Тошкент шаҳрида кузатилган авариявий электр узилишлари сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия иш бошлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда ёқилғи-энергетика соҳасида коррупцияга қарши курашиш, энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Унда Президент администрацияси, Бош прокуратура, қатор вазирлик ва идоралар, ёқилғи-энергетика тизими ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланишича, жорий ёзда электр энергиясига талаб ўтган йилга нисбатан юқори бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан электр тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш ҳамда авария-тиклаш бригадаларини доимий шай ҳолатда ушлаб туриш бўйича топшириқлар берилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилган авариявий узилишлар юзасидан махсус комиссия иш бошлагани маълум қилинди. Комиссия авариялар келиб чиқиш сабаблари, электр ускуналарининг техник ҳолати, реконструкция ишларининг сифати ҳамда аварияга қарши ҳимоя тизимлари самарадорлигини ўрганади.
Шунингдек, аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, call-марказлар фаолиятини кучайтириш ва авариявий ҳолатлар ҳақида фуқароларни ўз вақтида хабардор қилиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда энергия самарадорлиги масаласи ҳам кўриб чиқилди. Электр энергияси ва табиий газни тежаш режалари таҳлил қилиниб, айрим йирик корхоналарда энергия ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари кескин танқид қилинди. Масъулларга энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, эски ускуналарни янгилаш ҳамда белгиланган тежамкорлик кўрсаткичларига эришиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш масаласи муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар ижросини таъминламаётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳам танқид қилиниб, бу борада «муросасиз ёндашув» талаб этилди. Таъкидланишича, коррупция учун судланган барча ходимлар ишдан бўшатилади. Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тизим корхоналари раҳбарларини тўлиқ аттестациядан ўтказиш ҳамда соҳада коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилувчи махсус кенгаш ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр ва газ инфратузилмасини таъмирлаш, авариявий захираларни шакллантириш ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш вазифалари белгиланди. Барча тизим раҳбарлари шахсий масъулият юзасидан қатъий огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни кечқурун Тошкентнинг Яккасарой туманидаги «Юксак» подстанциясида содир бўлган авария оқибатида Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Чилонзор, Миробод ва Учтепа туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 55 мингта истеъмолчи, шунингдек, айрим кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналарининг электр таъминоти узилган эди. Бу пойтахтдаги жами абонентлар сонининг тахминан 6,2 фоизига тенг.