• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Потида марказ, зайтун, дори ишлаб чиқариш ва туризм. Ўзбекистон ва Грузия нималар ҳақида келишиб олди?


Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тбилисига ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон ва Грузия умумий қиймати қарийб 1 млрд доллар бўлган 70 та савдо ва инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Логистика ва Поти порти

ИССВ раҳбари ҳамкорликнинг бешта асосий йўналишини санаб ўтди. Биринчи йўналиш — логистика. Унинг сўзларига кўра, Грузия Ўзбекистон учун «жуда муҳим транспорт ҳаби» бўлиб, у орқали мамлакат ўз маҳсулотларини ғарб бозорларига янада фаолроқ олиб чиқиши мумкин.

«Шу мақсадда Поти эркин иқтисодий зонасида савдо-логистика ва ишлаб чиқариш маркази ташкил этиляпти. У ерда Ўзбекистон маҳсулотлари учун омборлар бўлади. Бундан ташқари шоу-кўргазма майдони ҳам бўлади. Ва шунингдек, ишлаб чиқариш зонаси ҳам ташкил этилади», — деди у.

Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, мазкур ҳудудда ўзбекистонлик тадбиркорлар тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, маиший техника ва бошқа товарларнинг ишлаб чиқариш бўйича якуний босқичларини амалга оширишлари мумкин. Шундан сўнг маҳсулотлар Грузия ва Поти зонаси орқали учинчи давлатларга экспорт қилинади.

Илҳом Маҳкамов, Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили ҳамда Лазиз Кудратов.

ИССВ алоҳида маълум қилишича, 3−4 июль кунлари Лазиз Кудратов транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан биргаликда Грузиянинг Анаклия, Поти ва Батуми портлари, шунингдек, Поти эркин саноат зонасида бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистоннинг экспорт-импорт операцияларини Грузия йўналиши орқали кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Анаклияда Ўзбекистон томонининг Грузиядаги энг йирик чуқур денгиз портини барпо этиш лойиҳасида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Қурилиш якунлангач, порт барча турдаги кемаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, халқаро транспорт йўналишларининг муҳим бўғинига айланади, жумладан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналиши доирасида ҳам.

Потида Ўзбекистон экспорт-импорт юклари учун омбор ва терминал инфратузилмасини жойлаштириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Батуми портига ташриф давомида ҳам ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди, мазкур порт Қора денгиз йўналиши бўйича юк ташувларини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.

Ташриф якунида келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди. Ўзбекистон компаниялари иштирокида консорциум ташкил этиш ҳамда тегишли ҳамкорлик битимларини ишлаб чиқиш режалаштирилди, дея маълум қилди ИССВ.

Бошқа йўналишлар

Иккинчи йўналиш — қишлоқ хўжалиги. Вазирнинг маълум қилишича, Грузия компаниялари билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида зайтун етиштириш ва зайтун мойи ишлаб чиқариш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилган.

«Натижа яхши бўлди. Сурхондарё шароитида зайтун етиштириш мумкинлиги амалда исботланди ва энди бу лойиҳа 2000 гектаргача кенгайтирилади», — деди у.

Лазиз Кудратов чорвачилик ва аквакультура учун озуқа ишлаб чиқаришни ҳам муҳим лойиҳалардан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, Грузиянинг йирик компанияларидан бири Марказий Осиё бозори учун Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳаби ташкил этишни таклиф қилмоқда.

«Бу маҳсулотлар нафақат ички бозорга етказиб берилади, балки қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинади», — деди вазир.

Учинчи йўналиш — фармацевтика. Лазиз Кудратовнинг айтишича, Грузия компаниялари аллақачон ўз маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бермоқда. Энди эса томонлар ушбу маҳсулотларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олди.

Тўртинчи йўналиш — туризм. «Грузия бу соҳада катта тажрибага эга. Биз бу тажрибадан фойдаланмоқчимиз ва бир қатор грузин компаниялари Ўзбекистонда меҳмонхоналар, туристик мажмуалар ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга тайёр», — деди вазир.

Бешинчи йўналиш сифатида у энергетика ва электротехника соҳасини қайд этди. Лазиз Кудратовнинг сўзларига кўра, Грузия ҳар йили 1 млрд доллардан ортиқ маблағга кабеллар, трансформаторлар ва бошқа электротехника маҳсулотларини импорт қилади.

«Бундай маҳсулотлар Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилади. Шу боис бу йўналишда тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар бор», — дея таъкидлади у.

Лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма инвестиция фонди ташкил этиш режалаштирилмоқда.

«Энг муҳими, биз тизимли равишда ўзаро ҳамкорликни амалга оширамиз. Дастурга мувофиқ, биз барча йўналишларни савдо, инвестиция, транспорт соҳасини қамраб олган ҳолда аниқ келишув, аниқ йўналишларни белгилаб олдик», — деди Лазиз Кудратов.

Эслатиб ўтамиз, ташриф доирасида Ўзбекистон ва Грузия ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация ҳам имзоланган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Грузиянинг олий давлат мукофотларидан бири — «Олтин мўйна» ордени билан тақдирланди.

Бундан ташқари, божхона соҳасида ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, давлат молиясини бошқариш ва бюджет жараёнларини ташкил этиш соҳаларида тажриба ҳамда ахборот алмашишни назарда тутувчи келишувларга эришилди.

Томонлар, шунингдек, Грузияда Ўзбекистон элчихонасини очишга ҳам келишиб олди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *