Ўзбекистон учун ноодатий тарзда юмшоқ келган ёз бундай об-ҳавонинг сабаблари тўғрисида қизғин мунозараларни келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларда, масалан, АҚШ ва Исроил билан можаро пайтида Эрон БААнинг сунъий ёмғир чақирувчи объектларини йўқ қилгани, шундан сўнг минтақада ёғингарчилик кўпайгани ҳақидаги тахминлар муҳокама қилинмоқда.
Бундай назарияларни фактчекерлар бир неча бор инкор қилган. Бироқ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ёз чилласидаги нисбатан салқин кунлар иқлим борасидаги фитна назарияларини Х ва Threads’да қайта-қайта муҳокамалар марказига олиб чиқмоқда.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Gazeta сўровига кўра ушбу тахминларнинг айримларини таҳлил қилиб берди. Мутахассис нима учун бу иддаолар илмий қарашлар олдида асоссизлиги ва минтақадаги сув инқирози замирида аслида нима ётганини тушунтиради. Қуйида ушбу видеолавҳа мазмунини матн шаклида келтирамиз.
Минтақадаги ноодатий тарзда серёғин келган қиш ва баҳор фонида фитна назарияларининг айримлари ишонарли кўриниши мумкин, дея тасдиқлайди Эркин Абдулаҳатов.
«Лекин улар эътиборни қурғоқчиликнинг асл сабаблари — глобал иқлим ўзгариши, ҳароратнинг тез кўтарилиб борётгани, буғланишнинг кучайиши, ерости сувларининг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши, самарасиз суғориш ва кўп йиллик ёғингарчилик танқислигидан чалғитади», — дея таъкидлайди иқлимшунос.
«Ўғирланган булутлар» назарияси қаердан пайдо бўлган?
2025−2026 йилларда минтақанинг бир қатор мамлакатларида қиш ва баҳор ҳақиқатда одатдагидан сернам келди. Бу нафақат Яқин Шарқда, балки Марказий Осиёда ҳам сезилди. Масалан, 2025 йилнинг декабрь ойидан 2026 йилнинг май ойига қадар Қизилқум марказида шу давр учун меъёрий ёғиннинг 3 барабари ёғиб қўйди.
Ўзбекистонликлар учун бир неча қурғоқчил йилдан сўнг яшиллик ва кўп ёғингарчилик бегона манзарага айланиб бораётганди.
Бунинг фонида «ёмғирларнинг қайтиши» табиий жараёнлар билан эмас, гўёки Эроннинг араб мамлакатларидаги сунъий ёмғир ёғдириш объектларига зарба бергани билан боғлиқ, деган фитна назарияси кенг тарқалди. Унга кўра, илгари минтақага кириб келиши керак бўлган ёғинларни ривожланган мамлакатлар, хусусан, Исроил, Араб мамлакатлари ва АҚШ «иқлим қуроли» ёрдамида биздан ўғирлаган.
Бошқа версияда — АҚШнинг Аляскадаги илмий мажмуаси тилга олинади. Бу фитна назарияси тарафдорлари ушбу лаборатория ионосферага таъсир кўрсатиб, Эрон томон келаётган нам ҳаво оқимларини «буриб юборяпти», деб ҳисобламоқда.
Яна бир бошқа версияга кўра, Форс кўрфази давлатлари сунъий ёмғир технологиялари ёрдамида минтақадаги булутларни «ўғирлаб келмоқда». Эрон уруш вақтида БААдаги булут экиш (cloud seeding) марказларига зарба бергани учун «осмон қайта очилиб», ёғинлар кўпайгани айтилади.
«Муаммо шундаки, бу назариялар одамларга психологик тасалли бериши мумкин холос. Айни пайтда улар қурғоқчиликнинг ҳақиқий сабабларини тушуниш ва унга қарши стратегиялар ишлаб чиқишни ортга суришда давом этаверади. Ваҳоланки, гап биргина Эроннинг тақдири ҳақида эмас, бутун минтақа келажаги ҳақида кетяпти», — дея таъкидлайди Эркин Абдулаҳатов.
«Об-ҳаво қуролларини» қўллашга ҳақиқатда уриниб кўришган, лекин бу ҳали иқлимни бошқариш дегани эмас
«Иқлим қуроллари» тўғрисидаги назариялар шунчаки ҳаводан олинмаган. Тарихда ҳақиқатда уруш мақсадларида об-ҳавога таъсир қилишга уриниб кўришган.
