Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил июн ойида бир килограмм палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар қиймати ҳудудлар бўйича турлича шаклланган. Энг юқори ҳисобланган қиймат Тошкент шаҳрида кузатилиб, у 126 минг 807 сўмни ташкил этди.
Ундан кейинги ўринларда Фарғона вилояти – 123 минг 759 сўм, Самарқанд вилояти – 120 минг 721 сўм ва Тошкент вилояти – 120 минг 548 сўм билан қайд этилди. Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида ҳам бир килограмм палов тайёрлаш қиймати 117–119 минг сўм оралиғида шаклланган.
Энг паст кўрсаткич эса Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди. Бу ерда бир килограмм палов тайёрлаш учун маҳсулотлар қиймати 105 минг 215 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 112 минг 222 сўм, Андижон вилоятида эса 114 минг 625 сўм ҳисобланган.
Ҳисоб-китоблар палов тайёрлаш учун зарур бўлган асосий маҳсулотлар нархи асосида амалга оширилган. Бунда 0,3 литр кунгабоқар ёғи, 300 грамм пиёз, 700 грамм мол гўшти, 1 килограмм сабзи, 1 килограмм лазер гуруч, 100 грамм нўхат, 10 грамм зира ва 20 грамм ош тузи инобатга олинган.
Ҳудудлар кесимида маҳсулотлар нархининг фарқ қилиши палов тайёрлаш қийматидаги тафовутларни юзага келтирган. Энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ 21 минг 592 сўмни ташкил этган.
Миллий статистика қўмитасига кўра, ушбу қийматлар фақат бир килограмм палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотларнинг бозордаги ўртача нархлари асосида ҳисобланган бўлиб, тайёр паловнинг реал сотув нархини ифодаламайди.