Ўзбекистон Грузия билан автомобилда юк ташиш учун рухсатномаларни электрон алмашишга келишиб олди ва Грузия портларида ўз инфратузилмасини яратиш масаласини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи Ўзбекистон учун нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
«Ташриф доирасида бугун грузиялик ҳамкасбларимиз билан икки мамлакат ўртасида ҳам, учинчи давлатларга ҳам автомобилда юк ташиш учун барча рухсатномаларни электрон алмашишга келишиб олдик. Бу, албатта, шаффофликни ошириш учун шароит яратади, кўп вақт сарфламаслик имконини беради ва ташувчиларимизга қулайлик яратади», — деди вазир «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Илҳом Маҳкамовнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўзбекистонлик автоташувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи юкларни Грузия орқали ташимоқда.
Томонлар темирйўл ташувларини ҳам муҳокама қилди. Вазирнинг айтишича, ҳозирда CАСCА+ йўналиши бўйича олти мамлакат ўртасида контейнер ташувлари учун 70 фоизгача чегирмалар амал қилмоқда.
«Биз ушбу йўлакнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида бошқа турдаги вагонларга ҳам чегирмалар қўллаш бўйича келишувларга эришдик», — деб баёнот берди у.
CАSCА+ — Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат темирйўлларининг қўшма ташаббуси. Ҳозирда ушбу йўналиш учта минтақани — Марказий Осиё (Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон ва Грузия) ҳамда Анадолу (Туркия)ни қамраб олади. Йўналиш номидаги «+» белгиси якуний мақсади Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитойни Европа билан боғлаш бўлган мазкур трасса бўйлаб юк ташишдан манфаатдор янги потенциал иштирокчиларни қабул қилишга тайёрликни англатади.
Қора денгизга чиқиш имконини берувчи Грузия портларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илҳом Маҳкамовнинг маълум қилишича, томонлар ушбу портларда Ўзбекистон инфратузилмасини яратишга келишиб олган.
«Ушбу ташриф доирасида, муҳтарам президентимизнинг топшириқларидан келиб чиқиб, биз албатта портларга ташриф буюрамиз, бундай инфратузилмани жойлаштириш ўринларини аниқлаймиз, Ўзбекистон экспортчилари ва импортчилари, шунингдек, уларнинг юкларини ташувчи йирик экспедиторлик компаниялари билан масалаларни келишиб оламиз. Шундан сўнг ушбу инфратузилма ва қурилиш ишлари билан шуғулланадиган консорциум тузилади», — деди транспорт вазири.
Қорақалпоғистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Акмал Комолов «Менимча» дастуридаги чиқишида республика Европага туз экспорт қилиш учун Грузия йўналишидан фойдаланишни кўзлаётганини маълум қилди.
«Қорақалпоғистонда туз ишлаб чиқариш учун катта имкониятларимиз бор. Биз уни аллақачон ишлаб чиқараяпмиз. Ҳозир Грузиянинг йирик Поти портида омбор қуриш режалаштирилмоқда. Биз у ерга туз етказиб бериб, ушбу омбор орқали уни бутун Европага сотишни режалаштирмоқдамиз», — деди у.
Қорақалпоқ тузи жаҳон бозорида нимаси билан фарқланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Акмал Комолов шундай деди: «Қорақалпоқ тузи — табиий. Ҳа, Орол фожиаси муаммони имкониятга айлантирмоқда».
Унинг сўзларига кўра, бу маҳсулотга Европада ҳам талаб мавжуд.
«Маълум бўлишича, бу ерда ҳам Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган тузга талаб катта экан. Ҳозирнинг ўзида биз уни Германия ва бошқа Европа мамлакатларига экспорт қилмоқдамиз», — дея қайд этди у.
Туз етказиб бериш йўналиши ҳақидаги саволга Акмал Комолов: «Ҳозир биз юкни Қозоғистон ва Озарбайжон порти орқали етказиб беришни режалаштираяпмиз», — деб жавоб берди.
Аввалроқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3−4 июль кунлари ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан бирга Грузиянинг Анаклия, Поти ва Батуми портларига ҳамда Поти эркин индустриал зонасига ташриф буюргани ҳақида хабар берганди. Ўзбекистоннинг Грузия орқали экспорт ва импортини кенгайтириш асосий мавзу бўлди.
Анаклияда Ўзбекистон компанияларининг Грузиядаги энг йирик чуқур сувли порт қурилишида иштирок этиш эҳтимоли муҳокама қилинди. У ишга тушгач, барча турдаги кемаларни қабул қила олади ва халқаро йўналишларнинг, жумладан, бўлажак «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўлини ҳисобга олган ҳолда, бир қисмига айланади.
Потида томонлар Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юклари учун омборлар ва терминаллар жойлаштириш имкониятини кўриб чиқди. Қора денгиз орқали юк ташишда фойдаланиш мумкин бўлган Батуми портида ҳам шунга ўхшаш масалалар муҳокама қилинди.
Сафар якунлари бўйича томонлар келишувларни тайёрлашга ҳамда Ўзбекистон компаниялари иштирокида консорциум тузиш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олди, дея хабар берди ИССВ.
Аввалроқ инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга ташрифи якунида томонлар умумий қиймати қарийб 1 млрд долларлик 70 та савдо ва инвестиция лойиҳаси бўйича келишиб олганини маълум қилганди. У логистикани асосий йўналишлардан бири деб атади: унинг сўзларига кўра, Грузия Ўзбекистон учун «жуда муҳим транспорт ҳаби» бўлиб, мамлакат у орқали ўз маҳсулотларини Ғарб бозорларига фаолроқ олиб чиқа олади.
Қудратовнинг таъкидлашича, Поти эркин иқтисодий зонасида ўзбек маҳсулотлари учун омборлар, шоурум, кўргазма майдони ва ишлаб чиқариш зонасига эга савдо-логистика ва ишлаб чиқариш маркази ташкил этилмоқда. У ерда тадбиркорлар тўқимачилик, озиқ-овқат, маиший техника ва бошқа товарларни ишлаб чиқаришнинг якуний босқичларини бажаришлари, сўнгра уларни Грузия орқали учинчи мамлакатларга экспорт қилишлари мумкин бўлади.
Вазир қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм, энергетика ва электротехника соҳаларидаги лойиҳалар ҳақида ҳам гапирди. Хусусан, Сурхондарёда зайтун етиштириш лойиҳасини 2000 гектаргача кенгайтириш режалаштирилган, Грузия компанияларидан бири Ўзбекистонда чорвачилик ва аквакултура учун озуқа ишлаб чиқариш марказини ташкил этишни таклиф қилмоқда. Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун Инвестиция жамғармасини ташкил этиш режалаштирилган.