Бунинг энг машҳур мисоли — «Попай» операцияси. АҚШ Вьетнам уруши пайтида 1967−1972 йилларда Лаос ва Вьетнам ҳудудида булутларга кенг масштабда кумуш йодид сепиб, муссон ёмғирларини сунъий кучайтиришга ҳаракат қилинган. Мақсад Хо Ши Мин йўлини ботқоқликка айлантириш ва ҳарбий логистикани тўлиқ издан чиқариш бўлган.
Лекин бу булутларга фақат локал масштабда таъсир кўрсатиш эди, холос. Кейинчалик айнан шу операция жаҳонда «метеорологик қурол» мавзусида катта баҳсларни бошлаб берди. 1977 йилда БМТ доирасида атроф-муҳитга таъсир этиш воситаларидан ҳарбий ёки бошқа ҳар қандай душманлик мақсадларида фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида ENMOD конвенцияси қабул қилинди. Ҳужжат билан ҳарбий мақсадда атмосферага таъсир этиш бутунлай таъқиқланди.
Асосий жиҳат, Абдулаҳатов таъкидлашича, масштаб. Булутларни «экиш» маълум бир ҳудудда ёғингарчиликка таъсир кўрсатиши мумкин, агар бунинг учун мос булутларнинг ўзи мавжуд бўлса. Бироқ бу усул минтақа иқлимини ўзгартиришга, минглаб километрлик ҳаво оқимларини бошқаришга ёки қўшни мамлакатларнинг ёмғирини «тортиб олиш»га қодир эмас.
Сунъий ёмғир аслида нималарга қодир?
«Булут экиш бу — реал технология, аммо имкониятлари чекланган. Бугун БАА, Саудия Арабистони, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар булут экиш, яъни сунъий ёғин чақириш технологияларидан фойдаланади. Жорий йилнинг 17 майидан қўшни Қозоғистон ҳукумати Тошкент вилоятига қўшни Туркистон вилоятида қишлоқ хўжалиги ерлари ва сув омборида сув билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришда сунъий ёмғир ёғдириш амалиётини бошлади», — дейди иқлимшунос.
Технологиянинг моҳияти оддий: булут ичига кумуш йодид, қуруқ муз ёки туз аэрозоллари сепилади. Бу ёмғир томчилари пайдо бўлиши учун конденсация жараёнини кучайтиради. Натижада ёғин эҳтимоли реал қувватдан бироз ортади.
«Лекин илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бунинг таъсири локал масштабда — асосан 10−100 км атрофида. Самарадорлик кўп ҳолатларда ёғин қувватини 5−20 фоиз, баъзан 25 фоизгача кўпайтира олади, холос. Баъзи амалиётларда эса таъсир кўрсатиш кутилаётган ёғин қувватидан кам ёғингарчиликни тақдим этиши ҳам мумкин», — дея қайд этади Эркин Абдулаҳатов.
Нима учун HAARP ёки бошқа исталган лабаратория ёмғирларни бошқара олмайди?
HAARP кўпинча АҚШ «иқлим қуролининг» асосий объекти сифатида кўрилади. Аслини олганда бу бор йўғи атмосферанинг юқори қатлами — ионосферани, у ердаги магнит бўрони қўзғалишларини тадқиқ қиладиган лаборатория, холос. Ионосфера — атмосферанинг тахминан 60−1000 км баландликдаги ионлашган қисми. У ерда радиотўлқинлар, GPS сигналлари, магнит бўронлари, қутб ёғдулари каби жараёнлар ўрганилади.
«HAARP ўзининг тажриба участкасида антеналар ёрдамида юқори частотали радиотўлқинлар орқали ионосферада қисқа муддатли локал ўзгариш ҳосил қила олади. Бу реал физик ҳодиса. Аммо масала шундаки, об-ҳаво жараёнлари асосан тропосферада — атмосферанинг 0−12 км баландликдаги қуйи қатламида кечади. Ёғингарчиликлар, циклон, антициклон, фронтлар, муссонлар — барчаси атмосферанинг қуйи қатламидаги физик ҳодисаларга тааллуқли. Ионосфера эса ундан юзлаб километр юқорида», — дея тушунтиради иқлимшунос.
Шу сабабли, HAARP Эрон томон йўналган нам ҳаво оқимларини бошқа томонга буриб юборади, деган даъво ишончли илмий далилларга эга эмас. Қолаверса, Қуёш Ер атмосферасига ҳар куни бундай илмий мажмуа бера оладиган энергиядан миллиардлаб марта кўпроқ энергия узатади.
