2026 йил якунига келиб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал харитаси кескин ўзгараётган, савдо зиддиятлари авж олаётган ҳозирги шароитда ҳар қандай инвестор тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинадиган, иқтисодиёти жадал ўсаётган давлатларга сармоя киритишга интилади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш йўлида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Президент шу ўринда мамлакат иқтисодиётининг асосий кўрсаткичларига тўхталиб, жумладан, ўтган йили ЯИМ 7,7 фоизга ўсгани, иқтисодиётга 43 млрд доллар инвестиция жалб қилингани, халқаро захиралар ҳажми 70 млрд доллардан ошгани ҳамда миллий валюта мустаҳкамланганини эслатиб ўтди.
«Кўпчиликнинг ёдида, биз тўрт йил аввал бўлиб ўтган илк форумда 2026 йил якунига келиб, Ўзбекистоннинг ЯИМини 100 млрд долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 7,7 фоизга ўсиб, 1 849,7 трлн сўмни ташкил этганди. Иқтисодиёт ҳажми доллар ҳисобида 147 млрд доллардан ошди.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилдан кейинги ўртача 13,3 фоизлик ўсиш билан 2041 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 1 трлн долларга етиши мумкин. 2021 йилдан кейинги ўртача 16 фоизлик ўсиш билан эса 2038 йилдаёқ 1 трлн долларлик чегарадан ўтади.
