2026 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг июнь ойида 0,2 фоизлик дефляция қайд этилганди.
Йиллик инфляция май ойидаги 5,5 фоиздан кейин 6,4 фоизгача тезлашди. 2025 йилнинг июнь ойида ушбу кўрсаткич 8,7 фоизни ташкил этган.
Йил бошидан буён истеъмол нархлари ўтган йилнинг январь-июнь ойларидаги 4,2 фоизга нисбатан 3,3 фоизга ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобга олинмаганда, ойлик инфляция сезиларли даражада юқори — 1,5 фоиз бўлди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 4,2 фоизни, йиллик ҳисобда эса 6,9 фоизни ташкил этди.
Статистика қўмитасининг графигига кўра, май ойида йиллик инфляция 5,5 фоизгача кескин секинлашганидан сўнг, июнь ойида кўрсаткич яна юқорилай бошлаган. Шу билан бирга, ойлик инфляция нархлар ўсиши ойига тахминан 0,6−0,7 фоизни ташкил этган январь-апрель ойлари даражасига қайтди.
Июнь ойидаги инфляцияга асосий ҳиссани электр энергияси ва газ тарифлари, кўмир ва ёнилғи нархининг ошиши қўшди. Бунда сабзавот ва меваларнинг мавсумий арзонлашиши умумий кўрсаткични ушлаб қолди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари бир ой давомида 1,4 фоизга арзонлашди, аммо йиллик ҳисобда 6,3 фоизга ўсди (2025 йилнинг июнида 6 фоиз бўлган). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари бир ойда 2,3 фоизга, йил давомида эса 5,9 фоизга қимматлашди (7,5 фоиз). Хизматлар нархи бир ойда 1,8 фоизга, йиллик ҳисобда эса 7,1 фоизга ошди (15,8 фоиз).
Нималар қимматлади ва арзонлади?
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ичида бир ой давомида гуруч ва гуруч ушоғи (курмак) 2,3 фоизга, гречка 1,2 фоизга, пастеризация қилинган сут 1,2 фоизга, шакар 1 фоизга, қўй гўшти 16 фоизга, суяксиз мол гўшти 1 фоизга, тухум 0,8 фоизга, янги ва совутилган балиқ 0,7 фоизга қимматлашди.
Йиллик ҳисобда, саналган маҳсулотлар орасида нархи энг баландлаганлари: қўй гўшти 23,1 фоизга, суяксиз мол гўшти 20,6 фоизга, тухум 16,2 фоизга, балиқ 7,6 фоизга, сут 6,2 фоизга ва гречка 6 фоизга ошди.
Мавсумий омил мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Бир ой ичида қуйидагилар арзонлашди:
- бақлажон — 46,6 фоизга (йил давомида -11,9 фоиз);
- помидор — 38,3 фоизга (-4,3 фоиз);
- булғор қалампири — 31,4 фоизга (+12,8 фоиз);
- тарвуз — 26,3 фоизга (-20,8 фоиз);
- бодринг — 25 фоизга (+53,8 фоиз);
- узум — 18,7 фоизга (-3,1 фоиз);
- саримсоқпиёз — 13,5 фоизга (-24,6 фоиз);
- картошка — 12,8 фоизга (+6,2 фоиз);
- банан — 5,9 фоизга (+6,9 фоиз);
- карам — 5,6 фоизга (+24 фоиз);
- кўкатлар — 4,4 фоизга (+3,1 фоиз).
Шу билан бирга, бир ой ичида сабзи 6,5 фоизга (йил давомида -25 фоиз), пиёз эса 3,6 фоизга (-19,3 фоиз) қимматлашди.
Коммунал хизматлар ва ёнилғи
Июнь ойидан бошлаб Ўзбекистонда аҳоли учун электр энергияси ва тармоқ газининг янгиланган тарифлари кучга кирди. Республика бўйича ўртача ҳисобда электр энергияси 9,6 фоизга, газ эса 10,7 фоизга қимматлашди.