«Унда нега HAARP ҳаво оқимларини ўзгартира олиши билан боғлиқ қарашлар урчиб кетган? Бунинг сабаби — яқин йилларгача HAARP технологияси АҚШ Қуролли кучлари тузилмаси таркибида бўлган. Қолаверса, у ерда узоқ йиллар давомида ушбу технология ёрдамида ҳаво оқимларини ўзгартириш билан боғлиқ ноёб илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Айрим геофизик ва метеоролог олимлар ионосферага таъсир этиб, антициклон ва циклонлар ҳаракатини бошқариш мумкин, деган бир нечта илмий фаразларни тақдим этишган. Уларни синаб кўриш мақсадида нафақат HAARP базасидаги тизимлар орқали, балки бошқа мамлакатлардаги антеналардан иборат HAARP каби ноёб илмий объеклардаги тизимлар ёрдамида илмий тадқиқотлар бажарилган. Лекин барча турдаги амалий тадқиқотларда бу каби атмосфера жараёнларини бошқариш ҳозирча имконсиз экани тасдиқланган», — дея таъкидлайди Эркин Абдулаҳатов.
Шунинг учун 2014 йилда АҚШ ҳукумати самарасиз илмий тадқиқот ишлари учун HAARPʼни молиялаштиришни тўлиқ тўхтатди. Объектни ёпиш ва демонтаж қилиш режалаштирилганди. Лекин дунё олимлари ва Аляска Фэрбанкс университети ташаббуси билан комплекс сақлаб қолинди. 2015 йилдан бошлаб, HAARP тўлиқ университет бошқарувига ўтди ва ҳозирда очиқ илмий полигон сифатида фаолият олиб бормоқда. Объектда ўтказилган барча амалиётлар шаффоф очиқланади.
Ионосферани ўрганиш билан фақат АҚШ шуғулланмайди. Совет иттифоқи ионосферани тадқиқ этишда ўз даврининг энг илғор мактабларидан бири бўлган. Нижний Новгород шаҳридаги «Сура» ионосфера тадқиқот объекти Россиянинг машҳур ионосфера полигони ҳисобланади. У HAARPʼникига ўхшаш тамойилларга кўра ишлаган ва кўплаб илмий фаразларни амалиётда қўллаб кўрган.
«Аммо совет мактаби ҳам ионосферага таъсир кўрсатиб, булутлар траекториясини ўзгартириш мумкинлиги билан боғлиқ илмий фактларни тақдим эта олмаган», — дея қайд этади иқлимшунос.
Марказий Осиёда ҳам юқори атмосфера физикаси, радиозондлаш, геомагнит кузатувлар, радиотўлқин тарқалиши бўйича тадқиқотлар ўтказилган. Ҳозирда Ўзбекистонда, Фанлар Академияси ҳузуридаги Сейсмология институти негизида Тошкент вилояти Паркент тумани атрофида ионосфера ва геофизик жараёнларни кузатишга мўлжалланган антенна комплексларидан иборат магнитосфера расадхонаси мавжуд.
«Бу каби объектлар, кўпчилик тасаввур қилганидек, „иқлим қуроли“ эмас. Улар зилзила олди электромагнит ўзгаришларини, ионосфера динамикаси, космик об-ҳаво ва радиосигналлар физикаси каби соҳаларни ўрганиш учун хизмат қилади. Олмаота шаҳрида ҳам шунга ўхшаш илмий объект ишлаб турибди ҳамда магнит бўронини прогноз қилиш учун қимматли маълумотларни қайд этишда амалий аҳамияти жуда юқори бўлиб қолмоқда», — дейди Эркин Абдулаҳатов.
Эрондаги қурғоқчиликнинг асл сабаби нима?
Иқлимшуноснинг таъкидлашича, Эрондаги қурғоқчиликнинг сабаблари «иқлим қуроли» ҳақидаги фитна назарияларидан анча мураккаброқ. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда: глобал иқлим ўзгариши, ҳароратнинг кўтарилиши, буғланишнинг кучайиши, ерости сувларидан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, самарасиз суғориш, аҳоли ва саноатнинг сув захираларига босими ҳамда кўп йиллик ёғингарчилик танқислиги.
