялар бериш имкониятини ҳам «кўриб чиқишга тайёр».
Шунингдек, G7 раҳбарлари Россия ҳарбий иқтисодиётига босимни кучайтириш ва қўшимча санкциялар жорий этиш мажбуриятини олди.
Баёнотда, шунингдек, АҚШ ва Эрон ўртасида «Дональд Трампнинг кучли раҳбарлигида ҳамда воситачи давлатлар кўмагида тузилган» янги келишув олқишланган.
«[Келишув] Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик ҳамда унинг минтақавий ва баллистик фаолияти билан боғлиқ таҳдидларга қарши туриш учун тарихий имконият яратади. Биз уни қўллаб-қувватлаймиз ва амалга оширилишига ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз», — дея қайд этди «Еттилик».
G7, шунингдек, «Ҳурмуз бўғози олдидаги глобал заифликни камайтириш» мақсадида нефть ва газ етказиб беришни диверсификация қилишни тезлаштиришга ваъда берди.
Бундан ташқари, G7 етакчилари Ливанда ўт очишни тўхтатишга ва «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришга чақирди. Улар Ғазо секторида гуманитар ва тиклаш ишларини тезлаштиришга ваъда берди, шунингдек, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги зўравонликларни тўхтатишга чақирди.
Баёнотда «Еттилик» Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.
«Биз Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларида, шунингдек, Тайван бўғозида статус-квони ҳар қандай бир томонлама ўзгартиришга, айниқса, куч ишлатиш ёки мажбурлаш орқали ўзгартиришга қаратилган уринишларга қарши эканлигимизни тасдиқлаймиз», — дейилади баёнотда. G7 раҳбарлари минтақадаги ҳар қандай низолар фақатгина мулоқот орқали, тинч йўл билан ҳал этилиши кераклигини алоҳида қайд этди.
G7 саммити 15−17 июнь кунлари Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Франция, Буюк Британия, Канада, Германия, Италия, Япония, АҚШ, Европа Иттифоқи, шунингдек, Украина ва ҳамкор давлатлар, жумладан, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Бразилия раҳбарлари иштирок этмоқда.