Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича 313,9 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан 12,3 баробарга ошган.
Статистикага кўра, 1991 йилда қурилиш ишлари ҳажми 6,2 млрд рублни ташкил этган. Кейинги йилларда кўрсаткич изчил ўсиб, 2000 йилда 388,4 млрд сўмга, 2010 йилда эса 8,2 трлн сўмдан ошган.
Қурилиш соҳасидаги энг катта ўсишлар сўнгги ўн йилликда кузатилди. Жумладан, 2015 йилда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 25,4 трлн сўм бўлган бўлса, 2020 йилга келиб бу рақам 88,1 трлн сўмга етди.
Кейинги йилларда ҳам юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолди. 2021 йилда қурилиш ишлари ҳажми 107,5 трлн сўмни, 2022 йилда 130,8 трлн сўмни ташкил қилди.
2023 йилда эса тармоқда янги босқич кузатилиб, қурилиш ишлари ҳажми 222,9 трлн сўмга етди. 2024 йилда бу кўрсаткич 259,7 трлн сўмга ошди.
2025 йилда қурилиш ишлари ҳажми дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 313,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу бир йилнинг ўзида қарийб 54 трлн сўмлик ўсиш қайд этилганини англатади.