Андижон вилоятида 38,3 миллиард сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-торож қилингани фош этилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Тергов материалларига кўра, фуқаро Ё.Қ. ва унинг шериклари ўзаро тил бириктириб, 5 та масъулияти чекланган жамият номидан сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Улар гўёки бошқа корхоналардан 2,2 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида соҳта электрон ҳисоб-фактуралар тузган.

Сўнгра ушбу маҳсулотлар гўёки назорат-касса машиналари орқали аҳолига сотилгани тўғрисида сохта харид чеклари чиқарилган.

Натижада Soliq мобил иловаси орқали 94 921 нафар фуқарога (шу жумладан, Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга) жами 38,3 млрд сўм кешбэк (1 фоизлик ва 20 фоизлик қайтариб бериладиган маблағлар) ҳисобланган ва бу маблағлар ўзлаштириш ҳамда растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.