«Бу жараёнлар фақат Эронда содир бўлаётгани йўқ. Туркманистоннинг катта қисми, Ўзбекистоннинг шимоли, Қизилқум ва воҳа томонлар ҳамда Тожикистоннинг жанубий вилоятлари худди шундай босим остида қолмоқда. Амударё ва Сирдарё ҳавзасида сув танқислиги кучаймоқда. Музликлар қисқармоқда, ёзги экстремал иссиқликлар ортмоқда. Қишки қор захираси эса кескин ўзгармоқда», — дея таъкидлайди Эркин Абдулаҳатов.
«Бу йил Эроннинг катта қисмида ёғинлар бироз кўпайгани рост. Лекин Эрон ўз пойтахтини айнан сув етишмовчилиги ва қурғоқчилик сабаб кўчиришга интилаётган Теҳронда бу йил қиш-баҳор ойларида у қадар кўп ёғингарчилик кузатилмади. Қуйидаги графикда сўнгги ўнйилликда баҳор ва қиш ойларида умумий ёғин қуввати қандай ўзгараётганини кўриш мумкин. Теҳронда жорий қиш ва баҳордаги умумий ёғинлар сўнгги ўн йилликдаги қурғоқчил мос мавсумларга хос кузатилмоқда. Ҳозирги давр 2019−2020 йиллардаги қиш-баҳор ёки ҳатто 2023−2024 йилдаги қиш-баҳор мавсумларидан ҳам анчайин қуруқ ўтмоқда», — дея тушунтиради иқлимшунос.

Нима учун бу мавсум аввалгисига нисбатан серёғин келди?
2025−2026 қиш-баҳор мавсумида Эрон, Ироқ, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида нисбатан серёғин мавсум кузатилди. Бу, кўпчилик ўйлаганидек, қандайдир «иқлим қуроли» ишламай қолгани билан эмас, яхши ўрганилган табиий атмосфера жараёнлари билан боғлиқ, дейди Эркин Абдулаҳатов.
«Ҳинд океани диполи фазаларининг ўзгариши, Шимолий Атлантика циркуляцияси аномалиялари, атмосфера тўлқинлари ва океан-атмосфера боғлиқлиги — буларнинг барчаси минтақадаги циклонлар траекторияси ва намлик ташилишига бевосита таъсир қилди… Бу йилги серёғинлик ҳам айнан шундай табиий ҳаво айланмалари каби омиллар билан изоҳланади», — дея тушунтиради у.
Бошқача айтганда, минтақадаги ёғингарчилик миқдори ҳаво массаларининг ҳаракатига боғлиқ. Жаҳон океанининг турли қисмларида сув ҳарорати ўзгарганда, босим, шамоллар ва циклонларнинг йўналиши ҳам ўзгаради. Айрим йилларда нам ҳаво оқимлари Марказий Осиё ва Эронни четлаб ўтса, бошқа йилларда, аксинча, бу ҳудудларга кўпроқ ёғин олиб келади.
Иқлимшуноснинг таъкидлашича, серёғин келган мавсум хавф ортда қолганини англатмайди. Аксинча, кейинги йилларда минтақада қурғоқчиликни янада кучайтирувчи омиллар Марказий Осиё ва Эрон атрофида яна қурғоқчил сценарийларни кучайтириши мумкин.
Асосий масала — кимдир булутни «ўғирлаётгани» эмас, балки сувни қандай тежаш
Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, муаммо шундаки, жамият ва ҳатто айрим сиёсий доиралар мураккаб иқлим муаммоларига осон ва «сенсацион» жавоб излайди. Натижада реал стратегиялар орқа планда қолиб кетади.
«Ваҳоланки, XXI асрда асосий масала: кимдир булутни „ўғирлаяптими“ деган баҳс эмас. Асосий масала — сувни қандай тежаймиз? Қишлоқ хўжалигини бунга қандай мослаштирамиз? Қурғоқчиликка чидамли иқтисодиётни қандай қурамиз? Музликлар қисқариши шароитида сув хавфсизлигини қандай сақлаб қоламиз?» — дейди иқлимшунос.
«Иқлим ўзгариши — фитна назарияси эмас. У реал статистикада, гидрологик вазиятларда, музликларда, ҳаво ҳароратида ва қуриб бораётган сув омборларида аллақачон кўриниб турибди. Шунинг учун бугунги дунёда фактларга асосланиб, танқидий фикрлаш шунчаки интеллектуал фазилат эмас. У барчамиз учун тирик қолишнинг асосий механизмидир», — дея хулоса қилади у.