Миллий статистика қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, электр энергияси тарифлари ошишининг ойлик инфляциядаги улуши 0,22 фоиз бандни, газники эса 0,16 фоиз бандни ташкил этди.
Илгари аҳолига тартибга солинадиган нархларда сотилган кўмир нархи 2,1 баробарга ошди. Бу ойлик инфляцияга яна 0,48 фоиз банд қўшди. Қўмита июнь ойидан бошлаб кўмир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган стратегик товарлар рўйхатидан чиқарилгани ва унга нисбатан давлат томонидан нархларни тартибга солиш бекор қилинганини эслатиб ўтди.
Жиззах вилоятида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов миқдори оширилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда ушбу хизмат бир ойда 1,8 фоизга, йил давомида эса 29,2 фоизга қимматлашди.
Бензин июнь ойида ўртача ҳисобда бир ойда 3,9 фоизга, йил давомида эса 16,7 фоизга қимматлашди. Шу жумладан, Аи-92 нархи 3,6 фоизга, Аи-95 6 фоизга, Аи-98 ва Аи-100 эса 3,9 фоизга ошди.
Пропан бир ойда 11,3 фоизга, йил давомида эса 41,1 фоизга қимматлашди. Унинг энг юқори нарх чегараси бир литр учун 7800 сўмни ташкил этди. Метан нархи бир ойда 8,8 фоизга, йил давомида эса 10,1 фоизга кўтарилди.
Такси хизматлари бир ойда 1,3 фоизга, йил давомида эса 6,2 фоизга қимматлашди. Темирйўл транспортида юриш, аксинча, бир ойда 0,3 фоизга, авиапарвозлар эса 0,6 фоизга арзонлашди. Миллий статистика қўмитаси буни сўмнинг евро ва Швейцария франкига нисбатан курси ўзгариши, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича ёнилғи йиғимлари миқдори билан изоҳлади.
Ҳудудлар
Ҳудудлар кесимида республика бўйича ўртача кўрсаткичдан кескин четлашишлар қайд этилмади.
Энг юқори ойлик нархлар ўсиши Хоразм вилоятида кузатилди — 1%. Фарғона вилоятида инфляция 0,9 фоизни, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида эса 0,7 фоизданни ташкил этди.
Энг паст ойлик кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилди — 0,3%. Тошкент шаҳрида нархлар 0,4 фоизга ошди.
Йиллик ҳисобда энг юқори нархлар ўсиши Самарқанд вилоятида 6,8%, Қашқадарёда 6,7% ва Андижон вилоятида 6,6% кузатилди. Энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё вилоятида қайд этилди 5,7%.
Тошкент шаҳрида истеъмол нархлари йил давомида 6,5 фоизга ўсди.
Методология
Январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ҳисоб-китоби 517 та товар ва хизматлар позициясига, жумладан 419 та товар ва 98 та хизматга асосланади. 2025 йилда ҳисоб-китобларда 510 та позициядан фойдаланилган эди.
Кузатувлар 2 миллиондан ортиқ нарх котировкаларини қамраб олган. Нархлар тўғрисидаги маълумотлар Нукус, Тошкент, вилоят марказлари, шунингдек, танлов асосида шаҳар ва туман марказларида йиғилади. Нархларни йиғиш ҳар ойнинг 1-санасидан 25-санасигача амалга оширилади.
Январь ойидан бошлаб Миллий статистика қўмитаси инфляция даражасини Янгнинг геометрик формуласи бўйича ҳам эълон қилиб бормоқда. Июнь ойида ушбу кўрсаткич бир ойда 0,2 фоизни, йил бошидан буён эса 2,5 фоизни ташкил этди. Қўмита мазкур кўрсаткич фақат таҳлилий мақсадларда ишлатилишини ва асосий инфляция индекси ўрнини босмаслигини таъкидлайди.
