• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жавоҳир Синдаров Даниэль Народицкий хотира турнирида рапид ва блиц йўналишларида ғолиб чиқди


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров АҚШда ўтказилган биринчи Даниэль Народицкий хотира турнирининг блиц йўналишида ғолиб бўлди.

Унинг халқаро турнирлардаги иштироки, мусобақаларга тайёргарлик кўриши ва мураббийлар билан олиб борадиган ишлари Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Финалда у 9 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, 6000 доллар мукофот пулига эга бўлди. Ўзбекистонлик шахматчи 7 очко тўплаган америкалик гроссмейстер Уэсли Сони ортда қолдирди. Учинчи ўринни эса 6 очко билан америкалик Итан Шихан эгаллади.

Блиц йўналишининг финал босқичи Masters саралаш блиц турнирининг энг яхши 10 нафар иштирокчиси ўртасида бўлиб ўтди. Синдаров 11 турдан иборат турнир якунларига кўра топ 10 таликка кирди ва шундан сўнг финалда ҳар бир юриш учун 3 дақиқа + 2 сония вақт назорати билан 9 та партия ўйнади. Регламентда айнан шундай формат кўзда тутилган эди: Masters Blitz мусобақасининг энг яхши 10 нафар ўйинчиси якшанба кунги Blitz Final босқичига йўл олиб, у ерда бир даврали тизимда ўзаро куч синашди.

Блиц турнирининг очилиш қисмида кам учрайдиган вазият ҳам кузатилди: ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдаровлар ўзаро тўқнаш келди. Ушбу партия шарҳловчиларнинг ҳам эътиборини тортди — америкалик гроссмейстер Фабиано Каруана уларнинг ўзаро рақиб сифатида дона сураётганини кўриб, ҳайратини яшира олмади. Бу учрашувда Жавоҳир Синдаров ғалаба қозонди.

даниэль народицкий хотира турнири, жавоҳир синдаров, шахмат

Финалда Синдаров олтита ғалабага эришди ва учта партияни дуранг билан якунлади. У Ўзбекистоннинг бошқа бир вакили Муҳиддин Мадаминов билан дуранг ўйнади, Итан Шихан, Васиф Дурарбайли, Сэм Севиан, Энди Вудворд, Семён Ханин ва Борис Гельфанд устидан ғалаба қозонди, шунингдек, элитадаги гроссмейстерлар Уэсли Со ва Ҳикару Накамура билан очколарни бўлишиб олди.

Турнир жадвали маълумотларига кўра, Синдаровнинг блиц-финалдаги перформанси 2870 ни ташкил этди ва унинг блиц йўналишидаги рейтинги 20,7 пунктга кўтарилди.

Бундан аввалроқ Синдаров ушбу хотира турнирининг рапид йўналишида ҳам ғолиб чиққанди. Мусобақанинг асосий қисмида у 7 имкониятдан 6 очко жамғарди, шундан сўнг тай-брейкда ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарамни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Рапид турнири ҳар бир юриш учун 10 дақиқа + 5 сония вақт назорати билан 7 турдан иборат форматда ўтказилди. Ушбу ғалабаси учун у 3000 доллар мукофот пули олди.

даниэль народицкий хотира турнири, жавоҳир синдаров, шахмат

Биринчи Даниэль Народицкий хотира турнири 3−5 июль кунлари Шимолий Каролина штатининг Шарлотт шаҳрида бўлиб ўтди. Турнир америкалик гроссмейстер, шарҳловчи ва шахмат оммалаштирувчиси Даниэль Народицкий хотирасига бағишланди. Мусобақа дастуридан рапид, блиц, блиц финали ҳамда шахматдаги муаллифлар ва стримерлари ўртасидаги турнир ўрин олди.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *